Қуёш барибир чиқаверади

Йўқотилган авлод. Чалажон умид, ниҳоясиз тушкунлик демакдир. Сизни ҳеч бугун умуман ишламаганингиз, ҳисобсиз дақиқаларни пўкак илинжлар йўлида сарф этганингиз қийнайдими? Бевақт улғайганингиз-чи? Доим бола бўлиб қолишни истайсиз, ташвишингизни бировга ортқилаб хотиржам яшамоқчи бўласиз. Биласизми, кимсиз, сиз буюк ялқовсиз! Йўқ, ҳеч муболағасиз мен буюк ялқовман.

Шундай асар ўқидим, унда мактаб бўсағасида турган авлод уруш оловига ташланди. Кўплари нобуд бўлди, қолганлари фожеий қисмат соҳиблари.

Эрнест Ҳеменгуэй буюк ёзувчи, буни мен айтмаяпман, буни кўпчилик таъкидлаган. “Қуёш барибир чиқаверади” (Фиеста) романида умидсиз, фақат бугуни билан яшайдиган ғарб ёшларининг заволи тасвирланган. Бу ҳолга фақат уларгина мубтало, деган фикрдан йироқман. Сен улғайгунча орзулар қиласан. Ақлингни танир-танимас тинимсиз “тақа-тақ”, “тақа-тақ” қатнаётган вагонларга ортишади-да ота-онанг, ёру биродарингдан узоқ, бир-бирини ўлдираётган ва буни нима сабаб, қандай ғоя учун қилаётганини билмайдиган қонли гирдобга улоқтиришади. Қўлингга қурол олиб, “иш” бошлайсан. Сен отмасанг, сени ўлдиришади. Ахир, тириклик кураш демакдир. Омон қайтдинг ҳам дейлик, кейинги ҳаётни қандай кечирасан, “Фиеста” шулар хусусида ҳикоя қилади.

Бир дўстимга асар номини айтиб, термулдим. Э, анов тўрт безори, бир сатанг барма-бар, бирда буқалар жангида, бирда тунги емакхоналарда ширакайф дайдийдиган асарми? — деди. Ҳеч қаршилик билдирмадим. Чунки аввали ўзим ҳам худди шундай тасвирларни ўқидим. Ҳикоя усули шу қадар гўзалки, сизни бирга ўша барлару хилватгоҳларга етаклайди. Чуқурроқ киришганингиз сари бир авлод заволи, ғам–ташвишлар, ичдан емирилиш хусусида эканини англайсиз. Оний лаҳзаларда кул гардидай умр — тоғдай кулфат учун эмаслиги шуурингизда шуьлаланади. Ахир ҳамма яхши яшашни истайди. Тўрт томонингизда бахт деб тимирскиланаётган одамларни кўрасиз ва у даҳшатлар сизга бегона туйилмайди.

— Мен еттита урушда, тўртта революцияда қатнашганман, — деди граф.

— Урушда бўлганмисиз? — сўради Брет.

— Шунақа бўлганди, азизим. Камон ўқидан жароҳатланган баданни кўрганмисизлар? … орқамдан ўқ тешиб чиққан.

— Қойил! Мана буни жароҳат деса бўлади. Сизни қаерда бунақа ғалвир қилишувди?

— Эфиопияда. Ўшанда йигирма бир ёшда эдим.

Умрнинг энг гуллаган палласи, мустақил ҳаёт остонасида турган бир ёшнинг кечирган ҳаёти. Ёмон воқеаларга кўп гувоҳ бўлган одам, энг кичик ижобий ҳодисадан ҳам завқланади. Истасангиз ўзингизда синанг, тинмай уруш хусусидаги асарларни ўқингда, тонг саҳарда эриниб қизараётган қуёшга боқиб, кўкрагингизни тўлдириб ҳаво ютинг. Ҳаёт кўзингизга шундай гўзал кўринадики… Фақат шу хулоса билан қолиб кетмасдан яна ўқишга мук тушинг. Чунки сиз кун хулосасини эмас, йил балки аср хулосасини қораларсиз. Бунинг учун эса, бугун ҳам уруш ўчоқларида кул бўлаётган “гуллар”, жажжи нигоҳига ғам кўланка ташлаган болалар, айби нелигини англаб етмай дайди ўқдан қулаётган эрлар сайёрада бисёрлигини ўйланг.

Авлод ўтади, авлодлар келади, ер эса боқий қолаверади. Қуёш чиқади, қуёш ботади, у яна чиқадиган макони сари ошиқади. Шамол жанубга шошади, шимолга ҳам ўтади, йўлларда гирдоб билан елади, яна ўз канорасига қайтади. Дарёларнинг ҳаммаси денгизга оқади, лекин денгиз тўлиб-тошиб кетмайди; дарёлар оқа бошлаган жойларига яна оққани қайтиб келадилар.

Бундан орттириб бир нима дейишга тиришмайман. Қуёш барибир чиқаверади!

Нодирабегим ЖАМОЛОВА

Fikr bildirish