“Жарга қуламоқдамиз!” (Ҳажвий Ҳикоя)

Азиз Несин

Қаҳвахонадан тарсаки овози эшитилди. Стол атрофида нарда, домино, қарта ўйнаб ўтирган, суҳбатга берилиб кетган мижозларнинг уни бирдан ўчиб, ҳамма овоз чиққан томонга ўгирилди. Тарсаки еган киши гавдали эди. Шапалоқ туширган эса, унинг тамоман акси — бўйи пакана, қилтириқ одам. Ҳалиги барзангининг чап ёноғида тарсакидан қолган бармоқ излари билиниб турарди. Ҳамма жабрланган киши тарсаки туширганни оёқлари остига олиб, эзғилаб ташлайди, деб ўйлаб турганди. Аммо ундай бўлмади.

— Шошмай тур, устингдан бир шикоят қилмасамми, — дўқ қилиб кетди барзанги одам. Лекин атрофдагилардан садо чиқмасди. Бироздан сўнг тар­са­ки еган одам ўтирганларга қараб:

— Ҳамма кўрди-а, гувоҳсизлар, — деди ва бўйи елкасидан ҳам келмайдиган қилтириқ одамга қараб жаҳл билан: “Юр, полиция маҳ­ка­масига борамиз!” — деб ўшқирди.

Шапалоқ тортган одам: “Бор-э, сен би­лан пачакилашиб ўтиришга вақтим йўқ…” дегандек қўл сил­тади. Унинг бу ҳаракатидан баттар жаҳли чиққан гавдали киши: “Ана энди мендан кўрасан!” — деб ташқарига отилди. Қаҳвахонадагилар яна ўйин ва суҳбатга киришиб кетди. Кўп ўтмай гавдали одам ёнида бир полициячи билан қаҳва­хонага кириб келди ва қулоқ чаккасига туширган кимсани кўрсатиб:

— Мана, мана шу менга тарсаки тортди! — деди важоҳати жўшиб. Сўнгра ўтирганларга ишора қилиб: — Ҳаммаси кўрди, — деди.

Полициячи “зўравон” қилтириқ одам ва ўша жойга яқин ўтирган тўрт нафар мижозни гувоҳ сифатида маҳкамага олиб кет­ди. Жабрланувчи зарбдан ловиллаб турган чап ёноғини кўрсатиб:

— Жаноб комиссар, шикоятимни қабул қилишингизни сўрайман. Менга тарсаки туширган одам мана шу! Булар гувоҳ, ҳаммасини кўрди, — деди.

Комиссар аввал устидан шикоят тушган одамни, ундан сўнг жабрланувчи ва гувоҳларнинг исмларини баённомага қайд этди.

Жабрдийда уни урган одамни умуман танимаслигини, гувоҳлар эса, ҳеч нарса кўрмаганини айтди.

Жабрланувчи уларга қараб:

—            Наҳотки тарсаки овозини эшитмадингиз? — деди ҳайратланиб.

Гувоҳлар на бирор нарса кўрган, на эшитган бўлиб чиқди. Ниҳоят, қилтириқ одам айбига иқрор бўлиб:

—        Тўғри, инкор этмайман. Ростдан ҳам мен бу одамга шапалоқ туширдим, — деди.

Комиссар:

— Нима учун? Хусуматингиз бормиди? Сизни ҳақорат қилдими?, — деб сўради.

— Ҳеч қандай хусуматим йўқ. Уни деярли танимайман.

— Унда нима сабабдан тарсаки туширдингиз?

Паст бўйли қилтириқ одам вазиятни тушунтиришга киришди:

— Кеча кечқурун ишдан қайтсам, чироқни ўчириб кетишибди. Пули тўланмаган экан. Тунни қоронғи уйда ўтказдик. Кечаси билан ухлолмадим. Жаноб комиссар, онам икки йилдан бери хаста. Ошқозон оғриғи қийнайди бечорани. Шифокор қандайдир дори ёзиб берар, ўша дорини ичган заҳоти оғриқ босиларди. Аммо ҳозир дорига пул қаёқда!

Устига-устак, эрталаб ўрнимдан турай десам, чап ёнимни кўтара олмайман, денг. Ётоқхонамизнинг ойнаси синганига уч ой бўлди, ойна топа ол­ма­япмиз. Дўконларда йўқ, келмаётган эмиш. Деразага чойшаб тутиб қўйдик, фойдаси бўлмаяпти. Уйнинг ичи ташқаридан ҳам совуқ, саҳаргача музлаб қолишингиз ҳеч гап эмас. Хуллас, чап ёнимни базўр кўтариб, ўрнимдан турдим. Узр, аммо ҳожатхонага бор­сам, у ерда сув йўқ. Ташқарида шариллаб ёмғир ёғяпти, жўмракни очсам бир томчи ҳам сув келмайди, лаънати. Хонага кирдим. Совуқ­дан дир-дир титраймиз. Кўмир олайлик десак, талон беришмаяпти. Озгина ўтинимиз бор эди, энди у ҳам тугаб қолди.

Почтачи кечаги газетани ташлаб кетибди. Ҳар куни эрталаб ишга кетишдан олдин газета ўқийман. ­Нашрни қўлимга олдим: “Гўзаллик беллашуви”, “Галатасарой лига чемпиони бўлди”, “Божхонада қолган 300 тонна қаҳва нима бўлади?”, “Абидин Давер” кемаси тура-тура чириб кетди” каби сарлавҳалар. Сиқилиб кетдим. Ташқарига энди чиқай десам, эшик олдида суд ижрочиси ва адвокат турган экан. Ижара пулини тўламаганимиз учун уй эгаси бизни судга берибди. Хонадонимиздан мусодара қилишга ар­зи­гулик бирон нарса топилмади. Суд ижрочиси ва мусодара идораси хизматчилари қайтиб келишини сира истамайман. Чун­ки қўлга илингулик нарса топилмагандан кейин, яна хижолат бўлишимга тўғри келади.

Ҳалигилар диванни олиб кетамиз, деб туриб олди. Биттаси уни тортмоқчи бўлган эди, қанддан бўшаган қутиларга тахлаб қўйилган эски-туски шим-иштонлар, латта-путталар, йиртиқ кўрпалар устига йиқилиб кетди. Шундан кейин адвокат радиони кўриб, унга ёпиша кетди. Кошки шу матоҳдан тезроқ қутулсам… Бир йилда ўн ой устахонада, таъмирда. Топган пулим шу радионинг таъмирига кетаяпти. Зотан бизни шу кўйга солган ана ўша радио эмасми?..

Эшикдан чиқаётсам хотиним:

—  Қизингиз мактабга бормаяпти, — деб қолди.

Сабабини сўрасам, жисмоний тарбия ўқитувчиси калта иштон билан оқ резина пойабзал кийиб келишини талаб қилаётган экан. Йўқса дарсга қўймас эмиш.

— Бўпти, тушунарли, — дедим аччиқланиб.

—  Зайтун ёғи ҳам қолмаган, — қўшиб қўйди рафиқам.

Чопиб кўчага чиқдим. Ишга кеч қолиб бўлган эдим. “Бунақада бугун ҳам боролмайдиганга ўхшайман чоғи”, — дедим ўзимга-ўзим. Ёмғир шаррос ёғарди. Уйи­миз олдидан ўтадиган трамвай йўлини ҳам бузиб ташлашган. Автобус ярим соатда бир ўтгани учун жуда тирбанд бўлиб кетади, чиқиб олиш осон эмас. Йўналиш таксилари кўп қатнайди, лекин ҳеч бири тўхтамайди. Енгил машиналарни-ку, асти қўяверинг. Ёмғир челак­лаб қуйгандек. Оёқ кийимингиз бирпасда сувга тўлади. Устим шалаббо, совуқдан дир-дир титрайман. Бир ёш йигит ёнимга келиб: “Кечирасиз, амаки”, — деди. Соат нечалигини сўраса керак, деб ўйладим. У эса: “Кечаги ўйин натижасидан хабарингиз борми?” — деса бўладими. “Тавба, топган гапини қаранг-а”, — дея йўлимда давом эт­дим. Нарироқда бир қаҳвахона учради. Ўша ерга кир­дим. Уст-бошимдан сув оқарди. Қаҳвахоначига: “Чойингдан қуй!” — дедим. Ёнимда ҳалиги мен тарсаки тортган киши газета ўқиб ўтирар эди.

Нималар бўлаяпти ўзи?! Қаёққа қараб кетяпмиз, охири қаергача етиб борар эканмиз, деб ўзимча хаёл суриб ўтирганимда, бу одам жаҳл билан қўлидаги газетани улоқтириб:

— Мамлакат жарликка қулаш арафасида! — деб бақирди.

Дардимиз бир экан. Иккимиз бир гурунглашамиз, деган умидда унга юзландим:

— Тинчликми, ошна? Узр, бировнинг ишига аралашиш ях­ши­мас-ку, аммо нимадан бунчалик ғазабланаётганингизни билмоқчи эдим, — де­дим. У жаҳлидан тушмай:

— Яна нима бўлиши керак, мамлакатда тузукроқ ҳакам қолмади! Кечаги ўйинда ҳакам яна тарафкашлик қилди, — деди.

Шундан кейин мени нима жин урганини ўзим ҳам билмай қолдим, комиссар жаноблари. Ҳаётимда биронта инсонни чертган эмасман. Ҳуд­ди ток ургандек сапчиб туриб, ўнг қўлим билан унинг юзига тарсаки тортиб юборибман. Инкор қилмайман — айб­дорман. Аммо бундай бўлишини сира истамагандим, ҳаммаси кутилмаганда юз берди. Унга ҳеч қандай хусуматим йўқ эди. Ўзим­ни назорат қилолмай қолдим. Эс-ҳушимни йиғиб олгач, бу одам ҳозир мени нимталаб ташлайди, деб қўрқдим. Нима бўл­са бўлди энди… Раббим шу ўнг қўлимга паҳлавон Рустам­нинг қудратини бериб, бу одамнинг юзига тарсаки тортиб юборган эдим.

Комиссар шапалоқ еган кишига қаради. У тишларини ғичир­ла­тиб, ўзини худди важоҳати жўшиб, ўрнидан турмоқчи бўлгандек қилиб кўрсатди. Ўнг қўлининг кафтини қашиб туриб, гавдали жабр­ла­нувчига қараб:

— Бўлди, етар, ярашинглар! — деди комиссар.

Жабрдийда эса:

— Ярашмайман! — деб туриб олди.

Жаҳли чиққан комиссар ёзув машинкасида баённома расмийлаштириб ўтирган полициячига қараб: “Ёз!”, — деб буйруқ берди ва давом этди:

— Даъвогар “Мамлакат жарликка қулаш арафасида туриб­ди”, деб давлат сиёсатига қарши чиқди…

Шундай дея яна даъвогарга юзлан­ди:

— Ярашасанми, ё..?

Гавдали жабрланувчи еган тарсакисининг изи ҳали ҳам кетмаган чап ёноғини сийпалаб ерга қараганча:

— Бўпти, майли, ярашсам ярашақолай, — деди.

Fikr bildirish