Очиқ маълумотлардан фойдали ишланмалар

Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида очиқ маълумотлар асосида веб-иловалар яратиш бўйича “Open Data Challenge” хакатони ўтказилди.

Лойиҳа анъанавий ҳисобланиб, жорий йилда Ўзбекис­тон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, БМТ Тараққиёт дас­турининг юртимиздаги ваколатхонаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, “Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш маркази ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида амалга оширилди.

Мусобақа иштирокчилари — жами 400 нафардан зиёд йигит-қиз уч кун давомида очиқ маълумотлар портали — data.gov.uz, шунингдек, мамлакатимиз давлат органлари ҳамда хусусий сектор вакилларининг веб-сайтларида жойлаштирилган маълумотлардан фойдаланиб ижтимоий аҳамиятга эга дастурий таъминот ёки бирон инновацион хизмат турини яратишга уриниб кўрди.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг биринчи ўринбосари Олимжон Умаров “Open Data Challenge” танловида қатнашиш истагини билдирган йигит-қизлар салмоғи ўтган йилгига қараганда икки ҳисса кўпайганини қайд этди. Аввалги хакатонда ёш дастурчилар жисмоний шахслар ва тадбиркорлик субъектлари учун фойдали иловалар ишлаб чиққан эди.

БМТ резидент-координатори Хелена Фрейзернинг айтишича, ҳукумат идоралари фаолиятига доир маълумотларнинг виртуал маконда очиқ ҳолда бўлиши аҳолига қулайлик туғдириш баробарида мазкур тузилмаларга бўлган ишончни, қолаверса, жамият бошқарувида инклюзивликни таъминлаш имконини ҳам оширади. 2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш дастурида бунга алоҳида эътибор қаратилгани бежиз эмас. Айни мақсад 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ҳам ўз ифодасини топди.

“Open Data Challenge” хакатони икки босқичда ўтказилди. Даст­лаб 30 ноябрдан 1 декабрга қадар иштирокчилар рўйхатга олинди. Сўнгра улар учун маҳорат дарслари ва ўқув-семинарлари олиб борилди. Мазкур жараёнда ёшлар малакали мутахассислардан веб-дизайн асослари, жамоани шакллантириш, Python дастурлаш тили асосида маълумотларни таҳлил этиш, Lean Startup ва Customer Development методологияси, блокчейн ва бошқа йўналишлар бўйича сабоқ олди.

Кейинги икки кун лойиҳалар яратишга сарфланди.

Малакали ҳакамлар ҳайъати ишланмаларни ўрганиб чиқиб, энг яхши ижтимоий, бизнес ҳамда инновацион лойиҳалар муаллифларини аниқлади. Ғолиблар 15 декабрь куни тақдирланади.

Роҳатой ҚОДИРОВА

2 thoughts on “Очиқ маълумотлардан фойдали ишланмалар

Fikr bildirish