Армиямиз ўзгармоқда

Ёшлар пресс-клубининг миллий армиямиз фаолиятига бағишланган навбатдаги сессияси бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 26 йиллиги муносабати билан ўтказилган анжуманда Мудофаа ва Ички ишлар вазирликлари, Миллий хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия вакиллари, ҳарбий таълим муассасалари ўқитувчи ва курсантлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Очиқ мулоқотда мамлакатимизда мудофаа тизимининг ҳарбий-жанговар ҳолати, аскар ва офицерларнинг маънавий, руҳий тайёргарлигига қаратилаётган эътибор хусусида сўз юритилди.

Таъкидланганидек, ўтган бир йил мобайнида Қуролли Кучлар бирлашмаларининг вазифа ва тузилмалари қайта кўриб чиқилди. Миллий гвардия шакллантирилиб, Мудофаа саноати бўйича давлат қўмитаси ташкил этилди. Соҳада етук ҳарбий кадрларни тайёрлаш, уларнинг билим ва кўникмаларини янада мустаҳкамлаш мақсадида Қуролли Кучлар академиясининг фаолияти тубдан ўзгартирилди.

Ҳарбий хизматчиларнинг ижтимоий ҳимоясига ҳам эътибор янада кучайтирилди. Бугунги кунда улар замонавий уй-жой билан таъминланмоқда, фарзанд­ларининг сифатли таълим олиши учун барча шароитлар яратиб берилган.

Тадбирда 2017 йил 14 ноябр­да Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги билан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ўртасида имзоланган ўзаро анг­лашув меморандуми ватанпарвар ёшларни тарбиялаш борасидаги ишларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилиши қайд этилди.

Сессия давомида “Темурбеклар мактаби”га қабул жараёни, “Мард ўғлон” мукофоти ҳақида батафсил маълумот берилди.

Анжуманда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди.

Шаҳноза НУРУЛЛАЕВА

Fikr bildirish