Изтироб

Автобус тирбанд. Мен ўтирган ўриндиқ дастасидан маҳкам ушлаб олган аёлнинг қўлидаги соатга кўзим тушдию, юрагим “шув” этди. Анча эскириб қолган, шишаси ҳам “тўкилай” деб турибди… Таниш, жуда таниш соат… Эгасига қарашга юрагим дов бермади. Ниҳоят, аста назар солдим. Сочларига оқ оралаган бу аёлнинг нигоҳи ҳамон ўша-ўша — сўлғин ва мунгли.

***

5-синфда ўқиб юрганимизда синфимизга янги ўқувчи келди. Исми Барно экан. Ҳеч кимга қўшилмайдиган бу одамови қиз билан узоқ вақтгача киришиб кетолмадик. Дарсларда иштироки ўзига яраша. Устозлар танбеҳ берса, “чурқ” этмай, ичига ютарди. Доимо хаёлчан юрадиган Барнонинг кўнглига қўл солишга кўп бора уринганман. Аммо у сохтагина табассум қиларди, холос.

Кунларнинг бирида Барно мени имлаб ёнига чақирди. Қулоғимга шивирлаб, сумкасидаги соатни қўлига тақиб қўйишимни илтимос қилди. Шишаси яшил тусда товланадиган соат ниҳоятда чиройли эди.

— Бунча ажойиб, ким совға қилди, ўртоқжон? — дедим кўзларим ёниб.

— Бу соат мен учун жудаям қадрли. Тақиб олсам, ҳеч ким индамайдими? — сўради у оҳиста.

— Билмадим, — дедим елка қисиб ва яна қўшиб қўйдим, — шунчалар қадрли экан, кел, тақиб қўяман.

Бизни айрим синфдошлар кузатиб турган эканми: “Ие, писмиғойимдан садо чиқди-ку! Қани, нимани беркитяпсизлар?” — деб ёпирилиб келишди бирдан. Шаддод Султонгул қўлимдаги соатни юлиб олиб: “Буни қаранглар, ойимчанинг соати бор экан, вой-бў ялтирашини-чи”, — дея жар сола бошлади. Ке­йин соатни нарироқда иржайиб ўтирган Жавлонга ирғитди. Жавлон бошқасига… Кутилмаганда соат партанинг қиррасига “чирқ” этиб тегди. Барно ўрнидан сапчиб туриб, шишаси дарз кетган соатни дарров қўлига олди-да, полга чўкканича ҳўнграб йиғлай бошлади

— Ойим, ойижонимдан қолган ёдгорлик эди бу! — дерди у такрор-такрор.

Шу-шу биз билан бор-йўғи беш ой бир синф­да ўқиган Барнони қайтиб кўрмадик. Ҳатто қайси мактабга ўтиб кетганини билмасдик. Йиллар давомида шу воқеани эслаганда, барчамиз хижолат тортардик. Айрим синф­дошлар, айниқса, Султонгул ҳалигача ўзини айбдор ҳис қилади. Мен эса, ўшанда Барнонинг қўлига соатини тақишга улгуролмаганимдан изтиробда эдим.

***

Автобус бекатда тўхтагач, чеҳраси таниш аёлнинг ортидан эргашдим.

— Барно!— дедим шаҳд билан. У орқасига ўгирилди.

— Адашмадимми?..

Аёл менга узоқ тикилиб турди-да, маъсумона кулимсиради. Кейин илиқлик билан қўл узатди. Кўзларимизда ёш қалқди. Юрагимизда аллақандай изтироб бор. Беихтиёр иккимиз ҳам соатга термулдик. Унсиз сўзлашардик, гўё.

Лайло ҲАЙИТОВА

 

Fikr bildirish