Инновацион келажак бугундан бошланади

2018 йилдан Ўзбекистон инновацион келажакни барпо этишга киришади. Бу ҳақда Президентимиз Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида маълум қилганди. Мантиқ тушунарли — дунёда локомотив бўлишимиз учун бизга инновациялар керак. Кейинги супер вазифа инновацион фикрлайдиган авлодни тарбиялашдан иборат. Ҳар икки жараён қандай амалга оширилиши хусусида Ўзбекистон Республикасининг Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмоновдан билиб олдик*.

Иброҳим Йўлчиевич, авваламбор, куни-кеча Ўзбекистон Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси этиб тайинланганингиз билан таҳририят номидан сизни муборакбод этаман. Янги йилингиз қутлуғ келсин.

— Раҳмат. “Yoshlar ovozi” газетасининг ижодий жамоаси ва муштарийларига ҳам байрам муборак бўлсин!

— Ташаккур. Суҳбатни асосий саволдан бошласам: инновацион эртамиз қандай бўлади?

— Лўнда қилиб жавоб бериш қийин. Аслида ҳаммаси ҳаракатимиз, шашту шижоатимизга боғлиқ. Бир жойда қотиб қолмасликни, ривожланишни, атрофида нималардир ўзгариб туришини хоҳлаган инсон, қўйингки, мамлакат ҳам бугуни билан қаноатланмасдан эртанги кунини ўйлаши керак. Алломаю мутафаккир аждодларимиз мазкур тамойил асосида яшагани учун ҳам буюк ишлар қила олди. Лекин хоҳиш-истакнинг ўзи кифоя эмас — ҳаракат бўлмаса, натижа чиқмайди. Президентимиз худди шу позициядан туриб инновацияни келажак, дея атади. Ҳақ гап. Нима учунлигини тушунтириб берай.

Инновация ҳаётни ўзгартира оладиган, ҳар куни ҳар қайси жабҳага янгилик киритиш, уни қайта-қайта яхшилаш мумкинлигини кўрсатадиган нарса. Фақат битта лекини бор. Исталган инновацион ғоя ёки ишланма бошида қиммат туради ва маълум вақт ўтгачгина иқтисодий самара бера бошлайди. Мана шунга тайёр туриш керак. Афсуски, ҳозир аксарият амалдорлар, ишлаб чиқарувчилар, қўйингки, айрим тадбиркорларимиз ҳам фаолиятига инновациялар олиб киришдан манфаатдор эмас. Чунки харажати бор: елиб-югуриш керак, ҳаловатинг йўқолади. Улар бугунги кун билан яшаяпти, холос. Бундан эса, давлат ва халқ зиён кўрмоқда. Мисол учун, энергетика тармоғида ресурс тежамкор, ортиқча йўқотишларни бартараф этувчи технологиялар жорий қилинса, истеъмолчи учун электр энергиясининг нархи айтайлик юз сўм ўрнига бир сўмга айланади. Демак, фойда қиламиз. Лекин ундан аввал ўша инновацияни тармоққа кирита олиш керак.

— Хўш, тўсиқ борми?

Бор! Ҳатто бир нечта. Дастлабкисини айтиб ўтдим: бизда харажатдан қочиш тенденцияси шаклланган. Мазкур стереотипни барбод қилиш фурсати етди. Кейинги жиддий муаммо инновациянинг қийматини белгилаш билан боғлиқ. Мамлакатимизда бу ишни бажарадиган мутахассислар, хизматлар йўқ. Чунки Ўзбекистоннинг биронта ҳам олий таълим муассасасида инновацион менежмент ўқитилмайди. Энди тасаввур қилайлик, мен узумнинг совуққа чидамли навини яратдим. Ишланма зўр, патентланган. Аммо у ҳали лаборатория намунаси, синовдан ўтказилиб, стандартлаштирилмаган: нарх-навоси, хавфсизлик талабларига жавоб берадими-йўқми номаълум ва ҳоказо. Шунинг учун озиқ-ов­қат саноати корхоналари ундан фойдаланолмайди. Инновацияни ишлаб чиқариш талаби даражасида синовдан ўтказиб, иқтисодий баҳолаб, стандартлаш ва сертификатлашни тадқиқотчи, афсуски, уддалолмайди. Сабаби у тизимни тушунмайди. Ишлаб чиқарувчининг эса, бунга вақти ҳам, иштиёқи ҳам йўқ. Кўряпсизми, занжирда узилиш юзага келган, айрим оралиқ бўғинлар жойида эмас.

Илгари саноат корхоналари тасарруфида стандартлаш билан шуғулланувчи тармоқ институтлари бор эди. Етарлича молиялаштирилмагани туфайли кўпи ёпилди, сақланиб қолганлари эса, “ўлик” аҳволда. Ҳаммасини тиклаймиз. Бу — бир. Иккинчидан, жорий йилдан бошлаб тажриба-синов тариқасида айрим илмий-тадқиқот инс­титутлари қошида инновациялар татбиғи билан шуғулланадиган махсус марказ (extantion service)лар ташкил қилинади. Уларнинг асосий вазифаси академик ишланмаларни амалиётга жорий этишдан иборат. Олимлар бўлса, ортиқча ташвишлардан қутулиб, фақат илм билан шуғулланади. Бутун дунёда шундай.

Очиғини айтаман: мамлакатимизда новаторлар кўп, бироқ Ўзбекистон илм-фани барибир ҳамма масалани ҳал этиб беролмайди. Шу маънода, дунёдаги инновациялардан юз ўгирмаслик керак. Маҳаллийлаштиришга берилиб кетсак, баъзи жиҳатдан ютқазиб қўямиз. Ахир, хорижий технология ҳам арзонга тушиши мумкин-ку. Импорт қилайлик, фақат ўзимизнинг мутахассислар ўша инновацияни экспертизадан ўтказиш салоҳиятига эга бўлсин. Ҳозир мазкур йўналишда иш олиб боряпмиз.

Яшириб нима қилдик, айни вақтда коррупция ҳам оёғимиздан чалмоқда. Мамлакатимизга ўз инновацияси ёки инвестициясини киритмоқчи бўлган хорижий компания дарҳол порахўр амалдорлар тузоғига илинади. Турли давлат идоралари уни “шила” бошлайди, улуш сўрайди. Охири, тадбиркор бундай муносабатдан безиб, жуфтакни ростлаб юборади. Шу каби хунук ҳолатларга чек қўйиш мақсадида вазирлигимиз республикага олиб келинаётган инновация ва янги технологияларга баҳо беради, уларнинг тармоққа самарали жорий қилинишида кўмаклашади, ҳатто мазкур жараённи молиялаштиришга ҳам тайёр. Барча тўсиқларни бартараф этишга астойдил бел боғлаганмиз. Зарурат туғилса, қонунчиликка ўзгартиришлар киритилади.

Яна бир муаммо шуки, юртимизда инновациялар яратаётган олимлар, стартаперлар тарқоқ. Уларнинг бошини қовуштирадиган яхлит тузилма йўқ. Аксарият илмий ғоя ва лойиҳалар шахсий ташаббуслигича қолиб кетяпти.

— Нега энди, ахир, мутасадди ташкилотлар мамлакатимиз олимларининг кўпдан-кўп инновацион ишланмалари амалиётга жорий этилаётгани ҳақида тинмай ҳисобот бериб келяпти-ку?

— Тўғри, жорий этилаётганлари бор. Лекин жуда оз.

— Сабаб?

— Юқорида айтиб ўтдим — оралиқ бўғинлар йўқ. Шунинг учун тадқиқотчи асосий фаолиятидан чалғиб, дунё фани даражасида тажрибалар қўйиш ўрнига ихтиросига харидор топишга мажбур бўлмоқда.

Умуман олганда, ҳозир илм-фанимиз анча жиддий ислоҳотларга муҳтож. Биз ўтган асрнинг 80–90-йилларида қолиб кетдик. Шу боис жаҳон рейтингида тобора пастлаб боряпмиз. Муаммони зудлик билан ҳал этиш керак. Ҳукумат томонидан амалий ҳаракатлар бошланган. 2017 йилнинг 1 ноябрида Президентимиз “Илмий-тадқиқот муассасаларининг инфратузилмасини янада мустаҳкамлаш ва инновацион фаолиятни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни қабул қилди. Энди олимларга давлат бюджети ҳисобидан маош тўланяпти. Ҳар бир илмий муассасанинг тузилмаси қайтадан кўриб чиқилмоқда. Эскирган йўналишлар ёпилиб, мутлақо янги, замонавий лабораториялар очилади. Грантлар тизимида ҳам ўзгаришлар қиламиз. Бундан буён илмий-инновацион лойиҳалар учун танловлар ҳар икки, уч ёки беш йилда эмас, балки эҳтиёждан келиб чиқиб мунтазам эълон қилинади. Жараённи бошдан-охиригача онлайн форматда, яъни шаффоф тарзда ташкил қилиш кўзланган. Лойиҳалар албатта экспертизадан ўтказилади, боз устига, эксперт қўйган баҳосини очиқ тизимда асослаб бериши керак. Муҳими, грант муаллифига камчиликлари устида ишлашга имкон яратилади.

— Юртимизда ноу-хау ҳамда инновацияларни биринчи навбатда жорий этишни талаб қилувчи соҳа ва йўналишлар аниқландими?

— Эътибор марказида, авваламбор, нано ва биотехнологиялар, энергетика, таълим, соғлиқни сақлаш соҳалари турибди. Лекин устувор йўналишлар ҳаммаси бўлиб олтита. Масалан, давлат ва жамият қурилиши бўйича олдимизда биринчи галда ҳар бир вазирликни инновацион ҳолатга ўтказиш вазифаси турибди.

Иқтисодиётнинг реал сектори, яъни барча ишлаб чиқариш корхоналари ҳам қайтадан ислоҳ қилинади. Баъзилари тугатилиши ва аксинча, янгилари ташкил қилиниши мумкин.

Табиатни муҳофаза қилиш масаласи яна бир устувор йўналишдир. Беҳисоб табиий ресурсларга эгамиз. Ҳеч шубҳасиз, улардан оқилона фойдаланиш зарур. Гап яна инновацияларга бориб тақалмоқда.

— 2018 йил якунигача қандай натижага эришамиз?

— Ўзбекистондаги ҳар қайси соҳа ва тармоқнинг илмий-инновацион салоҳиятини ўрганиб чиққан ҳолда “Йўл харитаси”ни тузишга киришдик. Чунки ислоҳотни бошлашдан аввал амалдаги ҳолат қандайлиги, аслида салоҳият неча фоиз бўлиши керак эдию қанчага торта олишини аниқлаш зарур. Бу иш йил охиригача бажарилади.

Давлатнинг инновацион ривожланиш даражасини кўрсатиб турадиган “дунё инновацион индекси” мавжуд. Ўша тизимга қўшилишимиз керак. 2020 йилгача 70 поғонага чиқишни режалаштиряпмиз.

Жорий йилда, шунингдек, айрим илмий муассасаларда инновациялар татбиғи билан шуғулланувчи марказлар фаолияти йўлга қўйилади Аввалига 100 га яқин патентни саралаб, қийматини баҳолашни ва амалиётга татбиқ этишни мўлжаллаб турибмиз.

Айтилганларнинг бари олдимиздаги вазифалар, холос. Лекин мақсад бошқа — эртага ўрнимизга келадиган ёш авлодни инновацион қилиб тарбиялашимиз зарур. Ҳозирданоқ фарзандларимизга ностандарт фикрлашни ўргатмасак, инновацион ривожланиш ҳақидаги ўйлар хомхаёллигича қолиб кетаверади. Бунинг учун таълимнинг барча бўғинларида махсус ўқув дастурлари жорий қилиниши, танловлар, лекция, семинарлар ўтказилиши лозим. Инновацион менежмент, инновацион инжиниринг ҳақидаги тушунча ва кўникмаларни мутахассисларимиз эгаллаши шарт. Шундагина жамиятда инновацион фаоллик пайдо бўлади.

Наргиза УМАРОВА суҳбатлашди.    

Fikr bildirish