Ишониш қийин, аммо…

Тадбиркор — элга мададкор, дейдилар. Шу ҳикматнинг тасдиғи эса, бугунги кунимиздир.

Халқимиз “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”ни катта шодиёна билан қарши олди. Энди юртимизда тадбиркорлик бар­авж ривожланиши, ишбилармонлар янада эмин-эркин бўлишига шубҳа йўқ.

Янги йилнинг илк кунида Абдураҳмон Мўминов раҳбарлик қилаётган “Кармана агро” хусусий корхонаси фаолияти билан яқиндан танишдик.

Тенгдошимиз ишнинг кўзини биладиганлардан — Кореядан янги технологияни олиб келиб, уч гектар майдонда замонавий иссиқхона барпо этган. Мезбон иссиқхона фаолияти тўғрисида бафуржа сўзлаб берди. Буни қарангки, ёш фермер помидор кўчатларини пальма дарахти пўстлоғи устидан экиб, уларни томчилатиб суғорар экан. Ишониш қийин, аммо айтаётганимиз айни ҳақиқат! Ўзаро суҳбат давомида Абдураҳмон тажрибасини бошқа ёшларга ҳам ўргатишга тайёр эканини айтди.

Карманалик яна бир дўстимиз Ўткирбек Муродов “Кармана холдинг” корхонасини бош­қаряпти. Бу ерда ишлаб чиқарилаётган эшик-ром ва плинтусларнинг бозори чаққон бўлгани боис, тез орада Ўткирбек бизнесини кенгайтириб, қўшимча иш ўринларини яратишни режалаштирган.

Энди иккала тадбиркор ҳам Ўзбекистон ёшлар иттифоқи сафида. Яқинда ташкилотнинг туман кенгаши томонидан уларга аъзолик гувоҳномалари топширилди.

Сардор БЕКЖОНОВ

Fikr bildirish