Номида битта ҳарф ўзгарган — “Джек” ўрнига “Джак” деб ёзиб қўйилибди

— Аммаси қизимга Янги йил совғаси сифатида ширинликлар олиб келди. Пакет ичидан менга таниши чиқиб қолди. Аввалига ўша ўзим билган хорижнинг шоколадли вафлиси, деб ўйладим. Кейин яхшироқ назар солдим. Номида битта ҳарф ўзгарган — “Джек” ўрнига “Джак” деб ёзиб қўйилибди. Дизайни эса, ўша-ўша. Қадоғининг рангида озгина фарқ бор, холос. Ҳайрон қолдим. Кўзим “алданибди”-я! Наҳотки, тадбиркорларнинг шундай ғирромлик қилишига қонун йўл қўйиб берса?!

Дилфуза МАВЛОНОВА

Тошкент шаҳри  

 

Саволга Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги саноат намуналарининг давлат илмий-техник экспертизаси ва товар белгиларининг экпертизаси бўлими бошлиғи Дилмурод Шерматов жавоб беради:

— Исталган маҳсулот ёки хизмат ўз товар белгиларига эга бўлишини ҳамма яхши билади. Уларга қўйиладиган талаб ва мезонлар 2001 йилнинг 30 августида қабул қилинган “Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунида аниқ кўрсатилган.

Савол эгасининг эътирози жуда ўринли ва юз фоиз ҳаққонийдир. Бироқ, гап шундаки, маҳсулот ишлаб чиқараётган тадбиркор товар белгисини давлат рўйхатидан ўтказиши шарт эмас. Мазкур амалиёт бутун дунёда, шу жумладан, юртимизда ҳам ихтиёрий ҳисобланади. Борди-ю, ишлаб чиқарувчи товар белгисини рўйхатдан ўтказмоқчи бўлса, соҳадаги ваколатли давлат органи — Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигига талабнома тақдим этиши керак. Биз товар белгисини экспертизадан ўтказиб, тегишли хулоса чиқарамиз.

2009 йил 29 июлда Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланган “Товар белгиси ва хизмат кўрсатиш белгисини рўйхатдан ўтказиш учун талабнома тузиш, топшириш ва кўриб чиқиш қоидалари”нинг 106-113 бандларига кўра, бир товар белгиси фонетик ёки дизайн жиҳатдан иккинчиси билан адаштириб юбориш даражасида бир хил ёки унга айнан ўхшаш бўлса, давлат рўйхатидан ўтказилмайди. Шу мазмундаги норма юқорида тилга олинган қонуннинг 10-моддаси 13-бандида ҳам мавжуд.

Сиз келтирган мисолда шоколадли вафлининг номида фақат бир ҳарф ўзгарган (суратларга қаранг). Демак, фонетик ўхшашлик бор. Қолаверса, ёрлиқнинг умумий кўриниши: сурат, нақш, ранг, ҳатто болакай қўлидаги мусиқали асбоб ҳам аслидагидан деярли фарқланмайди. Бундан чиқди, товар белгисига нисбатан эгалик ҳуқуқи бузилган.

Интеллектуал мулк объектлари, хусусан товар белгиларидан фойдаланиш билан боғлиқ низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда суд орқали ҳал этилади. Агар суд даъвони қаноатлантирса, ноҳалол рақобатчи шу муддатгача ишлаб чиқарган барча маҳсулотларни истеъмолдан чиқариб, ёрлиқларини йўқ қилиб юбориши шарт.

 

Fikr bildirish