Ой охирида (Мактаб ўқувчисининг хотира дафтаридан)

Тавба, нимага энди бу нарсаларни ўйлаяпман? Бу кеча ўша аччиқ хотираларни ёдимга солган нарса нима ўзи?..

Ҳозир хонамдаман. Бошим сал оғриб турибди. Тўғриси, ортиқча ичиб юборибман. Бир мавҳум ҳис, тушунарсиз туйғу менга тинмай ўтмишни эслатиб туради. “Оҳ ёлғизлик, ёлғизлик”, — дейман ўзимга-ўзим.

Бир умр мен телбаларча севган бу ҳаёт деганлари ўзининг бутун бемаъниликлари, азоб-уқубатлари билан кўз ўнгимдан кетмайди. Оиламни ўйласам… Ҳозир нима қилишаётган экан?.. Овқатланиб бўлгандир… Отам бир бурчакка ўтириб олиб, газетасини ўқиётган бўлса керак. Онам, менинг меҳрибон онажоним, ҳойнаҳой, бирон нарса тикиш билан оворадир. Укаларим ҳали ҳам ов­қат машмашасидан бўшамаган, биронтаси сал кўпроқ овқат еб юборган бўлса, шовқин-сурон билан уни масхара қилиб, бидирлашаётгандир.

Мушугимизнинг оти Олмос эди. Айни вақт бўш стул устига чиқиб, белини осма кўприк қилиб керишганча, болаларни томоша қилаётган бўлса керак. Қандай бахтли улар…

Мен эса, анча олисда, ичган пивомнинг майин кайфидан бошим оғриб, дардларимни қоғозга тўкиб ўтирибман… Оилам аъзолари мендан узоқда хотиржам ҳаёт кечираяпти… Оҳ, бу ҳаёт, не кўйларга солди мени! Бу оғир, бу аччиқ ҳаёт!.. Бесамар ўтган йилларим…

Истанбулнинг бир чеккасида жимжит, зулмат ичра унутилган бир маъюс гўша… У ерда кечган бир йил умримга ачинаман. Эссиз… “Бейўғли”да (Истанбулнинг “Тақсим” мавзесидаги энг гавжум маҳалла — изоҳ таржимон) ўтган нотинч тунларим… Бу ердаги хонам, йигирма икки ёшли йигитнинг эҳтирос ва ҳаяжон тўла юраги… Севги, қанийди бирон инсонни севиб қолсам!.. Ҳа, фақат биргина инсонни… Балки, ўшанда ғам-ташвишлар ариб, бахтли бўлардим…

Артемис, Мелпомен, ҳатто Люси ва Олимпия — ҳамма-ҳаммаси унутилиб кетди. Барчаси хомхаёл, эртакка айланди. Ким билсин, эҳтимол, шу топда Артемис дўстлари билан муҳташам уйида ҳансираб югураётгандир. Мелпомен эса, ўзининг мотам сукунатига чўмган уйида кўйлак тикиб ўтирибдимикан?..

Люсининг пианиносидан янграган куй нағмаси қулоғимни қоматга келтиради. Олимпия кўчанинг ўртасига чиқиб олиб тинмай қаҳқаҳа отади. Аммо мен ёзишдан тўхтамайман, ҳеч бирига эътибор бермайман. Ўзимни билмаган, эшитмаган, кўрмаганга солиб, унсиз кўз ёши тўкиб, ич-ичимдан эзилиб, мана шу сатрларни қоғозга туширяпман.

Мендан бир қават юқорида, учинчи қаватда бир гала ўспиринларнинг шовқинли гурунги, ўйин-кулгиси эшитилади. Ҳамма хурсанд, бир менгина маъюс… Хонамдаги ҳамма нарса менга ғамгин қараб тургандек — жавондаги китоблар, хотира дафтарларим, ҳатто газета тахламлари ғам-ғуссага ботганга ўхшайди.

Театрга борганда ўзим билан олиб юрадиган дурбинни ишлатишга ҳожат йўқ. Ҳеч қаёққа: на театрга, на қаҳвахонага, на бош­қа жойга бора оламан… Чунки пулим йўқ… Оҳ, бу хасталик, оҳ, бу мискинлик!

Йўллар ифлос, балчиқда юришга тўғри келади… Резина этигим эскирган, таъмирталаб, сочим ҳам дарвешларникидек, тақма ёқаларим ҳали кир ювувчида, пайпоқларим илма-тешик бўлиб кетган… Пул билан ҳал бўладиган мингта эҳтиёжим бор… Ҳамёнимда эса, атиги 40 танга бор. Янги ойгача ҳали уч кун кутиш керак! Уч кун амаллаш керак!

Бу оқшом ҳеч кимни кўрмадим, ҳеч ким билан гаплашмадим, суюклигим Аидамга ҳам эътибор кўрсатолмадим, унга берган ваъдамнинг устидан чиқмадим. Барвақт бу ерга, хонамга келдим. Кейин ана шуларни ўйлай-ўйлай, ёзишга аҳд қилдим. Аммо нега? Нима учун?..

Чунки пулим йўқ… Энди тушуниб етдим… Мени қайғуга солган, хаста қилган, ўлдираётган нарса шу экан. Нега мен бой бўлмаслигим керак? Нега мен ҳам бошқалар каби резина ғилдиракли ма­ши­наларда бутун “Бейўғли” халқининг кўзини ўйнатиб, Гранд Руедан ўтмаслигим, нима учун ҳар оқшом Токатлиянда, Янида, ўша латиф, музайян столларнинг тўрига чиқиб, иштаҳани қитиқловчи таом­лар, нафис шароблардан баҳраманд бўлмаслигим керак? Нимага?! Менинг нима гуноҳим бор, ахир?..

Боши кал, қорни мешдай, бозорда ўтирволиб, нуқул шакарнинг нархи неча пуллиги, пахтанинг баҳоси қанчага кўтарилганидан гапирувчи олифта савдогар, қўлини совуқ сувга урмайдиган, пешона тери билан пул топмайдиган, эртанги кунини ўйламайдиган, лекин жарақ-жарақ миллионларга эга бўлган бир исрофгар, олифта меросхўрни кўрсам… Ҳайронман, буларни мендан нимаси ортиқ? Пул, пул, яна пул… Эй бир парча қоғоз, нега мендан бунча қўрқиб қочасан?! Гапимга ишон, агар сен қўлимга тушадиган бўлсанг, билки, энг ҳалол қўлларда бўласан… Ҳайҳот!.. Чўнтакларимни ковлайман: агар бир чеккасида қолиб кетган ўн курушлик танга топа олсам… Қанийди, чиқа қолса. Бор-йўғи тўртта ўнталик, улардан ҳам бири­нинг ёзувлари ўчиб кетган… Эҳ, бечора пулларим… Эҳ, бечора мол-дунём!..

Турк тилидан

Камола РАСУЛОВА таржимаси.

Fikr bildirish