Ота ҳақида мунгли қўшиқ

Жаҳон адабиёти хазинасида дурдона асарлар беҳисоб. Гарчи адабиётни гендер хусусиятига кўра ажратиш, тадқиқ этиш урф бўлмаса-да, аёл қалами ўзгачалиги билан барибир ажралиб туради. Яқинда нашр этилган Дилором Каримованинг “Пўртана. (Аждарҳо комида)” киноромани бу фикрни тасдиқлайди.

Муалиф ХХ асрнинг шўро аталмиш аждар­ҳоси комида яшаган халқ тимсолини бор бўйича китобхон кўз ўнгида намоён этган. Бунда ўзбекнинг танти ҳожи отаси, инқилобга ишонган камбағал косиби, фурсатни ғанимат билиб “бахт қадри”ни туйган шўро солдатининг қиёфаси ҳам саҳифалар аро бизни манзил томон етаклайди.

“Отам Тошкентнинг таниқли бойи Иброҳим ҳожининг кенжа ўғли эди, — деб таништиради ўз қаҳрамонини адиба. — Отам улғайган муҳитнинг қандай бўлгани, қандай вужудга келганини англаш илинжида яқин тарихда кечган воқеа ва ҳодисалар тафсилотини тарихий ҳужжатлар қатидан ахтара бошладим”.

Совет ҳокимияти Туркистонда энди-энди қўним топган, бойларни йўқотиш компанияси иш бошлаган даврда кўплар қатори қамалган саховатпеша Иброҳимбойни косибу деҳқонлар бирлашиб, қамоқдан олиб қолади. Лекин ҳукумат бойнинг ўғли Абдумалик Иброҳимовни синфий душманнинг фарзанди бўлгани учун умри бўйи кечирмайди…

Машҳур адиб Марк Твеннинг айтишича, асарларда яширинган мажозий маънолар, тимсоллар замиридаги ҳақиқатни баъзан асар муаллифининг ўзи сезмаслиги мумкин, лекин китобхон уни кўради, тушунади. Журналист Абдумалик Иброҳимов тимсолида ҳақиқатпарвар, адолат учун курашган, текин бойлик ортидан қувмаган ориятли ўзбекнинг кучли иродасини кўрдим. Айни пайтда ҳасад олови билан миллатдошининг ғурурини куйдирган Маматқулни ҳам танигандек сескандим. Иблиснинг қиёфаси миллат, вақт ва макон танламаганидек, унинг енгилиши ҳам даргумон. Шунинг учун ҳам Маматқулнинг тақдири китобхонни қанчалик қизиқтириб келса, якунда умидимиз шунчалик пучга чиқади.

Маматқул бахтли ҳаёт кечириб, иззат-икромда у дунёга риҳлат қилади. “Пўртана” асарига тақриз ёзган адабиётшунос олим Сувон Мелининг фикрича, асарнинг айнан мана шу хусусияти – “Олчоқ Маматқулни бахтли кўриш китобхон қалбини хўрлайди, гўё. …Бировга берган азоб-уқубат изсиз кетмайди. Бу ҳақда муаллиф ўйлаб кўрса бўларди”, — дейди олим.

Ҳақиқатан, бадиий адабиётга хос бўлган бадиий тўқима бу асарга бегонадек. Ҳаммаси реал воқеалар асосида, қаҳрамонларнинг асл исм-шарифи ҳам сақланган. Шунга кўра “Пўртана” ҳужжатли киноқисса, деб номланишга ҳақли. Киносценарий каби лавҳалар тарзида ёзилган асарда маърифатпарвар жадидлар портретини ҳам чизишга уриниш бор. Бир томонда бойлар, бир томонда маърифатпарварлар, ўртада халқ ва барча шўролар чангалида…

Китобни муаллифга эҳтиромим сабаб қўлга олдим. Қизиқдим… Ўқиб бўлгач, мени мутолаа жараёнида қаттиқ исканжада тутиб турган оғир юкдан халос бўлдим. Аммо, енгил тортмадим. Адиба қалбида узоқ муддат кўтариб юрган ДАРД менга кўчгандек эди, назаримда. Болаликдан то балоғатга қадар тизилган хотиралар занжирини ортиқча безаксиз, асл ҳолича ўз ўқувчисига тортиқ этган аёлнинг жасоратидан ҳайратландим.

Хотирани китоб қилиш жасоратми, дерсиз? Ҳа, жасорат! Чунки Дилором Каримова ўз нас­л-насаби билан ғурурланиш, ўзининг келиб чиқиши, касбий фаолиятида ота-онасию, бобо-бувиларининг таъсири нечоғлиқ бўлганини ҳикоя қилувчи ибратли воқеалар тизимини битмаган. Аксинча, оила аталмиш сирли бир муҳитда англашилмай қолган саволларга оқилона жавоб топишга, сокин мулоҳаза юритишга ҳаракат қилган. Отанинг эрта ўлимига нафақат атроф-муҳит, оиладаги тушунмовчиликлар, эрта улғайган фарзандлар, иқтисодий қийинчилик ҳам хўб таъсир этгани очиқ ифодаланади.

Бу маҳшар, қиёмат, пўртана.

Тўлқинлар —

Ҳаммаси йўқсилнинг кўнглида,

Бир дамда дунёни куйдирур вулқонлар,

Ожизнинг у ўтлик дилида…

(Чўлпон).

“Пўртана. (Аждаҳо комида)” асарини ўқиш давомида ҳассос шоирнинг “Пўртана” шеъри бот-бот ёдга тушди. Кўнгилда пўртана қўпди, “кўп эзган душмандан, паст жондан ўчни ол, ўчни ол, ўч ол!” дея чорлади.

Шоҳида ЭШОНБОБОЕВА            

Fikr bildirish