Тадбиркор, фермер ва мукофот соҳиби

Тадбиркорнинг иши бароридан келса, халқ фаровон яшайди деяверинг. Ахир, давлатнинг бирини икки қиладиган ҳам, ризқ-рўзимизга барака қўшадиган ҳам ана ўша омилкор инсонлардир. Шу боис Президентимиз ишбилармонларни бошида кўтариб юришга тайёр эканини айтган.

Хўш, шунча ҳурмат, эътибор ва ишончга яраша мамлакат учун нима қилиб беряпмиз? Кўп гапга ўрин йўқ. Келинг, яхшиси навоийлик Абдулҳай Нусратуллаевнинг фаолияти билан танишайлик. Хулосаси эса, ўзингиздан.

Икки йил аввал Абдулҳай коллежни тамомлаб, ўзини бизнесга урди. Баъзи тенг­қурлари каби олиб-сотарлик қилмади. Табиатан меҳнатсевар йигит ҳақиқий ишлаб чиқариш корхонасини ташкил этишга чоғланди. Бу айтишга осон нарса. Аслида эса, йўқдан бор қилмоқ, янгилик яратишнинг ўзи бўлмайди. Анча-мунча тер тўкишга тўғри келади.

Аммо тенгдошимиз метин иродали. Олдида турган барча қийинчиликларни мардонавор енгишга тайёр эди. Яқинлари, айниқса, ота-онасининг далдаси ҳам ас­қатди. Хуллас, 2016 йилда Абдулҳай Нусратуллаев ташкилотлар ва муассасалар учун махсус кийимларни ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Yangi avlod textile” оилавий корхонасини очди. Ўша йили “Ёш тадбиркор — юртга мададкор” танловида ғолиб чиқиб, корхонанинг кейинги ривожи учун етарли сармояни қўлга киритди. Унга тижорат банкидан имтиёзли кредит ажратилди.

48 миллион сўм маблағ “Yangi avlod textile”нинг ички бозорда рақобатбардош брендга айланишига имкон яратди. Абдулҳай янги бизнес режа тузиб, эркаклар дидига мос сифатли трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришга бел боғлади. Хато қилмабди, Карманадан республика бўйлаб тарқатилаётган кийим-кечаклар тез орада ўз харидорини топди. Фойда ҳисобидан ёш тадбиркор иш ўринларини кўпайтирди. Энди унинг корхонасида 11 нафар ходим доимий иш билан банд. Шулардан беш нафари яқиндагина касб-ҳунар коллежларини тамомлаган қизлардир.

Абдулҳай беданачиликни ҳам йўлга қўйган. Айни вақтда Нусратуллаевларнинг томорқа хўжалигида икки мингдан ортиқ қуш боқилмоқда. Лекин бу ҳали ҳаммаси эмас.

Яқин истиқболда ёш тадбиркор паррандачилик билан шуғулланишни ният қилган. Инкубаторлар ташкил қилиб, маҳалладош дўстларига бизнесдан сабоқ берай, дейди.

Диёримизда меҳнат қилган хор бўлмаслиги аниқ. Серғайрат инсонларнинг ҳамиша қадри баланддир. Уларни нафақат эл, давлат ҳам суяди ва суяйди. Тасдиғини қаҳрамонимиз мисолида кўрдик. Ўтган йили Президент фармонига биноан Абдулҳай Нусратуллаев ”Шуҳрат” медали билан тақдирланди.

Бугун тадбиркор дўстимиз Ўзбекистон ёшлар иттифоқи сафида. Ташкилотга аъзо бўлгач, иши янаям юришди. Яқин-яқингача Кармана туманининг анча олис ҳудуди — “Уйрот” маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли бинода ойига фалон сўм ижара ҳақи тўлаб, фаолият кўрсатаётган бўлса, энди мушкули осонлашди. 2017 йилнинг август ойида Ёшлар иттифоқи ташаббуси билан Абдулҳай тикув цехини Навоий шаҳридаги Ёшлар марказига кўчириб, ижара “юки”дан қутулди. Бундай рағбатдан боши кўкка етган. Ёшларга ўзидан ҳам кўра кўпроқ ишонадиган, ҳар қадамда уларга тиргак бўлаётган Юртбошимиздан жуда миннатдор. Аминмизки, қалби ана шундай самимий туйғулар билан лиммо-лим инсонлар эса, мудом ҳаммага эзгулик илиниб, каттадан-катта марраларга интилиб яшайди.

Сардор БЕКЖОНОВ

 

Fikr bildirish