Тиланчининг ҳақи

— Ким у? — беозоргина сўради Умида дарвозага яқинлашар экан.

— Садақа радди бало, балони қайтарар Худо.., — эшик ортидан узундан-узун дуо ўқиган тиланчининг овози эшитилди.

Умида хонадоннинг ёлғиз келини. Эри ишда. Қайнонаси тижорат мақсадида мол-матоҳ олишга кетган. Ўзида пул йўқ. Эшикка келган гадойни эса, қуруқ қайтариб бўлмайди. Жувон шуни ўйлаб, тиланчига эрталаб тандирдан узилган нон узатди.

— Раҳмат, ризқинг бутун, давлатинг зиёда бўлсин, қизим. Хонадонинг бола-чақага тўлсин.

Тиланчи нонни эндигина халтасига жойлаётган ҳам эдики, остонада қайнона кўриниш берди. Кўзлари ола-кула бўлиб, тиланчининг қўлидаги нонни шартта юлиб олди-да:

— Балога йўлиққур, бор жўна! — деди ўшқириб. Келинига ҳам заҳрини сочди, шўрликни рўзғорини яримта қилаётганликда айблади.

Умида донг қотди. Кўзларидан тирқираб ёш оқди. Ахир, қайнонаси топармон-тутармон бўлса. Егани олдинда, емагани ортида. Наҳотки, битта нонни тиланчидан қизғанса! Шу топда тиланчидан тортиб олган нонни чойга бўктириб еяётган қайнонаси кўзига балодек кўринди. Эссиз… бу нон тиланчининг ҳақи эди-я…

Умида бошини эгган кўйи хонасига кириб кетди.

Бироздан кейин ҳовлидан дод-вой эшитилди. Умида ташқа­рига отилиб чиқиб, қарасаки қайнона узала тушиб хириллаётган экан. Келинчак нима қиларини билмай, қўшниникига югурди. Зум ўтмай, қўшни хола пайдо бўлди. У қаттиқ-қаттиқ ўқчиб, қорнини чангаллаб ғингшиётган беморнинг дарду балоси оғирлигини айтди. Шоша-пиша ёрдамга етиб келган икки ҳовли наридаги ҳамшира қизнинг тез ёрдами беморни бироз ўзига келтирди…

Узукун беҳол бўлиб ётган қайнона кечга яқин келган шум хабардан баттар гангиб қолди: мол-маҳсулотларининг ҳужжатлари қалбакилиги, бу ҳам етмагандек, сифатга жавоб бермаслиги аниқланиб, ички ишлар идоралари томонидан йўлда ушланибди.

…Орадан бир неча ой ўтди. Қайнона топган-тутганини сотиб, машмашалардан зўрға қутилди. Рўзғоридан барака, дас­турхонидан тўкинлик ариди. Соғ­лиғидан айрилиб, ётиб қолди.

Бир куни дарвоза оҳиста тақиллаб, ташқаридан тиланчининг овози эшитилди:

— Садақа радди бало, балони қайтарар Худо…

Қайнонанинг юраги хаприқиб кетди. Жонҳолатда келинини чақирди:

— Келинпошша, югуринг, тиланчи келди. Нон чиқаринг, нон!

Бу пайт Умида дастурхонда қолган охирги қотган бурда нонни боласига тутқазаётган эди…

Лайло ҲАЙИТОВА

 

Fikr bildirish