Фарзандим етакчи бўлишини хоҳлайман

— Холамнинг ёлғиз ўғли 7-синфда ўқийди. Отаси катта кор­хона­нинг раҳбари. Онаси оилада бош. Холам фарзанди ҳамма жабҳада етакчи бўлишини хоҳлайди, боладан нуқул шуни талаб қилгани-қилган. Балки, ўғли буни хоҳламас ёки лаёқати йўқдир. Қандай маслаҳат берасиз?

Саида ЖЎРАЕВА Нурафшон шаҳри

 

Саволга амалиётчи психолог Шириной МУСТАФОЕВА жавоб беради:

—      Тўғри, ҳаётда етакчи бўлишга қурби етмайдиганлар ҳам учрайди. Буни темперамент­га қараб аниқлаш мумкин. Масалан, флегматикдан лидерликни талаб қилиш бефойда. Бундай одамлар табиатан жуда эринчоқдир. Боз устига, бир гап бўлар, дейдиганлар туридан.

Холерик ва сангвиниклардан кўнглингиз тўқ бўлаверсин — улардан зўр етакчи чиқади. Меланхолик билан эса, обдон ишлаб, ўрнида туртки бериб турсангиз натижа олиш мумкин.

Кўп нарса ота-она ва атрофдагиларнинг таъсирига боғлиқ. Зурриёдингиз ўзингиз хоҳлагандек инсон бўлишини истаяпсизми, унда тер тўкишга тайёр туринг. Яқинларининг кўмак ва далдасисиз бола чўққини забт этиши қийин. Ўғил ё қизингиз, аввало, жамоада ишлашни ўргансин. Йўл-йўриқ кўрсатиш, керак пайтда руҳлантириб туриш, мағлубиятларни тан олишга кўниктириш эса, сиздан.

Жамоада ишонч, обрў-эътибор қозона олган инсонга бошқа­лар, албатта, эргашади. Майли, у расман тайинланган етакчи, масалан, синфбоши ёки ташкилот раҳбари бўлмасин, лекин ростмана етакчи деган эътирофнинг ўзи кўнгил хотиржамлиги учун кифоя.

Fikr bildirish