Энг аълочи ўқувчим ўта мақтанчоқ бўлиб қолибди

 — 9-синф раҳбариман. Яқинда энг аълочи ўқувчимнинг феъл-атворида салбий ҳолатни пайқадим — у ўта мақтанчоқ бўлиб қолибди, ҳатто манмансирашни бошлаган. Ўзини очиқчасига бош­қалардан устун ва билимдон тутади. Шу туфайли баъзи дўстларидан айрилиб ҳам қолди. Вазиятни қандай ўнглаш мумкин?

Дилбар ТОШЕВА

Бухоро шаҳри

Саволга амалиётчи психолог Ади­­ба ШОМИРЗАЕВА жавоб беради:

— Мақтанчоқлик ўсмирлар табиатига хос хусусият. Болаликда улар ўзига баҳо беролмайди, шу боис атрофдагиларнинг эътибору эътирофига таянади. Лекин балоғат даврида инсон хатти-ҳаракатларини, имкониятлари, ютуқ ва камчиликларини мустақил таҳлил қила олиш даражасига етади. Агар у қайсидир жиҳатдан: билими, жисмоний кучи, соғлиғи ёки дейлик, моддий аҳволи бўйича бош­қалардан устунлигини ҳис қилса, буни, албатта, намойиш этишга уринади.

Лекин мақтанчоқлик одат тусига кирмаслиги, ундан ҳам ёмони, психологик хасталик — нарциссизмга ўтиб кетмаслиги учун ота-оналар, қолаверса, ўқитувчиларга ҳам эҳтиёткор бўлишни тавсия қиламан. Аълочи ўқувчига ҳаддан зиёд эътиқод қўйиш керак эмас. Уни бошқалар наздида ҳадеб юксалтириш, алоҳида ажратиб кўрсатиш ярамайди. Оилада ҳам шу тамойилга амал қилингани маъқул.

Фараз қилайлик, ўғил ё қизингиз бугун диктантни қойиллатиб ёзгани, аммо ёрдам сўраганларнинг биронтасига ҳам атайин, азбаройи улар ўзидан паст баҳо олишини хоҳлаб кўчиртирмаганини айтиб мақтанди. Сиз эса: “Боплабсан! Шу ишинг тўғри бўлибди-да. Бундан кейин ҳам бўш келма!” — деб иштиёқини баттар алангалатсангиз, у мақтанчоқлик иллатидан ҳеч қачон қутулолмайди. Бошқача қилиб айтганда, рақобат муҳитини сунъий тарзда яратишга уринманг. Аксинча, бола қалбида ҳамдардлик, раҳмдиллик, меҳр-шаф­қат туйғуларини ўстирмоқ зарур. Шунда, у манманлик ва мақтанчоқлик ўртасидаги чегарани йўқотмайди, ҳар қандай вазиятда меъёрни билиб иш тутади.

 

Fikr bildirish