Ғаниматдир бу дамлар

Ёшлар иттифоқининг Хоразм вилояти кенгаши Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан бир қанча лойиҳаларга старт берди.

Шу кеча-кундузда Урганч шаҳри ҳамда барча туман марказларида “Армия ва ёшлар” мавзуида ҳарбий-ватанпарварлик руҳидаги фестиваль ва акциялар, “Ибратли тенгдошим”, “Армия менинг ҳаётимда” мавзуларида маърифий учрашувлар, уюшмаган ёшлар иштирокида қўл жанги мусобақаси, спорт марафонлари ўтказилмоқда. Шунинг­дек, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари ўртасида “Мен албатта ҳарбий бўламан!” шиори остида махсус танлов эълон қилинган.

Яқинда Иттифоқнинг ҳудудий кенгаши Шимоли-ғарбий ҳарбий округининг Сержантлар мактаби билан ҳамкорликда “Тинчлигингга жоним фидо, муқаддас Ватан!” шиори остида “Уч авлод учрашуви”ни ташкил этди.

Урганч шаҳридаги Ёшлар марказида бўлиб ўтган тадбирда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, Афғонистонда хизмат қилган фахрий жангчилар, миллий армиямиз сафидан нафақага чиққан ҳарбийлар, жамоат ташкилотлари ходимлари ҳамда ўқувчи-ёшлар иштирок этди.

Уч авлод вакилларининг қизғин ва самимий суҳбати чоғида бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ёшларга эътиборнинг юксаклиги эътироф этилди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Ватан ҳимоясидек шарафли ишга камарбаста ўғлонларимиз, шунингдек, ҳарбий бўлиш истагида юрган ёшларни рағбатлантиришга тайёр. Хусусан, ўтган йили ижтимоий фаоллиги ва истеъдоди билан турли соҳаларда тенгдошларига ўрнак кўрсатаётган иқтидорли йигитлар учун “Мард ўғлон” медали таъсис этилди. Мукофот соҳиблари олий таълим муассасаларига имтиҳонсиз қабул қилинади.

Учрашув давомида фахрийлар ҳарбий ўтмишидан ибратли воқеаларни эслади.

Махсус тайёрланган концерт дастурида, ёш хонандалар Ватанни мадҳ этувчи куй-қўшиқларни ижро этди.

Равшана ҚУРЯЗОВА

Fikr bildirish