Қисматга чизгилар

Афғон адиби Холид Ҳусайнийнинг асарлари равон ўқилади. Китобхон қаҳрамон ҳаёти билан яшайди. Баъзан муаллифнинг қаҳрамонлар тақдирига совуққонлик билан ёндашиши ўқувчида ғазаб уйғотса-да, китобни ёпиб қўя олмайди.

“Минг қуёш шуъласи” — афғон заминидаги қирғинбаротлар, ҳукмдорлар алмашиши ва шу даврдаги тақдирлар ҳақида ҳикоя қилувчи асар.

Фарзанд ҳеч қачон қайси оила ва маконда туғилиши, тақдири қандай бўлишини билмайди.

Янги туғилган чақалоқ пок неъмат. Ҳаётда ҳали ҳеч бир нопокликка қўл уришга улгурмаган! Аммо у бир гуноҳнинг меваси бўлса-чи? Беайб айбдорга айланса-чи? Бундан оғири йўқ.

Асар қаҳрамони — 15 ёшли Марям волидаси юраги остидалигидаёқ валади зино деб аталди. Унга ачинасиз, қалбингиз ўртайди. Марямнинг оила қургунга қадар бахтсиз яшагани етмаганидек, турмушга чиққач, фарзанд кўролмади. Йиллар ўтган сайин ўзидан бир неча ёш катта бўлган турмуш ўртоғи ҳам Марямга нисбатан бефарқ бўлиб қолади. Кундошлик азоби бошига тушади. Бироқ кун келиб, у кундоши Лайлонинг хотиржам ҳаёти учун ўз умрини қурбон қилишдан ҳам тоймайди.

Лайло ва Тариқ муҳаббати асарда сезиларли ўрин эгаллаган. Болаликдан бирга улғайган бу икки ёш бир-биридан сира айрилмайди. Лайлонинг онаси икки ўғлига аза тутиб, бир неча йил тўшакдан турмаган, қизининг тарбияси билан шуғулланмаган. Отасидан сўнг айнан Тариқ унга ғамхўрлик қилади.

ўалаёнлар бу икки ўсмирни ҳам четлаб ўтмади. Кун келиб, уларнинг оила қуришида Марям кўмак беради. Ўзи дордан қутулиб қолиши мумкин бўлган чоғда омонликни Тариқ ва Лайлога раво кўради.

Асарни ўқиётиб қаҳрамонлар ҳаётини идрок этиш баробарида яшашга иштиёқ, илмга чанқоқлик, Ватанга садоқат туйғуларининг ҳам соф ва ҳаётий манзараларига гувоҳ бўлишингиз мумкин.

Эъзозахон ИСМАТОВА,

талаба

Fikr bildirish