Ҳамкасбим жуда калондимоғ одам

Ҳамкасбим жуда калондимоғ одам. Яқинда ишга келган бўлса-да, ўзини ҳаммадан устун қўяди. Бировдан ўргангиси ёки маслаҳатини қулоққа илгиси йўқ. Бундай ҳолат жамоамизнинг ишчанлик кайфиятига салбий таъсир кўрсатмоқда. Манманликка қарши чора бормикан?

Ҳуснида ЗУФАРОВА

Янгийўл тумани

Саволга амалиётчи психолог Луқмон КАЗАКОВ жавоб беради:

— Манманликнинг давоси бор. Лекин инсон шу иллатга дучор бўлганини, аввало, ўзи англамоғи даркор. Баъзилар бир-икки марта қаттиқ панд еса, жамоада ҳурмат-эътибори йўқолиб бораётганини ҳис эта бошласа, бас. Ўзи тегишли хулоса чиқариб, ўзгариш пайига тушади.

Афсуски, ҳамма вақт ҳам шундай бўлавермайди. Бундай пайтда атрофдагилар аралашиши керак. Масалан, жамоадан ёши ва нуфузи каттароқ, бой ҳаётий тажрибага эга одам бояги ходимга маслаҳат бериб кўрсин. Қилаётган иши ҳам ўзи, ҳам жамоани танг аҳволга солаётгани, манманлик энг катта гуноҳ эканини ётиғи билан тушунтирсин.

Бордию, бу усул ҳам кор қилмаса, ўша ходимнинг ҳар қандай хатти-ҳаракатию гап-сўзига бефарқ бўлишдан ўзга чора қолмайди. Ҳар-ҳар замонда устидан кинояли кулиб қўйсангиз ҳам майли. Эс-ҳуши жойида одам бундай муносабатдан озорланади. Азобига чидолмай, охири, манманлик иллатини буткул тарк этиши мумкин.

Унутманг: калондимоғликдан кейинги қадам — агрессия. Бу эса, характернинг деструктив, яъни шахсни ичдан барбод этувчи хусусиятларидан биридир.

 

Fikr bildirish