Ҳамманинг бахти (эртак)

Тоғда яшайдиган бир одамнинг уч ўғли бор экан. Набиралари ҳам кўп экан. Бу катта оила жуда бахтиёр яшарди. Кекса ота курсига ўтирганича фарзандлари ва набираларига нима қилиш кераклигини доимо уқтирар эди.

Хонадон соҳиблари бири далада, бири ўрмонда, баъзилари эса, уйда меҳнат қилар эди. Ҳамма шодон, ҳаётидан рози эди. Лекин вақт ўтиб оила аъзолари худбинлаша бошлабди. Олдин ҳар бири уйим-жойим, бола-чақам, деган бўлса, энди “Бу от меники, ана у қўй-қўзи меники”, — дея таъна қиладиган бўлибди. Ҳеч ким ўзидан бошқага ғамхўрлик қилмай қўйибди. Бундай ўзгаришлардан оила бошлиғи жуда ранжибди, ўзини бахтсиз ҳис эта бошлабди.

Кунлар ўтди. Бир куни эрта тонгда кекса ота қорда оёқ изларини кўриб қолибди

— Ким саҳардан туриб кетди? — деб сўради у. Ҳеч ким ҳеч нарса билмасмиш. Шунда кекса ота иссиқ кийимларини кийиб, кўчага чиқибди. Оёқ излари далага қараб йўналган, кейин ўрмонга кириб кетиб, катта дарахт олдида тугаган экан. Чол тўхтаб, тепага қаради.

— Мен шу ердаман, — деди кимдир.

— Кимсан? — деб сўради чол.

— Мен оилангнинг бахтиман!

—  Нега уйдан кетиб, дарахтга чиқиб олдинг?

— Чунки у хонадонда ҳеч ким мен ҳақимда ўйламай қўйди. Ҳамма фақат ўзи билан овора. Ундай жойда қандай яшашим мумкин, ахир?!

— Ҳа, тўғри айтасан, — деди кекса ота, — лекин сендан ўтиниб сўрайман, уйимга қайт! Сенсиз бахтсиз бўлиб қоламиз…

— Йўқ, у уйга асло қайтмайман, у ерда менга жой йўқ! Аммо ҳар бирингизнинг истагингизни бажо келтиришга тайёрман, — дебди бахт.

Кекса ота фаромуш ҳолда уйи­га қайтибди. Курсига ўтириб, болаларини ёнига чақириб дебди:

— Бахт уйимизни тарк этди. Энди у қайтиб келмайди.

— Нега? — сўради болалари.

— Чунки ҳаммангиз фақат ўзингизни ўйлайдиган бўлиб қолгансиз. Охирги пайтда қайси бирингиз уйга нон ёки бошқа егулик олиб келиб, рафиқангиз ҳамда фарзандларингиз билан баҳам кўрдингиз? Бошқалар билан ишингиз йўқ! Шунинг учун бахт хонадони­мизни тарк этди. Оиламиз кат­та. Ҳамма ўзига алоҳида уй қуриб яшамоқчи, ака-укасини ўйла­май­ди. “Ҳамма учун эмас, ўзи учун яшайдиган одамлар­нинг хонадонида менга жой йўқ”, — деди Бахт. Лекин у биттадан истагимизни бажо келтиришга тайёр…

Шу заҳотиёқ барча ўғиллар бир-бирига навбат бермай, гапира бошлади. Бири от кераклигини айтди, бошқаси янги кийим-кечак, учинчиси боғ-роғ истади. Фақат биргина қиз чеккада жим турарди.

— Сен нима хоҳлайсан, қизим? — сўради ота.

— Бахт ҳар биримизга меҳр улашсин! — деди қиз. — Бахт бизга илгаригидек бирга яшаш, меҳнат қилиш саодатини қайтариб берсин.

Эртаси куни саҳарлаб оиланинг барча аъзолари ўз ишига киришиб кетибди. Кимдир янги уй қура бошлабди, кимдир от-уловли бўлибди. Бошқаларга янги кийим-кечак, боғ-роғ насиб қилибди. Ҳовли тозаланиб, нонлар ёпилибди. Энди ҳамма вазифасини яхшироқ бажаришга ҳаракат қилар экан. Ҳеч ким меники демас экан. Улар “Бизнинг ишимиз, бизнинг уйимиз” — де­йишни ўрганибди… Бахт бу оилага яна қайтиб келибди…

Инглиз тилидан Иброҳим САИДОВ таржимаси.

Fikr bildirish