Ўғлим бутун дардини ичига ютиб, борган сари одамови бўлиб қолмоқда

— Ёлғиз ўғлим бор. 7-синфда ўқийди. Отаси вафот этганига бир ой бўлди. Аммо болам ҳали ҳам ўзига келгани йўқ. Аксинча, бутун дардини ичига ютиб, борган сари одамови бўлиб қолмоқда. Бунақада бирон дардга йўлиқмаса эди, деб қўрқаман. Маслаҳат беринг, унга қандай ёрдам берай?

Нодира САЙФИДДИНОВА,

Ширин шаҳри

Саволга амалиётчи психолог Луқмон КАЗАКОВ жавоб беради:

— Болани имкон қадар одамларга қўшиш керак. Биргалашиб жамоат тадбирлари, масалан, театр ва кинога боришингиз мумкин. Ёки бўлмаса, бундай жойларга фарзандингизни дўстлари билан қўшиб юборинг. Кўчага чиққиси келмаса, турли баҳоналар билан ўртоқларини уйга таклиф қилинг. Хуллас, ўғлингиз ёлғиз қолмасин!

Болани оғир жудолик азобидан халос этишда она жуда муҳим, ҳатто ҳал қилувчи роль ўйнайди. Агар ўзингиз ҳадеб ғамга ботиб юрсангиз, обидийда қилсангиз, унинг юраги баттар ғашланади, эзилганингизни кўрган сайин яраси газак отаверади. Маслаҳатим, ўғлингиз билан кўпроқ самимий суҳбатда бўлинг, юпатишга, кўнглини олишга ҳаракат қилинг. Бу дунёда ҳаммамиз меҳмон эканимиз, эртами-кечми яқинларимиз бизни батамом тарк этиши, инсон бу ҳақиқатни табиий ҳолдек қабул қилмоғи кераклигини ётиғи билан тушунтиринг.

Аммо отаси ҳақида ортиқча эслатиш шарт эмас. Унут бўлаётган хотиралар, ҳадик-хавотир яна қайталаниши мумкин. Таътил пайтида болани бирон қизиқарли машғулотлар, айтайлик, спорт ёки саёҳат билан банд этган маъқул. Шунда бироз кайфияти кўтарилади.

Ёдда тутинг: қалб жароҳати битиши учун вақт талаб қилинади.              

Fikr bildirish