Ишончни оқлаш — олий саодат

Ҳар сафар Ўзбекистоннинг истиқболи ҳақида гап борганда ёшлар тилга олинади. Бунинг ҳайрон қоларли жойи йўқ. Зотан, мамлакат ва жамиятнинг эртанги куни, бугун бошланган ислоҳотлар эртага қандай давом этишини айнан улар белгилайди. Шундай экан, юрт тақдирига бефарқ бўлмаган авлодни фақат жуда пухта ўйланган ва изчил рўёбга чиқариладиган ёшларга оид давлат сиёсати воситасида тарбиялаш мумкин.

Президентимиз ташаббуси билан юртимизда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб номланган 2017 йил ҳам ортда қолди. Бу давр Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг илк босқичи сифатида тарихга муҳрланди. Мазкур стратегик ҳужжат ижроси юзасидан жуда кўп ишлар бажарилди. Натижалари ҳам қувонарли. Хўш, ёшларга оид давлат сиёсати борасида-чи, қандай самараларга эришдик? Бу ҳақда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташаббуси билан яқинда нашр этилган “Ёшлар сиёсати соҳасида амалга оширилган ишлар: хронология – 2017” номли китобда батафсил маълумот берилган.

Ушбу безакли-расмли нашр­да давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкил этилган сана — 2017 йил
30 июндан бошлаб 30 декабргача ёшлар сиёсатининг турли йўналишларида қўлга киритилган имконият ва ютуқлар қисқа, тушунарли услубда, аниқ далиллар асосида баён этилган. Солномада Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ҳудудий ва маҳаллий кенгашлари фаолиятини ташкил этишдан тортиб, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уюшмаганларнинг бандлигини таъминлаш, истеъдод эгаларини қўллаб-қувватлаш, ёш авлод ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш, қолаверса, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олишдек ғоят муҳим масалалар қамраб олинди.

Даставвал қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан олиб борилган саъй-ҳаракатлар хусусида тўхталсак. Қуйидаги рақамларга эътибор беринг: атиги ярим йил мобайнида давлатимиз раҳбарининг ғоялари, ташаббуслари ва бевосита амалий кўмаги асосида ёшларга оид 18 та қонун ва қонуности ҳужжати қабул қилинди. Шу билан бир қаторда, Президентимиз 2017 йил 5 июлда имзолаган “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармонда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ёшлар масалалари билан боғлиқ қарийб 70 та меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатга қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди. Солномада ушбу ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида мухтасар сўз юритилган.

Ортга назар ташлаб Ўзбекис­тон ёшлар иттифоқи фаолиятининг дастлабки босқичи чунонам самарали кечганига ишонч ҳосил қилиш мумкин. Содда қилиб айтганда, мазкур ташкилот шунчаки расмий тузилма бўлиб қолмай, ҳаракатдаги “жонли организм” эканини амалда исботлай олди.

Мамлакатимизда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкил этилган кун — 30 июнь “Ўзбекистон ёшлари куни” деб белгилангани ҳамда “Мард ўғлон” Давлат мукофоти ва “Келажак бунёдкори” медали таъсис этилганининг ўзиёқ катта қадамлар эмасми?

Бундан ташқари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ёшлар масалалари бўйича комиссия тузилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси қошида Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институти ташкил этилди. Ёшлар иттифоқи қошида йигирмага яқин нодавлат нотижорат ташкилоти ўз фаолиятини бошлади. Бугунги кунда Иттифоқ аъзолари сони 6,5 миллион нафардан ошгани эса, алоҳида эътиборга молик жиҳатдир.

Солнома билан танишган киши Ёшлар иттифоқи томонидан жамият ҳаётининг турли масалалари бўйича илгари сурилаётган ташаббуслар, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига киритилаётган таклифлар, ташкил этилаётган тадбиркорлик субъектлари, ўтказилаётган тадбир ва анжуманлар, семинар ва давра суҳбатлари тўғрисида ҳам хабардор бўлади.

Мисол учун, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи тизимида ташкил этилган Ёшлар қабулхонасига ўтган йилнинг иккинчи ярмида 2 минг 345 нафар фуқаро мурожаат қилган. Келиб тушган аризаларнинг 82 фоизи ижобий ҳал қилинди, 14 фоизи ўрганилмоқда ва қолган қисми Ёшлар иттифоқи ваколатига кирмаслиги сабабли тегишли вазирлик ва идораларга юборилган.

Бундан ташқари, китобда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан қатор ташкилотлар билан ҳамкорлик меморандумларининг имзоланиши, вазирлик, идора ва корхоналарда, шунингдек, таълим муассасаларида бошланғич ташкилотлар тузилиши, ҳудудларда очиқ мулоқотлар ўтказилиши, чет эллардаги ўзбекистонлик ёшлар билан доимий алоқаларнинг йўлга қўйилиши, “Ёшлар поезди” тарғибот акциясининг ташкил этилиши билан боғлиқ муҳим воқеалар ўз аксини топган.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг маъруза ва нутқларида, фармон, қарор ва фармойишларида мамлакатимиз ёшлари ҳаётига дахлдор кўпгина масалалар, жумладан, ёш авлодни ҳар томонлама етук инсонлар, халқимиз бошлаган улуғ ишларнинг муносиб давомчилари этиб тарбиялаш борасида давлат ва жамият олдида турган устувор вазифалар, шу билан бирга, мавжуд муаммоларнинг ечимлари мунтазам равишда кун тартибига қўйиб борилмоқда. Солномада ушбу жараён қандай усул ва услубларда, муҳими, нечоғлиқ самарадорлик билан олиб борилаётгани ҳақида аниқ фактлар асосида атрофлича тушунча берилгани аҳамиятлидир.

Яна бир жиҳатни таъкидлаш жоизки, китоб замонавий нашриёт-матбаа талаблари асосида юксак дид билан тайёрланди. Саҳифалардаги маълумотлар қисқача ахборот шаклида, инфографикалар кўринишида ҳамда фотосуратлар орқали тақдим этилгани ўқувчи диққатини янада оширади.

Солноманинг умумий мазмун-савиясига қараб давлатимиз раҳбарининг “Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз” деган даъватида ўз ифодасини топган улуғ мақсадга эришиш йўлида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи том маънода ёшларга таянч ва суянч бўлаётганини англаш мумкин.

Сўнгсўз ўрнида таъкидлаш жоизки, Президентимизнинг шу йил 22 январдаги фармони билан тасдиқланган 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида ёш авлодни ҳар томонлама соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш борасидаги ишларни янги босқичга кўтариш кўзда тутилган. Бу улкан ва ғоят аҳамиятли вазифа ижросида Ёшлар иттифоқи камарбаста бўлишига ишонамиз.

Акмал САИДОВ, академик

 

Fikr bildirish