КАМОЛ ЭТ КАСБКИМ…

“Бешикдан қабргача илм изла”, — дейдилар. Мутолаа бобида беқиёс ибрат кўрсатиб, олти ёшида Атторнинг “Мантиқ ут-тайр”дек салмоқли асарини ёд олган Навоийдек буюк аллома ҳам “Камол эт касбким, олам уйидин, Санга фарз ўлмағай ғамнок чиқмоқ” дея инсонларни комилликка чорлагани бежиз эмас. Аёнки, камолотга элтувчи энг равон йўл мутолаа йўлидир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 13 сентябрдаги “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори жамиятимизда ана шу эзгу йўлни янада мафтункор этгани сир эмас. Ёшларимизнинг китобга, билим эгаллашга муносабати ижобий томонга ўзгараётгани эса, шубҳасиз, энг катта ютуғимиздир.

“Ёш китобхон” республика танловининг финал босқичи ҳам бу фикрни яққол тасдиқлади.

Мазкур йирик лойиҳага 2017 йилнинг сентябрида старт берилган.
У икки ёш тоифасида ўтказилиб, 230 минг нафарга яқин китобсеварни
қамраб олди.

Дастлабки финал беллашуви 14-19 ёшли ўқувчилар ўртасида ўтказилди. Билимдонлик баҳсида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан сараланган жами 14 нафар йигит-қиз иштирок этди.
Улар “Маънавий-маърифий китоблар билимдони”,
“Бадиий китоблар билимдони”,
“Мен севган адиб” ва “Шеърият” шартлари бўйича ўз иқтидорини
намоён этди.

Якуний натижаларга кўра, барча топшириқларни аъло даражада бажарган самарқандлик Моҳинисо Шомуродова
“Ёш китобхон” республика танловининг ғолиби бўлди. Унга Президент совғаси — “Spark” автомобили топширилди. Хоразмлик Умиджон Қутлимуродовга иккинчи ўрин насиб этган бўлса, учинчи ўринни бухоролик Нодир Муродиллоев қўлга киритди.

Ж.ЭРКИНОВ

Fikr bildirish