“МЕНИНГ БОБОМ — БОБУР!”

“Оммавий маданият” — четдан кириб келаётган, баъзида ўзимиздан чиқаётган, ўзбекона қадриятларга ёт иллат ёки қилиқдир. Бундай одатлар кеча-кундуз ёшларнинг онгу шуурига қараб ўрмалаётир. Уларни “ёқимли”, “ширин”, “шоҳона”, “лаззатли”, “эҳтиросли”, “зўр”, деб реклама қилишмоқда. Лекин бу маҳсулотларнинг зоҳири билан ботини орасида фарқ бор. Буни замонавий, креатив ёшларимиз яхши билади. Адашганлар эса, эргашиб, вақтини, нақдини, баъзида ҳатто, бахтини ҳам бой беради.

Ёшларга мўлжалланган “оммавий маданият” маҳсулотлари трендида севги мавзуси етакчи. Мана бир мисол: Авлиё Валентин байрами азалдан нишонлаб келинади. Севишганлар бу куни бир-бирларига “валентинка” деб аталадиган байрам номаларини ҳадя этади. Валентин куни арафасида энг яхши анимацияли открыткаларни бизнинг сайтимиздан сақлаб олишингиз мумкин…

Валентин куни энг севимли ва машҳур байрамлардан бири. Бу байрам календаримизда доим турса қанийди”.

Остига чизилган сўзларга эътибор беринг. “Дўст-навигатор” ёшларга нима қилишни уқтирмоқда. Натижа: ўн кунда бу саҳифани 14 минг 562 нафар киши кўрган. 1 минг 71 нафари Севишганлар кунини шахсий календарига киритган.

 

“I love” бренди

 Бундай “қобиқ”ли маҳсулотларга, турган гапки, аҳолининг энг тажрибасиз, пулини ўйламай сарфлайдиган қатлами — ёшлар жуда ўч. Ана шунинг учун косметика ва парфюмерия буюмларидан тортиб, автомобиль ва ресторанлар рекламаларигача севги мавзуси устувор. Ўнта қўшиқнинг тўққизтаси севги ҳақида!

“Оммавий маданият”нинг ўзбеклар онги ва қалбига тажовузи анча олдин бошланган. “Шум бола” фильмини эсланг. Унда бир ажнабий Тошкент бозорида ўзбекларнинг бир тангасини олиб, эвазига “ойнаи жаҳони”дан беҳаё суратларни кўрсатади. Ҳозир ўша жанобнинг неваралари боболарининг бизнесини давом эттирмоқда. Энди бу соҳа кучайиб, бутун бошли индустрияга айланди.

Ўзбек учун севги — бошқаларга айтилмайдиган, кўрсатилмайдиган, кўз-кўз қилинмайдиган туйғу. Ота-
оналаримизнинг муносабатларига қарасак, дўстлик ва севгининг қоришиб кетганини кўрамиз. Нақадар гўзал ҳолат!

 

Аммо…

Ҳозир 14 феврални “Севишганлар куни” ёки “Авлиё Валентин куни”, деб аташга даъват кучаймоқда. Манбаларга кўра, Қадимги Римда Авлиё Валентин куни Луперкалий байрами, яъни эротик фестиваль сифатида нишонланган. Унинг келиб чиқиш тарихи аёл худо Жуно Фебруата билан худо Луперк ўртасидаги пўртанали ишқий муносабатлар билан боғлиқ. Христиан дини бу шармандали байрамга чек қўйган.

Ўрта асрларда Франция ва Англияда севишган, ташна қалбларларга яширин никоҳ ўқийдиган авлиё Валентин ҳақида турли афсоналар тарқала бошлайди. Шунда Рим императори Клавдий II қонун чиқаради. Унга кўра, уруш пайтида эркакларга уйланиш тақиқланган. Чунки оиласиз, бефарзанд инсоннинг йўқотадиган нарсаси бўлмайди, у жангга қўрқмай киришади. Валентин исмли роҳиб эса, севишган қалбларга раҳми келиб, никоҳини яширинча ўқиб қўяверади. Гувоҳларсиз. Ноқонуний. Ярим тунда.

Қилмишлари ошкор бўлгач, ўша “авлиё”ни тутиб, ўлимга ҳукм қиладилар. 269 йилнинг 14 февралида
у қатл этилади.

 

Севги саноати

XIX аср. Буюк Британияда қўлбола валентинкалар ишлаб чиқа бошланди. Бу ҳодиса АҚШда байрамларнинг тижоратлашувини бошлаб берди. Севги мавзуси ҳам тижоратлашди. Тез орада бундан мўмай даромад кўриш мумкинлиги аён бўлди.

Бир қарашда, севгига бағишланган байрамнинг нимаси ёмон, деган савол туғилади. Ҳамма гап севгининг “ёшара бораётгани”, вояга етмаганларнинг ўзларини балоғат ёшидагидек ҳис қилишида.

Барча юртларда авлиё Валентин кунини байрам қилишга тарафдорлар ҳам, қаршилар ҳам бор. Умумроссия ижтимоий фикрни ўрганиш маркази (ВЦИОМ) ва Юрий Леваданинг таҳлилий маркази маълумотларига кўра, Россия ёшлари орасида бу байрам кенг тарқалмоқда. Натижада, севишганлар орасида садоқат камайиб, ажримлар кўпаймоқда. Шунинг таъсирида биргина Россиянинг ўзида ҳар йили 400 минг нафардан ортиқ вояга етмаган бола етимга айланмоқда.

Шу сабабли дунёдаги кўплаб ёшлар ташкилотлари, қўйингки, дин пешволари ҳам бу байрамга салбий муносабат билдиряпти. Зотан, Севишганлар кунининг биронта ҳам динга алоқаси йўқ! Аксинча, у барча диний қадриятларнинг илдизига болта урмоқда. Ахир, Луперкалий байрамида ахлоқсизлик, тартибсиз жинсий алоқалар қўллаб-қувватлангани аён-ку.

 

Валентин куни ҳақида йигит-қизларимиз нима дейди?

Сирожиддин: “Бу ерда қандайдир мантиқий хато бор. Ахир, бировнинг ўлган кунини байрам қилиш ғалати-ку!”.

Фаррух: “Аслида бу бошқа эътиқод вакилларининг байрами. Бизнинг эса, ўз қадриятларимиз бор”.

Ўткир: “Севишганлар кунининг оммалашишида миссионерларнинг қўли бор, менимча. Улар ҳаётимизга ҳар хил бўлмағур одатларни киритишга ҳаракат қиляпти. Бунинг учун яхшигина ҳақ олади. Бу муаммо нафақат ислом олами, балки Европанинг ҳам “бош оғриғи”.

Рустам: “Бошқаларникига чалғимай, ўз аждодларимизни қадрлайлик. 14 февраль — Бобур Мирзо таваллуд топган кун. Шундай экан, улуғ шоирнинг лоақал битта ғазалини ёд олсак, руҳини шод қилган бўламиз”.

СолиҲа: “Бу анъананинг томир отишига одамларнинг бефарқлиги сабаб бўляпти. Айрим “эстрада юлдузлари” шу кун баҳонасида концертлар бериб, жарақ-жарақ пул ишлаяпти. Ресторан эгалари ҳам қолишмайди — ёшларни алдаб, даромад кўрмоқда. Қанийди, бундан кўрилаётган зарар фақат моддият билан ўлчанса…”.

Хуршид: “Авлиё Валентин биз учун нима каромат кўрсатибди ўзи?! Ёки у бобомиз бўлганми? Асло йўқ! Хўш, нега унда Валентин кунини нишонлашимиз керак?! Ундан кўра “Бобурнома” китобини сотиб оламан. Чунки менинг бобом Валентин эмас, Заҳириддин Муҳаммад Бобур!”.

Севишганлар куни — жаҳолатдир. Бу “байрам”нинг охири вой! Буни билмаганларни эса, ахлоқий бузуқлик ва зўравонлик (қиз, аёлга шаҳвоний кўз билан қараш), худбинлик (билганингни қил, бир марта яшайсан-ку, ҳаётдан лаззатлан, қабилидаги қарашларнинг урф бўлиши), туйғулар эксплуатацияси ва ниҳоят, маънавий қашшоқлик кутмоқда.

Ҳар сафар Севишганлар куни ҳақида гап борганда ёшларимиз бу масалага теран кўз билан қараб, “Севишганлар куни”ни ким тарғиб қилаётир? Бундан кимга фойда, кимга зарар? Бундай вазиятда мен қандай йўл тутишим керак?, Менинг бобом Валентинми ё Бобур?” каби саволлар асносида мушоҳада юритса, ўйлаймизки, адашмайди.

Муҳаммаджон ҚУРОНОВ

Fikr bildirish