Мудроқ қалблар уйғонса эди

“Қиз боланинг юки оғир бўлади”, — дерди бувим. Бола дунёмга сиғдиролмаган айни ҳақиқатни бугун англагандекман.

Олис қишлоқларнинг бирида туғилиб, сеҳрли эртак ва достонлар оғушида улғайдим. Ижодга қизиқиш шу сабаб уйғонган бўлса керак. Илк машқларим билан онажоним танишган. Мени адабиёт тўгарагига олиб боргани ҳамон ёдимда. Келажакда таниқли шоира бўлиш орзуси билан яшардим. Тўгарак аъзоларининг ҳаммасида шундай ўй бўлган.

Юксак орзу-умидлар билан олийгоҳ талабаси ҳам бўлдим. Ишқ-муҳаббат, севги, садоқат тараннум этилган мисраларни битавериб, тақдир чархпалагининг тез айланаётганига ҳам эътибор бермабман. Ёниб ижод қилаверибману, ҳаёт деб аталмиш уммоннинг томчиси эканим ёдимдан кўтарилибди. Бир пайтлар қайсидир танловда устоз ижодкорларимиздан бири: “Қизим, адабиёт бўстонига қадам қўяр экансан, бир нарсани унутма: қиз бола ижодкор бўлиши оғир. Машаққатларга дош беролсанггина шу йўлни танла!” — деганида гапларини у қадар тушунмаган эканман. Бу сўзларнинг мағзини кейин чақдим.

Вақт — олий ҳакам. Улғайганим сари уйга совчилар кела бошлади. Ҳаш-паш дегунча уйдагиларим ўзларига маъқул “номзод”га унаштириб қўйди. Бўлажак турмуш ўртоғим ижодимга қаршилик қилмаслигини бир неча бор айтди. Бироқ…

Кўз очиб-юмгунча тўй ҳам бўлиб ўтди. Келинлик юмушлари билан бўлиб ижодим тўхтаб қолди. Аммо бироз вақт ўтгач кўнглимдаги тизгинсиз туйғулар яна мавжлана бошлади. Ўзимда йўқ хурсанд эдим. Ишдан эртароқ қайтган турмуш ўртоғим шеърларимни кўздан кечирар экан, боламдек азиз бўлган ижод машқларимни ёқиб юборишимни буюрди. Унинг фикрича, мен аввал кимгадир кўнгил берган эканман. Барча ёзганларимдан ҳали-ҳануз муҳаббат иси келармиш. Тўғри, бу гўзал туйғу ҳар сатримда бор. Бироқ муҳаббат дегани фақат инсонга кўнгил бериш эмас-ку! Ватанга, дўстга, Аллоҳга бўлган муҳаббат-чи?!

Хуллас, турмуш ўртоғим мени тушунмади. Иложсиз, кўнглимни “ёқа бошладим”. Кўз олдимда энг гўзал ўй-хаёлларим, орзу-умидларим алангаланарди. Шу-шу мана тўрт йилдирки, ҳануз қўлимга қалам тутолмайман. Ҳаттоки, боламга алла айтишга журъатим етмайди. Бўғзимга нимадир оғир тошдек тиқилган, қалбимда дард бор.

Ҳозир қишлоғимиздаги мактабда дарс бераман. Кўплаб ижодкор қизларни биламан. Аксариятининг истеъдоди ўз кўзёшларига ювилиб, дил тубига кўмилмоқда. Боиси атрофдаги мудроқ қалблар уларни тушунгиси йўқ!

Дилноза АБДУҲАМИДОВА ёзиб олди.

Fikr bildirish