Президент менга ишонди

Буюк шоиримиз, Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси муаллифи Абдулла Орипов сермаҳсул ижоди билан ўзбек адабиётида ўчмас из қолдирган. У Қашқадарё элининг фарзанди экани бизга ғурур бағишлайди.

Шоир номини абадийлаштириш мақсадида 2017 йил 24 майда ҳукуматнинг “Қарши шаҳрида Абдулла Орипов номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернатини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Натижада, сентябрь ойида янги, замонавий таълим даргоҳи ўз фаолиятини бошлади. Унга адабиётни севувчи, Абдулла Ориповдек беназир ижодкорнинг издоши бўлишни хоҳлаган йигит-қизлар қамраб олинган.

2018 йил 29 январь куни Қашқадарё вилоятига ташрифи доирасида Президент мактабимиз фаолияти билан яқиндан танишди. Бундан ниҳоятда мамнун бўлдик. Айниқса, мен.

Чунки Шавкат Мирзиёев айнан менинг дарсимда “меҳмон” бўлди. Ўттиз дақиқа мобайнида Ибройим Юсупов, Муҳаммад Юсуф, Ҳамид Олимжон, Зулфия номидаги ихтисослаштирилган мактаблар ўқувчилари билан онлайн мулоқот ўтказиб, мушоира уюштирдик. Давлатимиз раҳбари Абдулла Орипов ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди, биз билмаган маълумотлар билан ўртоқлашди. Дарс якунида қўлимни маҳкам сиқиб: “Сиз шу мактабдан камида Абдулла Ориповдек шоирларни етказишга ўз ҳиссангизни қўшишингиз шарт. Бу дарс икки кунлик чарчоғимни аритди”, — деганида жуда ҳаяжонланиб кетдим. Зиммамдаги масъулият икки ҳисса ортганини ҳис қилдим.

Юртбошимиз Абдулла Орипов музейи билан ҳам танишиб, уни янада бойитиш бўйича кўрсатмалар берди. Шунингдек, синф хоналарига кириб, ўқувчиларнинг ҳар бири билан суҳбатлашар экан, маънавий етук шахслар бўлиб камолга етиши, бунинг учун кўп китоб ўқиш ва Ватанни севиш кераклигини таъкидлади. Болаларга совғалар улашди.

Айни дамдаги кечинмаларимни сўз билан ифодалаб бериш қийин. Ишончим комилки, бундай воқеа дунё тажрибасида камдан-кам кузатилади. Биз, педагоглар кўрсатилган эътиборга муносиб бўлишга ҳаракат қиламиз.

 Муқаддас АБДУЖАББОРОВА,

Халқ маорифи аълочиси

Fikr bildirish