“Ёлғиз”нинг қисмати

“Жин урсин, қачон тугаркин бу бадбахт қора кунларим! Мен камзулим ёқасини кўтариб, мушт қилиб тугилган қўлларимни шимимнинг чўнтагига тиқиб, катта-катта қадам ташлаб ғижиниб борарканман, ўзимнинг бадбахт тақдиримга лаънатлар ўқирдим. Кейинги саккиз ой ичида бир дақиқа ҳам хушбахт бўлолмадим-а, доим оч юрдим, азоб чекдим, оқибат, чалажон ҳолатга туша бошладим. Бу ҳам камдек, қашшоқликда кун кечиришимга қарамай, мен виждонлиман, ҳе-ҳе, ҳамиша ва ҳар ишда виждоним пок!”.

Мен Кнут Ҳамсуннинг ана шундай ўй-ҳисларга тўла “Очлик” автобиографик асарини ўқидим. У инсондан жиддий руҳий тайёргарликни талаб қиладики, шай бўлмасанг ич-этингни еяверасан, қаҳрамонни аҳмоқликда айблайсан. Ваҳолангки, умрида бир бора оч қолмаган, тунашга жой тополмай тонггача кўчада изғимаган, устига кийгани — ягона нимчани судхўрга олиб бормаган, умуман, тақдирнинг бу қадар оғир синовига дуч келмаган одам Кнутни тушуниши амримаҳол.

“Очлик” ўқувчи руҳиятини тафтиш этиб, ҳаётнинг турфа машаққатлари қаршисида ўзига баҳо беришга мажбурлайди. Очлик ҳар қандай тубанликка изн бериб туйғуларни ҳам бир чақалик қилаверганидан ожизлик ҳукми зўраяди. Лекин очликнинг ҳар қанча азобига қарамай, асар қаҳрамони ўзини гуноҳлардан тияди…

Ёзувчининг болалиги ва ўсмирлиги қашшоқлик, очлик, хўрликда ўтган. Очликдан қутулиш учун Кнут Ҳамсун неки қора иш бўлса, барининг бошини тутади. Ўсмирлигиданоқ шу ботқоқдан қутулиш илинжида шеърлар ёза бошлади. Улар турли газеталарда чоп этилиши га қарамай, бундан келадиган қалам ҳақи вақтинчалик эҳтиёжларини қондиришгагина етарди, холос.

Тадқиқотчилар романнинг модернистик жанр хусусиятини эътироф этиб, онг оқими йўналишини бошлаб бергани билан аҳамиятли эканини таъкидлайди. Асар ёзувчини нафақат Норвегияга, балки бутун жаҳонга танитди. Муҳитга бегоналашган, жамият ичра ўзини ёлғиз сезадиган қаҳрамон образи эътиборни тортди.

Тўрт қисмдан иборат “Очлик”да, европада ИНСОН илк бор тақдир, қисмат, воқеалар силсиласида эмас, туйғулар, кечинмалар орқали намоён бўлади. Асар қаҳрамони муттасил оч яшаса-да, бунда атроф­дагиларни айбламайди. Унинг ўйларида чуқур мажозий маъно ифодаланган. Бош қаҳрамоннинг исми, ёши номаълум.

Бир куни асар қаҳрамони дўконга киради. Чўнтагида ҳемири йўқ, лекин кеча бошлаб қўйган мақоласини якунлаши учун чироқ зарур. Сотувчидан шам сўрайди. Бошқа харидорга андармон бўлган сотувчи унга 5 франк пул ҳамда сўраган нарсасини беради. Бироз тараддудланиб, кейин дўконни тарк этади. Виждони қийналиб ўша 5 франкни бир эҳтиёжманд кампирга бериб юборади. Бу пулни унга Яратганнинг ўзи етказгандир, овқатланса бўларди, дейсан беихтиёр. Бироқ қаҳрамон орадан анча вақт ўтганига қарамай сотувчига бу воқеани айтиб, ўзини жазолашни сўрайди. Бир томондан, унинг сабрига, бошқа жиҳатдан, шу қадар ёлғизлигига қарамай, атрофдагилар кўмагидан парҳез қилишига ҳайрон қолади киши. Очлик муҳитга бегоналикни келтириб чиқарган. Ўта қийин ва оғир қисмат. Қалбни уйғотади, атрофга шафқат кўзи билан қарашга ундайди. Ўқувчининг қақрай бошлаган туйғуларига обиҳаёт индиради, виждон отлиғ буюк туйғуни қўнғироқ каби уйғотади гўё.

Н.Нуриллаева

Fikr bildirish