Ўқувчига эътибор шуми?!

Талаба бўлиш нелигини бошидан ўтказган билади. Янаям яхшиси, буни ётоқхонада кун кўрганлардан сўраган маъқул. Улар-ку мусофирликнинг қаттиқ нонини еявериб, зуваласи пишиб кетган.

Яшириб нима қилдик: талабалар тураржойида яшашнинг ҳам ўзгача гашти, ҳам ўзига яраша ташвиши бор. Иккинчи ҳолатни Ўзбекистон ёшлар иттифоқи алоҳида эътиборга олган. Жойларда ўтказилаётган ўрганиш жараёнлари фикримизни тасдиқлайди. Бу сафар сизларни рўйи замин сайқали — Самарқанддаги аҳвол билан таништирмоққа чоғландик.

Яқинда Иттифоқ фаоллари кўҳна кентдаги бир қатор таълим муассасаларининг ўқувчию талабалари қандай шароитда яшаётгани билан қизиқди. Дастлаб улар Самарқанд давлат университети қошидаги 1-академик лицей ўқувчиларининг тураржойига йўл олди.

Мазкур масканда 273 нафар тенгдошимиз истиқомат қилмоқда. Шундан 113 нафари қизлар. Хоналарга бирма-бир кириб чиққач, очиғи, таъбимиз хира тортди. Биринчидан, бинодаги санитария ҳолати чатоқ. Таъкидлаш керак, 2017 йилнинг якунида Ёшлар иттифоқи вакиллари муассаса раҳбариятини бу ҳақда огоҳлантириб, тегишли чоралар кўришга ундаганди. Афсуски, натижасиз.

Ётоқхонадаги ювиниш хоналари ва ҳожатхоналарга кириб бўлмайди. Том қисмидан чакки ўтгани боис, поллари буткул яроқсиз ҳолатга келиб қолган.

Ўрни келганда, бир гапни айтиб қўйсак: ётоқхонада турадиган барча йигит-қизлардан бир йилга 150 минг сўмдан ундирилади. Чамалаб кўрсангиз, яхшигина пул. Ушбу маблағнинг ақалли ярмини таъмир ишларига сарфлаш мумкин-ку, ахир! Шунда юқоридаги каби хунук ҳолатларга ўз-ўзидан чек қўйи­лармиди…

Ётоқхонада ёшларга яратиб берилган шароитларни тафтиш қилдик. Яна кайфиятимиз бузилди. Буни қарангки, муассасада маънавият хонаси бўлса-да, аммо бадиий китоблар билан таъминланмаган. Устига-устак, газета ва журналлар ўтган йилнинг октябрь ойидан буён етказилмайди.

Хоналар совуқлиги сабаб ўқувчилар электр печларини ёқишга мажбур. Хавотирлиси, мазкур жиҳозлардан ҳар ким билганича фойдаланмоқда. Эҳтиёт чоралари кўрилмаган ҳисоб.

Эсиз! Бу масканда эртамиз эгаларининг ўз ҳолига ташлаб қўйилгани, оддийгина эҳтиёжини қондиришга ҳаракат ҳам қилинмаётгани жуда ачинарли. Шу тобда ҳудуд мутасаддиларидан сўрагимиз келади: ўз фарзандингизга ҳам бундай шароитда яшашни раво кўрармидингиз?..

P.S.: Материал нашрга тайёрлангунча, лицей маъмурияти камчиликларни бирма-бир бартараф этишга киришгани ҳақида хабар топдик. Жумладан, ётоқхонанинг иссиқлик таъминоти тизими созланибди. Маънавият хонасига зарур китоблар олиб келинган. Қолган муаммолар ҳам тез орада ҳал қилинишига умид қиламиз.

 

Fikr bildirish