АФҒОНИСТОН: ЕЧИМ — ТИНЧЛИК ДАСТУРИ

 

Жорий йил 26-27 март кунлари Ўзбекистон дунё сиёсат оламининг диққат марказида бўлди. Бу бежиз эмас, зеро, Афғонистон бўйича “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзуидаги Тошкент халқаро конференцияси мазкур мамлакатдаги беқарорликка ечим топиш масаласида жаҳон ҳамжамиятининг якдил эканини яна бир бор намоён этди.

Афғонистон билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш бўйича зарур чора-тадбирлар белгилаш назарда тутилган Тошкент конференциясида 25 та давлат ва халқаро ташкилот вакиллари иштирок этди. Йирик форум тафсилотлари эса, 300 га яқин оммавий ахборот воситаси ходимлари томонидан ёритиб борилгани ҳам алоҳида аҳамиятлидир.

Ҳозирги кунда қўшни Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш бўйича кўплаб мураккаб, муаммоли масалалар минтақа ва халқаро миқёсда кенг муҳокама қилинмоқда. Бунга Қобул жараёни, Москва формати, Халқаро мулоқот гуруҳи, Истанбул жараёни каби кўп томонлама муҳокамаларни мисол қилиб кўрсатиш мумкин.

Афғонистон бўйича Тошкент конференциясини ўтказиш ташаббуси дунё ҳамжамияти томонидан қўллаб-қувватланди. Нуфузли халқаро ташкилотлар, сиёсатшунос ва экспертлар томонидан билдирилган фикрларга кўра, мазкур конференция, афғон халқининг муаммоларини ҳал қилиш бўйича аниқ таклифлар илгари сурилгани билан амалий аҳамиятга эга бўлди. Аксарият иштирокчилар ҳозирга қадар ҳаётимизда кузатилаётган кўпгина салбий ҳолатлар, хусусан, терроризм, гиёҳвандлик, қурол-яроғ, одам савдоси ва бошқа ноқонуний ҳаракатлар Афғонистон билан боғлиқ бўлганини айтар экан, бу йўналишда фақат ва фақат Афғонистонга ёрдам бериш билан ижобий натижага эришиш мумкинлигини қайд этди.

Мақсадсиз, дея баҳоланган афғон урушининг деярли қирқ йилдан бери давом этиб, Ер юзида инсониятга қарши не ёвузлик ва иллат борки, барига макон бўлаётгани ҳеч кимга сир эмас, албатта. Кўплаб давлатлар, халқаро ташкилотлар Афғонистоннинг барқарор ривожланиш йўлига ўтишидан манфаатдор эканини расман эътироф этиши Тошкент конференциясининг энг муҳим натижаларидан бири бўлди, дейиш мумкин.

Амалдаги Афғонистон ҳукумати минтақадаги иқтисодий ҳамкорлик жараёнларига қўшилишга интилаётган бир пайтда, бу заминдаги давомли нотинчлик, қолаверса, халқаро терроризмни молиялаштириш ва гиёҳванд моддалари айланмасидан манфаатдор кучлар мазкур жараёнга ҳалал бераётгани ачинарлидир. Афсуски, афғон халқига четдан тиқиштирилган “уруш олови”да юз минглаб бегуноҳ одамлар ҳаётдан кўз юмди, миллионлаб инсонлар парокандаликка юз тутди. Қуролли қарама-қаршилик ва зўравонлик шароитида урушу талотўплардан чарчаган бутун бир авлод улғайди. Уларнинг осойишта ҳаёт кечиришга бўлган истаклари узоқ вақт давомида саробга айланиб келди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзуидаги Афғонистон бўйича юқори даражадаги Тошкент халқаро конференцияда иштирок этиб, нутқ сўзлади.

Президентимиз Ўзбекистон томони Афғонистонда барқарор тинчлик ўрнатилиши билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилиш учун барча асосларга, сиёсий ва маънавий ҳуқуққа эга эканини алоҳида қайд этар экан, мамлакатимиз ташаббуси билан 1999 йилда Тошкентда бўлган “6+2” гуруҳининг учрашувида Шимолий Иттифоқ ва “Толибон” ҳаракати вакиллари ҳам иштирок этганини эслатди.

Ана шу тажрибадан келиб чиқиб, Афғонистонда тинчлик ўрнатишнинг энг асосий шарти минтақа ва глобал даражада келишилган ягона кенг қамровли тинчлик дастурини ишлаб чиқиш ва амалга оширишдан иборат эканини таъкидлади.

Афғонистондаги сиёсий жараёнларни бошлашни энди орқага суриб бўлмаслиги, акс ҳолда, яна кўплаб бегуноҳ одамларнинг қурбон бўлиши мумкинлиги катта хавотир билан тилга олинди. Бу борада ташаббус кўрсатиш, музокаралар қандай форматда, қачон ва қаерда олиб борилиши бўйича таклиф беришни афғонистонликларнинг ўзига ҳавола қилиш кераклиги айтилди. Ўзбекистон ўз ҳудудида тинчлик жараёнларининг исталган босқичида Афғонистон ва “Толибон” ҳаракати ўртасида тўғридан-тўғри музокараларни ташкил этиш учун барча шароитларни яратиб беришга тайёр экани маълум қилинди.

Яна бир муҳим жиҳат шундаки, Афғонистон бўйича қабул қилинган Тошкент декларациясида хотин-қизларнинг афғон ярашуви жараёнидаги, хавфсизлик, жамият ва иқтисодиётдаги самарали иштирокини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга экани, уларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришга қаратилган ҳалқаро саъй-ҳаракатлар изчил қўллаб-қувватланиши алоҳида таъкидланди.

Шу ўринда айтиш лозимки, давлатимиз раҳбарининг Марказий Осиёдаги хавфсизликка таҳдидларни ўзиники ва ўзгаларники деб ажратишдан воз кечиб, “яхлит хавфсизлик” тамойилига амалда риоя қилиш шартлиги ҳақидаги қатъий фикрлари, Афғонистон ҳукумати билан “Толибон” ҳаракатининг олдиндан шарт қўймаслик ва куч ишлатиш билан таҳдид қилмаслик асосида тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиши зарурлиги, қўшни мамлакатдаги тинчликка фақат музокаралар билан эришиш мумкинлиги борасидаги хулосалари Афғонистон бўйича имзоланган Тошкент декларациясида ҳам акс этди. Бу эзгу ғоя-мақсаднинг ҳар томонлама қўллаб-қувватланиши келгусида мамлакат ҳукумати билан мухолифат ўзаро музокарага киришишига ва бу жараёнда турли ташқи кучлар аралашувига йўл қўймасликка хизмат қилади.

Хавф-хатарларга қарши фақат куч ишлатиш билан эмас, балки, биринчи навбатда, маърифат билан курашиш, ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини, айниқса, ёшларга тушунтириш йўлида яқин ҳамкорликда иш олиб бориш лозимлиги таъкидланди. Бу борада Ўзбекистонда ташкил этилган Имом Бухорий номидаги халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ислом цивилизацияси маркази ва Ўзбекистон Ислом академиясининг имкониятларидан фойдаланиш мақсадга мувофиқлиги айтилди.

Эндиликда Афғонистон бутун инсониятга қарши таҳдидлар олдида халқаро ҳамжамиятнинг ожизлигини кўрсатадиган мисол бўлиб қолмаслиги учун афғон ҳукуматининг мамлакатдаги хорижий террористик ташкилотлар базаларини йўқ қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларини барча ташқи кучлар сўзсиз қўллаб-қувватлаши, терроризмни молиявий ва моддий-техник қўллаб-қувватлашнинг олдини олиши ўта муҳим аҳамиятга эга экани қайд этилди.

Шу боис Ўзбекистон ўзининг ташқи сиёсат концепциясига содиқ қолган ҳолда, Афғонистон билан маданий, таълим ва иқтисодий соҳалардаги ҳамкорлигини изчил давом эттириши билдирилди. Хусусан, “Мозори Шариф – Ҳирот” темир йўли, “Сурхон – Пули Хумри” электр узатиш линиясининг барпо этилиши, Термиз шаҳрида Афғонистон фуқароларини ўқитиш марказининг иш бошлагани қўшни афғон халқи тинчлиги ва фаровонлиги йўлида хизмат қилиши шубҳасиз.

Ф.КАРИМОВ

 

Fikr bildirish