Бир куни

Бир куни мактабимизга “комиссия” келди. Синф журналини олиб йўқлама қила бошлади. Негадир менинг фамилиям тилга олинмади. Қўл кўтариб: “Устоз, мен чиқмадим”, — дедим юрагим тўлиб.

Келган киши ўқитувчимизга савол назари билан қаради. Устозимиз бир менга, бир унга қараб иккиланган кўйи жавоб берди: “Бу қизим ҳали мактаб ёшига етмаган. Журнал ёнидаги дафтарга шунчаки ёзиб юраман. Отаси илтимос қилиб…”.

Ҳалиги амакининг ранги ўзгарди. Қошини чимириб қовоғини уйиб олди. Хаёлимда устозимга тарсаки тортиб юборадигандек қўрқиб кетдим, бошимга оғриқ кирди.

— Ие, бу нима деганингиз, домла?! Сонда йўқ, саноқда йўқ болани таниш-билиш қилиб ўқитиб юраверасизми? Кимдир бешикдаги боласини кўтариб келиб, кўз-қулоқ бўлиб туринг, деса, майли, дейсизми? Мен бу масалага жим қараб туролмайман. Эртага боланинг тақдири нима бўлади? Уни мактаб партасига ўтқазиб қўйишга ким ҳуқуқ берди? Ёки бойвачча отаси сизга алоҳида ойлик тайин қилганми?

Нима деб жавоб қилишини билмай каловланиб қолган устозим: “Отаси мен билан эмас, мактаб директори билан гаплашган. Аммо, ўқиш-ёзишни ҳаммадан тез уддалади”, — деди.

Кейин “комиссия” ўқиш китобидан бир-икки сатрдан ўқитиб кўрди, ёзув дафтарларини текшира бошлади. Менга навбат етганида дафтаримни қўлига ҳам олмади. “Даданг нима иш қилади, қизалоқ?”, — деди синовчан назар билан менга тикилиб.

— Шопир, — дедим партанинг тагига кириб кетгудай бўлиб. Кейин бор кучимни тўплаб, ўша амакига бўғзимда турган гапимни айтдим:

— Устоз ҳар куни памилаларни ўқиганда мен журналда борийдим, сиз кўрмай қолдиз-да-а-а, тоға, устозимни бошқа уришманг. Майли, мен энди мактабга кемийман, кечиринг, — деб йиғлаб юбордим.

Доска олдида турган устозим ёнимга келиб титраган қўллари билан бошимни силаб: “Йиғлама қизим, йиғлама! — деди ва текширувчига юзланди:

— Шундай ўқувчиларим борки, кун ора дарсга келмайди, уйига бориб, велосипедга миндириб олиб келаман, яна дарс охирига етмай қочиб кетади. Ўшаларга ҳарф танита олмай сочимга оқ тушди. Бу болам муштдеккина бўлиб тонг отиши билан мактабга келиб, синфхона олдида совқотиб ўтиргандир, деб ҳаммадан илгари ишга келаман. Ҳужжатлари қайд этилмагани учун унга бирорта дарслик китобиям берилмаган. Синфдошларининг китобидан фойдаланади. Юқори синф дарслик­ларидаги кўп шеърларни ёд олган. Ўкситманг болани… Қанча жазо бўлса, қанча хато бўлса, мана, менга айтинг. Аниқ айта оламанки, дадаси бир этак боласидан орттириб мактаб директорига битта нон ҳам бергани йўқ, одамгарчилик деб шундай ишларни қилгандир.

“Комиссия” ёнимга келиб дафтарларимни бирма-бир варақлай бошлади.

— Ҳуснихатинг яхши эмас-у, аммо хатосиз ёзаркансан, сумкангда китобларинг бор экан-ку? — деди, дўппайиб турган сумкамга ишора қилиб.

— Акамнинг китоблари.

— Аканг уришмайдими?

— Йўқ, билдирмай олиб келаман.

— Акаларинг нечта?

Негадир йиғлаб юбордим. Гапиролмадим. Иккала қўлимнинг ҳамма панжасини очиб, “шунча” деёлдим, аранг.

— Маза қилиб болаликнинг гаштини суриб юрмайсанми, қизалоқ…

Ўша одам мени мактаб кутубхонасига етаклаб бориб, керакли дарсликларнинг барини олиб берди. Ўзимни дунёдаги энг бахтли боладек ҳис этдим.

Севинганимни кўриб: “Сенга эртага чарм сумка юбораман, ўшани тутасан!” — деди.

— Йўғ-е, дадамнинг пули кўп, яқинда оберади. Қўшнимиз, ҳалиги мен билан партада ўтирадиган Тожихон дугонамникидек сумка оберади. Раҳмат. Домламизга китобларимни кўрсатсам, хурсанд бўлади…

Ҳамма қатори катта синф журналига исм-фамилиям ёзила бошлади. Бахтиёр эдим. .

Бир куни… устозимнинг мен билан бир синфда ўқийдиган қизи: “Сени деб дадамга ойлик беришмади”, деди…

Кейин  иккаламиз партага бошимизни қўйиб йиғладик.

Мунаввара УСМОНОВА

 

Fikr bildirish