“Бу тупроқ фақирлар турбати эмас…”

Халқнинг ўз илдизларини тану жонида ҳис қилиши, кечмиш ҳодисалар борасида сергак фикрлаши ва шулардан келиб чиқиб бугуни ҳамда эртанги кунини идрок этишининг турли омиллари мавжуд. Улар орасида тарихнинг бадиий талқинини ўзида жо қиладиган адабиёт ҳам борки, унинг таъсир кучини, авлодлар онгу шуурида қолдирадиган изини бошқа бирор омил билан алмаштириб бўлмайди.

Маълумки, “Бобурнома”да ҳам, Пиримқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар”, Хайриддин Султоновнинг “Бобурийнома” асарларида ҳам буюк ватандошимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ўн икки ёшдан кейинги тақдири хусусида ҳикоя қилинади. Асл касби муҳандис бўлган андижонлик ижодкор Дурбек Қўлдошевнинг бу улуғ сиймога чуқур эҳтироми маҳсули сифатида дунёга келган “Императорнинг туғилиши” номли қиссаси ана шундай забардаст битиклар доирасидан жой олишига ишонамиз.

Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов она юрти ва жафокаш ватандошлари тўғрисидаги бир шеърида “Бу тупроқ фақирлар турбати эмас…”, деганди. Дурбек Қўлдошев қалами билан қайта жонлантирилган буюк темурийлар салтанати ҳаётининг бир қисми ўқувчида пайдо қиладиган дастлабки таассурот айни ҳақиқатни тасдиқлаши билан ҳам ёдда қоларлидир. Бошқача айтганда, муаллиф шўро даври мафкураси тилида “феодал тарих” деб аталган, ҳам илм, ҳам санъатнинг барча йўналишларида нуқул “оқ” ва “қора” ранг­ларда кўрсатилган миллий мозийни бор палитраси — ранг-баранглиги билан кўз олдимизда гавдалантиради. Жамиятнинг ҳар бир табақаси — ҳукмдорлар, уларнинг аҳли аёли, сарой аъёнлари, амалдорлари, хизматчи ва ходимлар, ҳарбийлардан тортиб эл-улуснинг катта-кичик вакиллари, қишлоғу кент аҳолиси — деҳқонлар, чорвадорлар, ҳунар аҳли, уларнинг бола-бақраси — аксарият персонажлар нафақат кийим-боши, яшаш муҳити, балки ўзининг хос тили ва муомала маданияти, тириклик аъмоллари билан қизғин ҳаёт аталмиш яхлит манзаранинг узвий қисмлари сифатида намоён бўлади.

XV асрнинг сўнгги чорагидаги Мовароуннаҳр, хусусан, Фарғона мулки, Андижон ва Самарқанддаги нисбатан осойишта ҳаёт тасвири ва талқини муаллифнинг ҳам тарихий, ҳам табиий, ҳам ижтимоий-иқтисодий илмлардан яхши хабардор эканини кўрсатади. Унинг бу имкониятлари қаҳрамонлар руҳий ва жисмоний ҳолатларини тасвирлашида, ҳар бир персонаж даражасига мос тил ва гапириш услубини танлашида, ҳодисалар кечаётган даврнинг географик, табиий, тарихий, сиёсий, маънавий-мафкуравий муҳитини ишонарли алфозда жонлантира олишида яққол сезилади.

Бугун мамлакатимизда миллий тарихни чуқур идрок этиш, ўтмиш аждодларимизнинг инсоният тамаддунига қўшган беқиёс ҳиссасини аниқ ва бор кўлами билан билиш ҳамда дунёга билдириш муҳим вазифа сифатида кун тартибига қўйилаётган экан, бунда “Императорнинг туғилиши” сингари асарлар сизу бизга беминнат ёрдамга келади. Бинобарин, ёш авлод — азиз фарзандларимизнинг ўз олдига улуғвор мақсад-мўлжаллар қўйишида, қалбида шундай шижоат уйғонишида айни қисса қаҳрамонлари таъсирли намуна, ижобий идеал вазифасини бажариши мумкин. Шундай экан, қўлимизда турган янги китоб — Дурбек Қўлдошевнинг ажойиб қиссаси сарҳадларига кўнгилли саёҳатни бошлайлик!

Раҳмон ҚЎЧҚОР,

филология фанлари номзоди

Fikr bildirish