Жаҳон минбарига кўтарилган қиз

Бугун инглиз тилини мукаммал биламан, деган одам бировни ҳайрон қолдириши қийин. Аммо бухоролик Нигина Йўлдошева бизни барибир ҳайратлантирди. У ҳам хорижий тилларнинг билимдони. Инглизчани сув қилиб ичиб юборган, рус тилида бийрон сўзлашади. Энди эса, испан тилини ўрганмоқда.

Ўтган йили тенгдошимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан эълон қилинган “Кўп тиллар — бир олам” (“Many Languages One World”) номли иншолар танловида қатнашиб, ғолибликни қўлга киритганди.

— Ўзбекистон ёшлари номидан жаҳон минбарига чиқишга мушарраф бўлганимдан фахрланаман, — дейди Н.Йўлдошева. — Болаликдан чет тилларни ўрганиш баробарида ўзга халқларнинг маданияти, урф-одатлари, яшаш тарзига жуда қизиқардим. Бу бўйича янги маълумотлар олиш учун интернет сайтларини мунтазам кузатиб бораман. Халқаро танлов ҳақида ҳам шу тахлит хабар топдим. Инглиз филологияси йўналишида таҳсил олаётганим боис, лойиҳа шартига кўра, иншони бошқа тилда ёзишим керак эди. Рус тилини танладим. Ижодий ишимда миллатлараро тотувликни таъминлаш, глобал муаммоларга ечим топишга доир қарашларимни баён этганман. 170 дан ортиқ давлатнинг 5 минг нафардан зиёд вакили юборган иншолар орасидан айнан меники энг сара деб топилганини билгач, қувонганимни кўрсангиз эди.

Нигина мукофот сифатида АҚШга сафар қилиб, Бостондаги Northeastern университетида малакасини оширди. Кўплаб дўстлар орттирди. Бундан ташқари, БМТнинг бош қароргоҳида ўтказилган Ёшлар форумида ҳам қатнашди. Дунёнинг турли бурчакларидан келган тенгдошларига мамлакатимизда амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар, бунёдкорлик ишлари, ёшларга оид давлат сиёсатининг натижалари, фан, таълим, санъат, спорт ва бошқа соҳалардаги ўзгаришлар ҳақида сўзлаб берди.

— Иштирокчилар мени тик оёқда туриб олқишлаганда, рости, ўзимни тутиб туролмай, йиғлаб юбордим, — деб ўша ҳаяжонли лаҳзаларни хотирлайди суҳбатдошимиз. — Ўзбекистон қизи эканимдан ғурурланаман. Энди тил ўрганишга иштиёқим янада ортган.

Нигина Йўлдошеванинг барча орзу-истаклари ижобат бўлишига, у бундан кейин ҳам катта марраларни забт этишига ишонамиз. Омад сизга ҳамиша ёр бўлсин, азиз тенгдошим!

Л. САТТОроВА

Fikr bildirish