Навоий: Мақсад — муаммоларга муросасизлик

Кредит ололмаётганлар бор

Кармана туманида ёш фермерлар билан ўтказилган очиқ мулоқот давомида соҳадаги ислоҳотлар самараси ҳамда истиқболлари баробарида, айни вақтда ўз ечимини кутаётган муаммолар ҳам дадил тилга олинди.

“Обод турмуш келажаги” фермер хўжалиги раҳбари Наргиза Маманова пахта ва ғалла режасини ортиғи билан бажариб келмоқда. Иссиқхонаси ҳам бор. Энди у етиштирган меваларини қайта ишлаб, қуритилган ҳолда хорижга экспорт қилмоқчи. Ёш фермер махсус цех очишга тайёр (шу аснода15 нафар киши иш билан таъминланади). Фақат технологияни харид қилиш учун банкдан кредит олишда қийналяпти. Ўзбекистон ёш фермерлар кенгаши бу борада Наргизахонга ёрдам қўлини чўзадиган бўлди.

Тадбир давомида иштирокчилар ер олиш, бизнес режа тузиш, гаров таъминоти, айланма маблағни шакллантириш ва бошқа масалалар юзасидан ҳам мутахассисларга юзланди. Ҳар қайси муаммони индивидуал тарзда кўриб чиқиб, ҳал этиш бўйича ҳудуд мутасаддиларига аниқ топшириқлар берилди.

Ҳафталик доирасида Кармана тумани ҳокими “Агрокластер” ўқув-тажриба ҳудудини ташкил этиш учун 33 гектар ер майдони ажратди. Энди бу ерда ёш фермерлар балиқчилик, асаларичилик, боғдорчилик, чорвачиликдаги замонавий тенденциялар билан танишиб, билим ва тажриба алмашиши мумкин бўлади.

 

Насиба ФАЙЗИЕВА, ёш тадбиркор (Нурота тумани):

 

— Момомерос ҳунар — каштачилик билан шуғулланаман. 13 нафар шогирдим бор. 2017 йилда “Менинг бизнес ғоям” танловида ғолиб бўлдим. Мукофотига менга “Халқ банки”нинг туман филиали 8 миллион сўм миқдорида кредит ажратиши керак эди. Бироқ ҳанузгача ваъда қилинган маблағни ололганим йўқ. Иттифоқнинг туман кенгаши муаммони ҳал қилиб берди.

 

Ёндашув ўзгаради

Навоий давлат университети қошидаги компьютер ва ахборот технологиялари лицейида Ёшларга ижтимоий-психологик ёрдам кўрсатиш маркази мутахассислари томонидан семинар-тренинг ўтказилди. Унда умумтаълим мактабларидаги бошланғич ташкилот етакчи ва психологлари, шунингдек, маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларининг диний маърифий ва маънавий-аҳлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари иштирок этди.

— Ажримларнинг олдини олиш, ёшларни оилага тайёрлаш, нотинч оилалар билан ишлаш борасида керакли тавсиялар олдик, — дейди “Мустақиллик” маҳалла фуқаролар йиғини раиси маслаҳатчиси Муборак Рўзиева. — Уларни амалиётга татбиқ этсак, ўйлайманки, фаолиятимизнинг самарадорлиги янада ортади.

Шунингдек, семинарда турфа феълли ёшлар билан ишлаш, бола хулқининг бузилиш сабаблари ва бунинг олдини олиш борасида ҳам тегишли маслаҳатлар берилди. Уюшмаган ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш муаммолари муҳокама қилинди. Таълим муассасаларидаги психолог-мутахассислар билан тушкунлик ҳолатидаги, жиноятга мойиллиги бор, ўз жонига қасд қилишга уринган ёшлар билан мулоқот қилиш талаблари ўрганилди. “Ягона микрофон”, “Ўнг қўл қоидаси” каби замонавий педагогик технологияларни қўллаш бўйича тавсиялар берилди.

— Хулқи ёмон ёшлар ва уларнинг ота-оналари билан ишлашда турли қи­йинчиликларга дуч келаётган эдим, — дейди Навоий шаҳридаги 1-ихтисослаштирилган умумтаълим мактаби етакчиси Дилноза Ризаева. — Энди улар билан ишлашда янгича ёндашув ва самарали усулларни ўрганиб олдим. Улардан албатта, фойдаланаман. Бу каби семинарлар ҳар бир туманда ўтказилса, янаям яхши бўларди.

Ёшларга психологик хизмат кўрсатиш маркази томонидан Кармана туманида ҳам шундай семинарлар ташкил этилди. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди. Муҳими, мақсад ҳам шу эди.

 

Таклифлар ёмон эмас

“Ёшлар ҳафталиги” доирасида Республика ёш олимлар кенгаши вакиллари Қизилтепа агросервис ва транспорт касб-ҳунар коллежида илмий салоҳиятга эга йигит-қизлар билан учрашув ўтказилди. Тадбир давомида ёшлар ўз лойиҳа ва ишланмаларини  намойиш этди. Масалан, 1-мактаб ўқувчиси Файзжон Курашов муқобил энергия асосида ишлайдиган замонавий трактор яратган. У экологияга зиён етказмаслиги, камчиқимлиги ҳамда кўп функцияли экани билан ажралиб туради.

Учрашув давомида ёш ихтирочилар республика миқёсидаги танловлардан хабардор эмаслиги, улар таълим олаётган муассасада махсус тўгараклар деярли йўқлиги аниқланди. Ёш олимлар кенгаши мутахассислари қизилтепалик йигит-қизларга илмий лойиҳа ва ишланмаларини мукаммаллаштириш бўйича керакли тавсиялар берди. Ўқувчилар Навоий давлат кончилик институти профессор-ўқитувчиларига бириктирилди.

Шу ўқув даргоҳининг ўзида бўлиб ўтган навбатдаги жонли мулоқот давомида эса, талабалар“Ёш олимлар” журналини чоп этиш, Интеллектуал мулк агентлигининг Навоий филиалини очиш каби таклифларни илгари сурди.

 

Сардор ва поспон — ҳамкор

Ҳафталик доирасида Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институти ҳам семинарлар ўтказмоқда. Унда “Камалак” болалар ташкилоти бош сардорлари, ҳудуддаги маҳалла посбонлари иштирок этяпти. Институт мутахассислари сардор ва етакчиларга ёшлар билан ишлашда дуч келаётган муаммоларни бартараф этиш борасида зарур маслаҳатлар бериб, уларнинг маҳалла посбонлари билан ҳамкорлигини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Жумладан, Нурота, Навбаҳор, Конимех, Томди ва Зарафшон туманларида ўтказилган семинар-тренингда ёшларга амалий кўмак бериш борасида таклиф ва мулоҳазалар ўртага ташланиб, муҳокама қилинди. Шунингдек, сўровнома ўтказилиб, айрим етакчи ва посбонларнинг етарли билимга эга эмаслиги аниқланди. Баъзи жойларда посбонлар етакчилар билан алоқани бутунлай тўхтатгани аён бўлди.

— Тенгдошларимизни юрт тараққиёти йўлида бирлаштириш — бош вазифамиз, — дейди Нурота туманидаги 55-умумтаълим мактабининг “Камалак” болалар ташкилоти бош сардори Севинч Раҳмонова. — Афсуски, аксарият ҳолларда посбонлар билан алоқамиз узилиб қолганди. Бугунги семинар орқали бир-биримизни яқиндан таниб, келгусида бажаришимиз лозим бўлган ишларни белгилаб олдик.

Саҳифа материалларини Жавлон Вафоев,

Санжар Эшмуродов, Дилноза Абдуҳамидова тайёрлади.

Ж.Эркинов, Ш.ўайбуллаев

Fikr bildirish