Пушаймонлик

— Биродарлар, марҳума қандай аёл эди?

Имомнинг бу мурожаатидан халойиқ қалқиб тушди.

Одамлар орасидан “Баҳоси йўқ эди”, “Мусичадек беозор эди”, “Жаннати аёл эди”, деган таърифлар эшитилди.

Бу мақтовлар Қодирнинг юрагини пора-пора қилди, гўёки  кўнглидаги пушаймонлик оловига мой сепди. Назарида ҳамма унга тикилгандек, ижирғангандек туюлди. Боши эгилди.

Қодирнинг онаси хокисор, бутун умрини оиласига, тўрт ўғлига бахшида этганди. Уч ўғли эл ичида ҳурмат-эътибор  топди. Лекин гуруч курмаксиз бўлмас экан. Кенжа ўғил — Қодир оила шаънига путур етказадиган жамики ишларга қўл урди. Олий маълумотли бўлса-да, бир ишнинг бошини тутмади. Обрўли хонадоннинг бамаъни қизига уйлантиришди. Оилалиман, икки фарзанднинг отасиман, демади. Улфатбозлик, ичкиликбозликдан тийилмади. Кафеда муштлашиб, бировнинг жағини синдирган ҳам шу, машинада одам урган ҳам шу.

Онаси шиша синиғи устида юргандек кун кўрарди. Отаси ва акаларининг насиҳатлари кор қилмади. Унинг қилиқларидан безор бўлиб ҳовлидаги устунга боғлаб урмоқчи бўлишди. Ялангоёқ, рўмолсиз уйдан югуриб чиққан онаизор Қодирга қалқон бўлди. Ўғил тўғри йўлга юрмади, она қалқон бўлишдан чарчамади. Лекин кун келиб қалқон ҳам букилар, синар, парча-парча бўлар экан.

Кечгача уй юмушларидан тинмайдиган аёл қон босими ошадиган, юраги санчиб ётиб қоладиган бўлди. Худбин фарзанд эса, онасининг аҳволига парво ҳам қилмасди. Хотини унинг одам бўлмаслигига кўзи етди, чоғи, икки боласини олиб уйдан чиқиб кетди. Зўрға юрган онаизорга бу зарба дард устига чипқон бўлди, уни йиқитди.

Шифокорлар умид ёлғиз Оллоҳдан эканини айтиб, уйга рухсат берди.

Онанинг аҳволи оғир эди. Чилёсин ўқиётган муллалардан бири чиқмаган жондан умидвор турган ота ва ўғилларни ичкарига чорлади. Бемор базўр нафас олар, лекин фикри тиниқ эди.

— Қодиржон, болам, ёнимга кел, — дея она негадир биринчи бўлиб унга юзланди. — Сенинг олдингда айбдорман, қароғим. Кўнглингга йўл тополмадим. Нима хоҳлашингни билолмадим.

Она хирқираб қолди. Кўз ёшлари ёстиққа сизиб оқди.

— Болаларим, мендан кейин Қодиримни ташлаб қўйманглар, ёмон деб кўксидан итарманглар. Қодиржон, болам, куним битиб турибди, ўлсам қабрга ўзинг қўйгин, хўпми?! Фақат қўяётиб кўз ёш тўкма, ўзим ўргатган оятлардан ўқи. Кўмиб бўлгандан сўнг халойиққа қўшилиб, бир ўзимни ёлғиз ташлаб кетмагин, ўтириб Қуръон тиловат қилгин, қўзим. Мени кечир, болам.

Бемор ғарғара тортди. Ўғил карахт бўлиб қолди, онасининг музлаб қолган қўлларини маҳкам ушлаб олган, гўё шундай қилса уни олиб қоладигандай.

Қодир онасини қабрга қўйди. Волидаси айтганидек, оломон тарқалса ҳам қабр ёнидан жилмади. Қуръон тиловат қилиш ҳам эсидан чиқиб кетган экан, билганини ўқийверди.

Қабристондан чиқаётиб жудаям қимматли гавҳаридан ажралганини, бу йўқотишга сабабчи ўзи эканини тушунди. Анчадан буён инсоний ҳис-туйғулардан мосуво бу кимсани пушаймонлик ўз исканжасига олди.

Насиба АБДУЛЛАЕВА

Fikr bildirish