Сепимга китоб йиққанди

Бувим боғдорчиликка қизиқарди. Бу соҳанинг сир-асрорини ҳам билган. Ҳатто ҳовлиларидаги битта дарахтда икки хил мева ўсганини кўрганмиз. Бувимнинг дарахтларни пайвандлаш асосида ана шундай ғаройиб навларни яратиши мени доимо лол қолдирарди.

8 март арафаси эди. Ғайбулла амаким жўраси билан бувимнинг боғига келиб, чамаси ўнта кўчат олиб кетди. Ўшанда мактабдан эндигина қайтгандим. Меҳмонлар кетгач, бувим кўчатнинг ярим пулини ажратиб:

— Қайси китобга пул етмаётган эди? — деб сўради.

— “Ўзбек халқ эртаклари”га.

— Уни олиб бергандим-ку, — ҳайратланди бувим.

— У биринчи қисми эди. Иккинчиси ҳам бор.

Бувимнинг чеҳраси ёришди. Негаки китоб ўқишимизни ҳамиша хушлаган. Шундай қилиб, бувим мен истаган китобни сотиб олиб берди.

Тўй куним сира ёдимдан чиқмайди. Сарполаримни машинага ортаётганларида катта қоғоз қути йиртилиб, китоблар ерга сочилиб кетди. Қайнонам билан гаплашиб турган бувим қудаларга қараб: “Қизимнинг сепига китоб йиққанман. Насиб этса, олима бўлади”, — деди.

Энди ўйлаб қарасам, умри ҳалол меҳнатда ўтган бувим илм инсоннинг зийнати эканини яхши англаган. Ўзи вақтида ўқиш-ёзишни ўргана олмаган, китоб мутолаа қилишга имкони йўқ бўлса-да, ҳаёт сабоғини яхши уққан экан.

Сайёра ТЎЙЧИЕВА

Fikr bildirish