Узилган ришта

Ўн ёшимда рўй берган бир воқеа туфайли шаҳарни орзуламай қўйганман. Қиш кунлари эди. Бувим саҳар туриб патир ёпди. Ширмойи нонлари шунақанги бежирим чиқдики, синдиришга кўзим қиймасди. Бувим патирларни меҳр билан дастурхонга ўради, саватчага олма, хурмо, ёнғоқлардан солди. У меҳмондорчиликка борадиган бўлсагина онамга айтмай ўзи нон ёпарди.

Тугунини тугиб, қаергадир отланаётган бувимни ётган жойимда сўроққа тутдим:

— Қаёққа, бувижон?

— Тошкентга, Нилуфар опангникига кетаяпман. Раҳматли қайнопам тушимга кирибди. Жиянимни бир бориб кўриб келай. Бечоранинг йўқловчиси йўқ. Ўзининг ҳам қишлоғимиздан қадами узилди-қолди. Балки, ишлари кўпайиб кетгандир. “Мўниқ”лар ҳолидан хабар олиб туришимиз керак, болам, — деб тушунтирди эринмасдан.

Бувим ўзи шунақа, савол берсангиз, батафсил жавоб қайтаради. Катта аммамиз, яъни бобомнинг опаси қазо қилганига анча бўлди. У киши фарзанд кўрмаган, Нилуфар опани кейинчалик асраб олган экан. Катта аммамиз ёлғиз боши билан шу қизига бор меҳрини бериб, ўз боласидек улғайтирди, Тошкентда ўқитди, шаҳарга, обрўли хонадонга узатди. Бувимнинг айтишича, ҳозирда у олима бўлиб етишибди.

— Мени ҳам олиб кетинг. Тошкентга сира бормаганман, — дедим эркалик қилиб. — Ўтган сафар Мухтор акамни олиб борди­нгиз-ку!

— Майли, турақол, юз-қўлингни ювиб, кийин, чопқилла, — деди бувим эшикка ишора қилиб.

Қувонганимдан ичимга сиғмай, ҳаммага бир-бир мақтаниб чиқдим. Синглим Сайқал ҳам бизга эргашганди, онам койиб берди.

— Бувинг катта шаҳарда иккаланг билан қийналади. Сен кейинги сафар мен билан борасан, — деди.

Йўлга тушдик. Кун анчайин совуқ, изғирин шамол қор парчаларини у ёқдан-бу ёққа учирарди. Совуқдан жунжикиб борарканман, қўлимдаги оғиргина тугунни улоқтириб юборгим келар, ўзимга-ўзим: “Шундай совуқда меҳмонга бориб нима қилардим”, — деб тўнғиллардим. Мендан ҳам бувимга қийин бўлди. Икки қўлида ҳам оғир сумка. Ниҳоят, машина тўхтатиб, ўтирдик. Бувимнинг иссиққина пинжига тиқилиб, бироз мизғиб ҳам олдим. Шаҳаргача икки-уч соат чамаси йўл юрдик. Пойтахтга биринчи бор келишим эмасми, кўркам бинолар, сершовқин кўчалар, гўзал манзараларни кўриб ҳайратдан оғзим очилиб қолди. Анчагина пиёда юриб, сўнг бир кўчага бурилдик. Бувим у ёқ-бу ёққа аланглаб, бир муддат иккиланиб қолди.

— Шаҳар кундан-кунга  ўзгариб кетяпти. Нилуфар опангнинг уйи қайси эди-я.., — деди.

Шу пайт бир амаки ёнимизга келиб тўхтади. Меҳмон эканимизни пайқади чоғи, бувим билан омонлашди.

— Холажон, кимнинг уйини қидиряпсиз? Манзилингиздан адашдингизми? — деди у хушнавозлик билан.

— Ҳа болам, шаҳар жуда бошқача бўлиб кетибди, бу ёғи қаричилик, — жавоб берди бувим ҳамон ўйчан қиёфада ва бирдан чўнтагини ковлаб, кичкина қоғоз чиқарди. Дадам Нилуфар опанинг рақамини ёзиб берган экан.

Шаҳарлик амаки қўл телефонидан қоғоздаги рақамни териб, бувимга тутқазди. Бувим Нилуфар опага шаҳарга келганимизни, уйини топа олмаётганимизни тушунтира бошлади.

— Уйда эмасмидинг?.. Эсиз, хабар бериб келсак бўларкан-а, — деди бувим бўшашиб. Биз жуда толиққандик. Совқотиб кетганимизни кўриб ачиндими, ҳалиги амаки бизни уйига таклиф қилди. Лекин бувим унамади. Ортимизга қайтаётгандик, бир машина ёнимизга келиб тўхтади. Уловдан савлатли киши тушди ва бувим билан сўрашди. У Нилуфар опанинг эри экан.

— Холажон-ей, бир келибсиз-да биз томонларга, — деди бояги амаки ўта хушмуомалалик билан. — Меҳмонга зормиз. Қани, кетдик уйга, нима қилиб турибсиз ўзи бу ерда?

— Нилуфар уйда йўқ экан. Шунга қайтиб кетаётгандик. Мана буларни сизларга қишлоқдан олиб келгандик, — деди бувим тугунларни у кишига узатар экан.

— Нега уйда йўқ бўларкан, қаёққа кетади? Қани, юринглар-чи, — дея қўярда-қўймай бизни машинасига ўтқазди. Бувим ҳам нима қиларини билмай, итоаткорона эргашди. Уларнинг уйи биз турган жойдан уч дарвоза нарида экан. Эшик ланг очиқ. Ичкаридан бир тўда башанг кийинган меҳмонларни кузатиб чиқаётган аёл — Нилуфар опа чиқиб келди. У бизни кўриб, нима қиларини билмай каловланиб қолди.

— Узр, бугун уйда меҳмонларим бор эди, — дея ўзини оқлашга тушди.

— Ҳечқиси йўқ, ўзи шаҳарга бир юмуш билан келгандик, болам, ҳозир кетамиз. Бироз кеч қолсак, машина тутишимиз қийин бўлади, — деди бувим алланечук синиқ овозда.

— Вой, нега кетаркансиз, ўзи озиб-ёзиб бир келиб қолибсизлар, — деди Нилуфар опа бувимнинг ранжиганини сезиб.

Нилуфар опанинг эри қандайдир ҳужжатлари қолиб кетгани учун қайтган экан. У бугун кетмаслигимизни қайта-қайта тайинлаб, яна шошилганча машинага ўтирди. Бувим худди унинг кетишини пойлаб тургандек дарров қўлини фотиҳага очди:

— Илоҳим, бундан-да юксак мартабаларга эришинглар, болам. Фарзандларингиз роҳатини кўринг. Тинчлик-омонлик бўлсин. Омин!

Нилуфар опа бизни олиб қолишга ҳарчанд уринмасин, бувим барибир унамади. Хуллас, дарвоза ёнидан ортимизга қайтдик. Азбаройи совуқ жон-жонимиздан ўтиб кетганидан юришга ҳам мадоримиз қолмади. Аҳволимизни кўрган ёшгина ҳайдовчи йигит бизни қишлоққача элтиб қўйди. Бувим йўл бўйи чурқ этмади. Мен ҳам жим кетдим. Кўнглидан нималар ўтаётганини билмасам-да, унга ич-ичимдан ачиндим.

Сарвиноз МАМАНОВА

Fikr bildirish