Қозоғистонлик тенгдошларимиз ҳайрати

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамда Ёшлар туризми агентлиги томонидан илк маротаба қозоғистонлик бир гуруҳ ёшларнинг юртимизга саёҳати ташкил қилинди

Турли соҳалар бўйича салмоқли ютуқларга эришган 18 нафар иқтидорли ва фаол йигит-қиздан иборат делегация аъзолари кўҳна Самарқанддаги тарихий ёдгорликларни кўздан кечириб, халқимизнинг бой маданий мероси билан яқиндан танишди.

— Дастлаб Шаҳрисабз шаҳрида бўлиб, кейин Самарқандга йўл олдик, — дейди Мадина Бигабатова. — Ўзбекистонга келишдан олдин интернет орқали кўплаб маълумотлар тўплагандим. Лекин минг марта эшитгандан кўра, бир бор келиб кўрган афзаллигига мана, бугун ишондим. Дунёга машҳур Регистон майдони мени сеҳрлаб қўйди. Амир Темур мақбарасини зиёрат қилаётганимда қалбимда ажиб туйғулар уйғонди. Ҳа, Самарқанднинг жозибаси ўзгача. Бежиз бу гўзал шаҳар “Шарқ гавҳари”, деб аталмас экан. Саёҳатдан кўнглим тўлди. Лекин ҳали биз кўрмаган жойлар кўп. Ўзбекистонга, албатта, қайтиб келаман!

Алишер ИСРОИЛОВ

Fikr bildirish