Ўрганиш ва ўзгариш вақти келди

Ўтган йили куз илиқ келди. Ёғингарчилик ҳам кўп бўлмади. Хуллас, қишлоғимизда ҳамма тўй қилишга тушди. Тўйхоналар сира тин олгани йўқ. Сабри етмаганлар тарақа-туруқ қилиб ҳовлисида ҳам тўй ўтказаверди…

Турдибойнинг бир куни

 Бутун оламда ундан-да боқибеғам инсон топилмаса керак. Тўйлар мавсуми бош­ланди-ю, таклифномалар дўлдай ёғилди. Ҳали у қиш­лоқда шодиёна, ҳали бу қиш­лоқда. Бир жойда ёлчитиб ишламайдиган Турдибойга бу мойдек ёқиб тушди. Эрталабдан наҳорги ошга югуради. Тушга яқин аранг оёғини судраб келиб, кечгача илондай чўзилиб ётади. Кечқурун яна “базм”. Ярим кечада сархуш, уйини зўрға топиб келади…

Турдибой яшайдиган Янгиработ қишлоғи унчалик катта эмас. Иш жойлари етмайди. Унумдор ерлар ҳам оз. Одамлар катта шаҳарларда, ҳатто хориж­га бориб ишлаб келади. Аммо тўй қилишга келганда, янгиработликларнинг олдига тушадигани йўқ. Топганини дабдабага совурса совурадики, аммо тадбиркорлик қилиб, бошқаларга наф келтирай демайди. Мактаб ва қишлоқ кутубхоналарининг эса, анчадан буён “ҳолига маймунлар йиғламоқда”.

 

Деҳқон қирқ кун зиёфат беряпти-я!

Илгари наҳорги ош дас­турхони камтарона ёзиларди. Ҳозир эса, мутлақо бош­қача манзара. Эртакларда подшоларнинг қирқ кечаю қирқ кундуз тўй бергани ҳақида ўқиганмиз. Не замонки, ҳозир оддий одамлар ҳам бу масалада шоҳлардан қолишаётгани йўқ.

— Яқинда кичик ўғлимни уйлантирдим, — дейди қашқадарёлик соҳибкор-боғбон Рустам Мусурмонов.— Дастлаб “нон синдирди”ни ўтказдик. Карнай-сурнай, ўйин-кулги авжида бўлиб, катта тўйдан қолишмади. Бироздан сўнг “кичик тўй” берилиб, қуда томонга сандиқларда (уларни тўлдириш машаққатини айтмай қўяқолай!) кийимлик ва ҳоказоларни жўнатдик. Яна катта зиёфат бўлди. Никоҳ кечасини-ку ўзингиз тасаввур қилаверинг. Ундан сўнг, ”юз очди”, “куёв чақирди”, “жой йиғди” маросимлари — ҳар бири ўзгача базм. Чамалаб кўрсам, тўй деганлари ҳам барча расм-русумлари билан қирқ кунга чўзилди.

 

Тўйга пул бор, ўқиш эса, кутиб турсин

Яқинда бир воқеанинг гувоҳи бўлиб ҳайратда қолдим. Қўшнимиз дабдаба билан уйланди. Орадан кўп ўтмай, укаси тўлов-шартнома асосида олий ўқув юртига кирди. Аммо ўқимади. Контракт тўлашга оиланинг қурби етмасмиш. Ўйлаб қолдим: бир тўйга камида йигирма-йигирма беш миллион сарфлаймиз. Баъзи олийгоҳларда бу пулга бир эмас, бир неча йил таълим олса бўлади. Бироқ билим олиш учун сармоя киритишга негадир кўзимиз қиймайди…

 

Изғирин ҳам чўт эмас

 Иш юзасидан туман марказига кетаётгандим. Январь ойи, ташқари аёз. Одамлар қалин кийинган. Бир пайт усти очиқ хориж машинасида келин-куёв ўтиб кетди. Этим жунжикди. Наҳотки, изғиринда шундай “сайр”ларнинг мавриди бўлса?! Э, йилдан-йилга кўпайиб бораётган бемаъни орзу-ҳаваслар олдида бу совуқлар нима бўлибди? Бунинг устига қимматбаҳо машина ҳамманинг кўзини қамаштираётган бўлса…

Хуллас, хоҳлаймизми-йўқми, тўй-ҳашамлардаги дабдабаю исрофгарчиликлар ҳамон жамиятимиз учун оғриқли масала бўлиб қолмоқда. Бу ҳақда ҳар қанча гапирмайлик, муаммо ечимини топгани йўқ. Юқоридаги ҳолатларни ҳаётдан келтирдик. Хулоса ўзингиздан. Фақат ўзгариш ва ўрганиш вақти келди, чамада. Уйғонайлик, юртдошлар. Акс ҳолда, бошимиз ғавғодан чиқмай қолиши аниқ.

Улуғбек ОРИПОВ

 

Fikr bildirish