Ўринли танбеҳ берилди

Боғот тумани ҳокими ҳудуддаги ёш тадбиркорлар билан учрашди

Ўзаро мулоқот чоғида иштирокчилар ўзларини қийнаётган масалалар ҳақида очиқ-ойдин гапирди. Жумладан, “Худойберган Хоразм транс” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Худайберган Вафоев кредитга автобус олмоқчи эканини айтиб, гаров фоизини камайтириш бўйича ёрдам сўради. “Боғот мастер” оилавий корхонаси раҳбари Беҳзод Ўринов эса, фаолиятини кенгайтириш мақсадида қўшимча жой топишда қийналаётган экан.

Шундай қилиб, учрашув чоғида ўн нафардан ортиқ тенгдошимизнинг мурожаати тингланди. Туман ҳокими Жўрабек Раҳимов ҳар бирига эътибор қаратиб, айрим мутасадди шахсларга лоқайдликка йўл қўяётгани учун ўринли танбеҳ берди. Муаммоларни тезкорлик билан ҳал этиш юзасидан “Йўл харитаси” ишлаб чиқишга келишилди.

Равшана ҚУРЯЗОВА

 

Fikr bildirish