Дўстлигимиз абадий

Ўзбекистон Респуб­ликасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси ўз ичига қамраб олган бешта устувор йўналишлардан бири хавфсизлик, миллатлар­аро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлашдан иборат бўлиб, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритишни тақозо этади. Мана шундай ҳаракатлар натижаси ўлароқ, қўшни республикалар ва қардош халқлар ўртасидаги алоқалар янги поғонага кўтарилмоқда. Буни Турк­манистон билан муносабатларимиз мисолида ҳам кўриш мумкин.

Икки миллат ўртасидаги дўстлик ва биродарликни Ашхободда Ислом Каримов ҳайкали, Тошкентда эса, Махтумқули ҳайкали ҳамда “Ашхобод” боғининг очилиши, давлатларимиз раҳбарларининг турли соҳа ва йўналишларда бошлаган хайрли ташаббуслари, қўйингки, туркманга тўрт юз йил муқаддам ўз бағридан жой берган Улли Ҳовли маскани ҳам яққол намоён этади.

Бизни туркман халқи билан боғлаб турган ришталар узоқ ўтмишга бориб тақалади. Бир ирмоқдан сув ичамиз, ерларимиз бир-бирига туташ. Ҳатто таомларимиз ўхшаш. Масалан, Хоразмнинг мазали чўраги туркманларда ҳам тайёрланади. Бўғирсоқ пишириш, ош дамлаш одатлари ҳам бор. Туркман тўйлари-чи, ўзбекларсиз ўтмайди. Шунчалик бирдам, ҳамжиҳатмиз!

Дунёга донғи кетган Маъмун академияси ва унда фаолият олиб борган улуғ алломалар ўзбекнинг ҳам, туркманнинг ҳам аждодлари эмасми? Қардош халқнинг шоиру адиблари-да биз учун ҳам севимли ва ардоқлидир. Уларнинг шеърлари аллақачон қўшиқ қилиниб, миллионлаб юртдошларимиз қалбидан жой олган. Чунончи атоқли туркман шоирлари — Махтумқули, Мулланафас, Андалиб, Зелилий барчамизга бирдек таниш. Ўзбекистонда Мулланафас таваллудининг 200 йиллиги, Махтумқули таваллудининг 290 йиллиги кенг нишонлангани, шаксиз, уларнинг бой ижодий меросига бўлган чуқур ҳурматимиз ифодасидир.

Туркманистондан ўзбекка келин бўлиб тушган ажойиб ижодкор, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Гавҳар Ибодуллаева шундай дейди: “Мен киндик қони туркман заминида тўкилиб, бахтини Ўзбекистондан топган толеи порлоқ аёлман. Икки миллат ўртасидаги азалий дўстлик ва биродарлик ришталарини адолатпеша, бағрикенг президентларимиз янада мустаҳкамлаётганини кўриб, кўксим тоғ қадар кўтарилади.

Махтумқули ёзганидек:

Айтинг Фироғийнинг икки эли бор,

Бири Атрак бўлса, бири Хоразм.

Айтинг Фироғийнинг икки кўзи бор,

Бири туркман бўлса, бири ўзбагим.”

Юртбошимиз ташаб­буси билан ўзбек театр санъатининг бир гуруҳ вакиллари яқинда Туркманобод шаҳрида бўлди. Маҳаллий халқ уларни ёруғ юз, бир олам қувонч билан қарши олди. Меҳмонлар қаерга бормасин, “Яшасин ўзбек-туркман дўстлиги!” хитоби баралла янграб турди. Махтумқулига халқимизнинг ҳурмати қанчалик баланд бўлса, Навоий бобомизга туркман эли шунчалик эҳтиром кўрсатади. Бундай муносабат ёш авлодга ҳам сингаётганидан беҳад қувонасан, киши. Биз буни 2017 йилнинг ноябрь ойида Туркманистонда бўлиб ўтган Ўзбекистон маданияти кунлари давомида чуқур ҳис этдик.

Туркман шоири Қора Сайитлиев шундай сатрлар битган:

Туркманнинг уйида мажлис очилса,

Навоийдан бошланар бахшилар сози.

Ўзбекнинг уйида маъни сочилса,

Фироғийдан бўлар донолар сўзи.

Яна бир қизиқарли кузатув: тақдирни қарангки, бир вақтлар Ҳазрат Навоий вазир сифатида Марв, Ниса (Ашхобод) яқинидаги шаҳарларни обод қилишга интилган эди. Энди эса, туркман халқи Навоий қадами теккан жойларни зиёратгоҳларга айлантирган.

Узоққа бориб ўтирмайлик, машҳур туркман адиби Хидир Дарёев ўзбек романчилиги асосчиси Абдулла Қодирийни ўзига устоз деб билган. ўафур ўулом билан Берди Кербобоев, Зулфия билан Товшон Эсенова дўст, ҳамфикр бўлгани ҳам бор гап. Демак, адабий ўйларимиз, маънавий дунёмиз жуда яқин.

Тарихдан маълумки, Х асрда Тажан дарёси устида қурилган Пули хотин кўприги орқали аждодларимиз қуда-андачилик, савдо-сотиқ баҳонасида бир-бирлари билан борди-келди қилган. Кейинчалик Ҳазрат Навоий ҳам шу кўприкдан Сарагтга ўтган. Буни қарангки, мазкур иншоот Андижон, Марғилон, Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларига отланган Махтумқулининг оёқларига ҳам пойандоз бўлган эди.

Аслида икки халқни боғловчи бундай кўп­ригу йўллар жуда кўп. Ўзбек ва туркманнинг муштарак нияти шуки, бу йўллар қалб ва дас­турхонимиздек доимо очиқ турсин! Икки халқ, икки давлатнинг дўстлиги абадий бўлсин!

Сардор БЕКТЕМИР, ЎзМУ талабаси

 

Fikr bildirish