Заҳарли тутундан асар ҳам қолмайди

“Чанг ва ғубор бўлмаганда эди, инсон минг йил яшарди”, дея таъкидлаганди бобомиз Абу Али ибн Сино. Қаҳрамонимиз эса, ғуборнинг нафақат инсон саломатлиги, балки табиат учун ҳам зарарли эканини англаб етди.

Тоғ ён бағридаги сўлим гўшалардан бирида туғилган Феруз Муродиновнинг болаликдан ҳайвоноту наботот оламига меҳри бўлакча эди. У илм-фан ва техникага бўлган қизиқиши билан тенгқурларидан ажралиб турарди.

Онаси Махфират аянинг айтишича, Феруз мактабда ўқиб юрган кезларидаёқ кимё ва физика фанларига меҳр қўйган. Янгиликка ўч болакай дастлаб уй юмушларига ёрдамлашувчи кичик қурилмаларни ясай бошлади. Чироқчи енгил саноат касб-ҳунар коллежига ўқишга киргач, устозлари — Олим Холиқов ва Бахтиёр Ҳайдаров кўмагида иқтидорини сайқал топтирди. Турли танловларда ҳам иштирок этди. 2013 йилда “Юрт келажаги” иқтидорли ёшлар танловининг республика босқичида ғолиб бўлди.

Беш йиллик тинимсиз изланишлари натижасида ёш ихтирочи аккумуляторли ёқилғи тизимини яратиб, ишланмага патент олди.

— Мазкур тизим бир вақтнинг ўзида саноат корхоналари ҳамда автомобиллардан чиқаётган заҳарли газларни кислородга айлантириб беради ва ёқилғи сарфини тежайди, — таъкидлайди Феруз Муродинов. — Айтайлик, автомобиль 10 литр ёқилғи билан босиб ўтадиган масофага атиги 2-3 литр кифоя қилиши мумкин.

Дастлабки ҳисоб-китобларга қараганда, инновациянинг ҳаётга татбиқ этилиши атмосферага ажралаётган заҳарли моддаларни нақ 75 фоизга камайтириш имконини беради.

— Юртимизда ишлаб чиқарилаётган автомобиллар биз яратган қурилма билан таъминланса, жаҳон бозорида бетакрор брендга айланишига ишонаман, — дейди суҳбатдошимиз.

Умид қиламизки, Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йилида лойиҳа эътиборсиз қолдирилмайди. Феруз Муродиновнинг саъй-ҳаракатлари Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан ҳам қўллаб-қувватланишини хоҳлардик.

Санжар ЭШМУРОДОВ

Fikr bildirish