Истеъдоди қойил қолдирди

Ёшлар иттифоқи ҳузуридаги Ёш ижодкорлар кенгаши раиси Меҳриноз Аббосова ҳамда Имконияти чекланган ёшларни қўллаб-қувватлаш маркази раҳбари Раъно Шодиева Шовот туманидаги 1-мактаб-интернатида бўлди.

Ўқувчилар билан дилдан суҳбат қурган меҳмонлар уларнинг математика ва физика фанларидан чуқур билим соҳиби эканига амин бўлди. Инглиз тилида бурро сўзлашишини айтмайсизми! Орасида ижодкорлари ҳам талайгина.

— Бугун умидли шоир укамиз — Оғабекни кашф этдик, — деди Меҳриноз. — 6-синф ўқувчисининг уруш ҳақида ёзган шеърлари шунчалик таъсирчан ва пурмаъноки, қойил қоласан, киши. Дилдан қуйилиб келган мисраларидан англадимки, ҳаётда мақсадсиз яшашга ҳаққимиз йўқ!

Тадбир якунида ўз ижод намуналаридан ўқиб берган ўқувчиларга бадиий китоблар совға қилинди.

Шундан сўнг Раъно Шодиева Урганч шаҳридаги 96-мактаб-интернетига, Меҳриноз Аббосова эса, Ёшлар марказида ўтказилиши кутилаётган ижодий учрашувга йўл олди.

Ёш ижодкорлардан бири Ҳулкар Ражабованинг шеърини мароқ билан тинглаган М.Аббосова унинг илк китобини нашрдан чиқаришда ёрдам беришга тайёрлигини айтди. Шундай имконият  Раҳмат Бобожон тахаллуси билан қалам тебратувчи дўстимизга ҳам насиб этди.

Имконияти чекланган ёшларни қўллаб-қувватлаш маркази раҳбари Шовот туманидаги жисмоний имконияти чекланган болаларга мўлжалланган 19-мактабгача таълим муассасасига ташриф буюриб, ажойиб концерт дастури устидан чиқди.

— Мана бу кичкинтойлар қалбидан чексиз меҳр нурлари таралади, — дейди Р.Шодиева. — Ҳақиқий иқтидор аслида шулар. Сиз бўлғуси фидойиларимиз, келажагимиз эгаларисиз!

Болалар ижодидан баҳраманд бўлган таниқли актриса уларнинг ҳар бирига совға-саломлар улашди.

 Барно ЯКУБОВА

 

 

Fikr bildirish