Исфандиёр корхона очди

Муҳаббат опа катта ишга қўл урганида Исфандиёр ҳали мурғаккина бола эди. Онасининг кеча-кундуз куйиб-пишиб, тинмай ҳаракат қилаётганига ақли етар, тезроқ улғайиб, меҳрибони ёнига тиргак бўлишни орзу қиларди.

Аста-секин Исфандиёр Эркинов тадбиркорлик соҳаси билан танишиб борди. Шу орада Тошкент тадбиркорлик ва тижорат коллежини битирди. Бизнес режа тузишга уқув пайдо бўлди. Кўп ўтмай, “Нуртекс” масъулияти чекланган жамиятини ташкил қилди. Тикув цехида 32 та иш ўрни яратди. Хитойдан матога гул босувчи ва бошқа ускуналар олиб келиб, 30 хилдан ортиқ кийим-кечаклар ишлаб чиқара бошлади. Ўтган йилни корхона 500 миллион сўмлик фойда билан якунлади. Маҳсулотлар Россияга экспорт қилина бош­лангани ҳам эътиборга молик жиҳатдир.

Ҳозир ёш тадбиркорнинг ишлари анча юришган. Буюртмалар кўп. Уларни рад этиб бўлмайди. Йўқса, мижоздан айрилиб қолиш ҳеч гап эмас. Шунинг учун Исфандиёр Ҳасанбой қишлоғидаги “Мурувват текс” корхонаси билан шерикчилик фаолиятини йўлга қўйган. Бундай ҳамкорлик катта ҳажмдаги буюртмаларни бажаришда қўл келмоқда.

Қаҳрамонимиз 2017 йилда “Ташаббус” кўрик-танловида иштирок этиб, “Энг ёш тадбиркор” номинациясига сазовор бўлган. Айни вақтда Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтида таҳсил олмоқда.

— Бугун тадбиркор ёшларга берилаётган имконият ва имтиёзлар бисёр, — дейди суҳбатдошимиз. — Биздан фақат ғайрат ва салоҳият талаб қилинади. Сифатли матоларга эҳтиёжимиз катта. Аммо уларни олиб келишда қийинчиликка дуч келяпмиз. Ушбу муаммога ечим топиш устида изланмоқдаман. Шунинг­дек, корхонамиз ишчиларини хорижга малака ошириш учун жўнатишни ният қилганман.

Йигирма беш баҳорни қарши олган Исфандиёр Эркиновни ҳақли равишда ёшларга намуна бўлишга арзийдиган йигит, деб баралла айта оламиз. Тиниб-тинчимас тенгдошимизнинг келгуси фаолиятига омад ёр бўлишини тилаймиз.

Насиба АБДУЛЛАЕВА

 

Fikr bildirish