Калтак емасдан туролмайман! (ҳажвий ҳикоя)

Автобус тўла. Йўловчилар хаёлидан бу киши янглишиб чиққан, аслида унинг жойи тез ёрдам машинаси, деган фикр ўтарди. Боши боғланган, чап қўли бинт билан ўралган, бир кўзи кўкариб, шишган, иккинчиси эса, қизарган одам ҳассасига таяниб, тиқилинч орасидан автобуснинг ўртасига ўтишга ҳаракат қиларди. Оғриқдан ҳар замонда оҳ-воҳлаб қўярди. Автобус кучлироқ силкинса, танаси сочилиб кетадигандай эди, гўё.

Йўловчилардан бири унга ачиниб, жой бўшатди. У инқиллаганича ўриндиққа чўкиб, жой берган одамга қараб:

— Аллоҳ сендан рози бўлсин, — деди.

Ёнидаги киши уни таниб:

— Салом, Салмон бей, — деб кўришди.

У эса, уҳ тортиб, нафасини бироз ростлаб:

— Салом, Шарофиддин бей, — деб жавоб қайтарди.

— Ҳа, тинчликми, нима бўлди?

— Ҳеч сўраманг, уч ойдирки шу аҳволдаман.

— Аллоҳ шифо берсин, Салмон бей! Нега тобингиз йўқ? Нима бўлди ўзи?

— Э-э-э, нимасини айтасиз, бу ҳам аллоҳнинг бир синови-да. Ўзим ҳам қийналиб кетдим, аҳволим яхши эмас.

— Шифокорлар нима деяпти? Нима деб ташхис қўйишди?

— Эҳ, шифокор даволайдиган хасталик бўлса кошкийди, оғам. Ҳатто душманимга ҳам раво кўрмайман бундай дардни. Аъзойи баданим худди сочилиб кетадигандек. Оёғимни қимирлата олмайман.

— Барибир шифокорсиз иш битмайди, Салмон бей. Касалхонага ётишингиз керак.

— Бу руҳий хасталик! Оддий эмас, юқадиган дард! Жиннихонага бориб ётишим керак.

Шарофиддин бей бирдан ён томонга тисарилиб:

— Ундай бўлса асло кўчага чиқманг эди, — деди.

— Айтишга осон. Қанақасига чиқмай?.. Бу хасталикка ўзингиз чалинсангиз, кўрардингиз уйда ётиш нималигини. Касалликни ўғлимдан юқтирдим. Аммо унинг аҳволи меникидан бешбаттар! Ўғлим лицейни битира олмади. Тўққизинчи синфни икки йил деганда тугатди, зўрға ўнинчига ўтди. Ўнинчида ҳам икки йил ўқиди. Ҳаммасига шу лаънати тўп айбдор. “Эй бола, келажагингни ўйласанг-чи!” – десам ҳам парво қилмади. Мен унинг келажагидан хавотирдаман. Футбол бўлган кун ярим кечаси худди жангдан чиққандек уйга қайтади. Ниҳоят, чап оёғи синди-ю, тўп ўйнолмай қолди. Шунга ҳам хурсанд бўлдим денг. Чунки оёғи синиб қолмаганида, яна бир ўйинда уни ўлдириб қўйишлари тайин эди. Ҳамма бало-қазо синган оёғига урган бўлсин, ҳар ҳолда шу ўғлимиз кўзимизнинг оқу қораси… Бизга унинг футбол балосидан қутулганининг ўзи етарли. Вой-вой-вой, суякларим зирқираб кетяпти.

Шундай деб у яна гапида давом этди:

— Бу футбол жинниси. Бола ўзи ўйнамаса ҳам томошага бормасдан туролмайди. Ўйин Анқарада бўладими, Измирдами, фарқи йўқ, унга бир қадам. Майли, борсин, лекин ҳар сафар ўйиндан қайтгач, ётоққа михланади. Овози бўғилади. “Ўғлим, овозингга нима қилди?” — деб сўрасам, “Кўп бақирвордим, дада”, — дейди. “Бақирма, нимага бақирасан?” — дейман. У бўлса: “Сизга гапириш осон, ўзингиз бақирмай кўринг-чи!” — деб аччиқланади.

Бир кунги футболдан мияси отилиб кетай деб келса, кейинги сафар бурни қашқа, кўзи кўкарган қайтади. “Ўғлим, яна нима бўлди?” — деб сўрасам, “Ўйин пайти жанжал бўлди”, — дейди. “Тўп сурсанг бошқа гап эди, одам томоша қилиб ҳам жанжаллашадими, ўғлим?” — десам, “Албатта, жанжалсиз бўладими, дада”, — дейди. “Сен жанжалга аралашма!” — деб уқтираман. У эса яна: “Сизга гапириш осон, жанжаллашмай кўринг-чи, мен бир кўрай…”, — деб қутулади.

Хуллас, нима десам ҳам жавоби тайёр: “Сизга гапириш осон… Ўрнимда сиз бўлсангиз, ўзингиз ҳам шундай қилган бўлардингиз. Кошкийди қўлимдан келса-ю, бирдан ташлаб қутулсам…”. Бир кеча ўғлим йўқолиб қолди. Қидириб, полиция маҳкамасидан топдик. Ўйин пайти тўполон кўтаргани учун полициячилар олиб кетган экан. Яна бир кеча тез ёрдам бўлимидан топиб келдик. “Ёлвораман, ўғлим, бизга ачинмасанг ҳам, ўз жонингга раҳминг келсин! Бу кетишда охир-оқибат ўзингни хароб қилиб қўясан”, — дейман минг хавотирда. ­“Биламан, лекин ўзимни тўхтата олмасам нима қилай?! Танаси бошқа дард билмас, дейдилар, айтишга осон. Қўлингиздан келса, бир иложини қилинг”, —  дейди. “Бўпти, бу сафар ўзим бораман сен билан, бир кўрай-чи”, — деб ўғлим билан стадионга бирга бордик.

Ўйин бошланди. Қайси жамоага-ишқибозлигимни ўзим ҳам билмайман. Ким ютса-ютсин, менга барибир. Майдонга эмас, кўпроқ томошабинларга қарар, гўё уларнинг устидан масхара қилиб кулиб ўтирар эдим. Бир пайт ўнг томондаги дарвозага гол урилди. Аммо голмисан-гол! Қарангки, ҳакам ҳисобга олмади. Мен бундай ноҳақликка чидаб туролмадим: “Ҳакамга кўзойнак беринг!” — деб бақирдим. Бошқалар ҳам менга қўшилди. Шу десангиз, томошабинлардан бири менга қараб: “Ҳакам ҳақ, гол бўлгани йўқ!” — деса бўладими. “Нима деяпсан, бундан ортиқ гол бўладими? Ҳакам ноҳақлик қилди. Нариги жамоадан пора олгани аниқ”, — дедим ён бермай. У одам менга бақириб: “Эсинг жойидами, шунақаям гол бўладими?” — деди. Унга қараб: “Менга қара, ўзинг жиннисан! Агар ҳозир гапингни қайтариб олмасанг…”, — деб ўшқирдим. Стадионга биринчи келишим эди. Шунинг учун футболга ишқибозчиликнинг тартиб-қоидасини яхши билмасдим. Агар ўйин давомида биронтаси сенга: “Жинни”, — деса ҳам аҳамият бериш керак эмас экан. Мен гапимни тугатар-тугатмас ҳалиги одам бурнимга мушт туширди. Гурс этиб ерга йиқилдим. Яхшиям иккимизни ажратиб қўйишди. Йўқса, ҳалиги одам мени ўлдириб қўярди. Ерда ётибман. Оғиз-бурним қонга беланган. Ҳеч бўлмаса ўғлим келиб қўлтиғимдан кўтарар, деб ўйлагандим. Қаёқда дейсиз… Мен унга “Ўғлим, ёрдам бер!” — десам, менга қараб: “Шошманг, дада. Ҳозир. Мана… Мана гол бўлади ҳозир…”, — дейди.

Бурнимга дастрўмолни босиб ўрнимдан турдим. Бу сафар ноҳақлик билан урган голи ҳисобга олинмаган жамоага ичим ачиди. У жамоадаги бирон ўйинчининг оёғига тўп тегиши билан ўзимни тутиб туролмайдиган бўлдим. Гўё тўп менинг оёғим остида. Худди тўпни ўзим тепаётгандек астойдил оёғимни силтайман. Ора-сира ҳушимни йиғиб оламан-да: “Нима бўлаяпти менга, буларга қўшилиб ақлдан озаяпманми?” — дейман ўзимга-ўзим. Хатти-ҳаракатимни назорат қилишга уринаман-у, лекин яна ўзимни йўқотиб, тўп тепаётгандек оёғимни тепага кўтараман. Назаримда, шиддат билан тепсам, тўп рақиб дарвозаси тўрини тешиб ўтиб, ҳавога учиб, ойга бориб етадигандек… Шундай бир ҳаяжон билан оёғимни кўтарган ҳам эдимки, олд қаторда ўтирган одамнинг кетига зарб билан тегди. Дарҳол узр сўрадим. У менга қараб: “Ўйин пайти бўп туради, ҳечқиси йўқ. Сен голга қара, голга!” — деди. У гапини тугатар-тугатмас орқамга кимдир зарб билан тепди. Кўзимдан ўт чиқиб кетди. Англадимки, бу ерда тепиш ҳам, тепки ейиш ҳам айб саналмас экан. Ҳамма истаганча бир-бирини беғараз тепавераркан. Бирининг тепкиси учун “қасд олай” ҳам дейилмас экан. Ҳаяжондан тўп тепяпман деб ўйлаб сени тепиб юбориши одатий ҳол. Кўраяпсизми, Шарофиддин бей, ақлга сиғмайдиган ишлар бу.

Хуллас, тепишиш бошланди. Улар мени тепади, мен эса уларни. Лекин ҳеч кимнинг кўнглида ғараз, ёмон ният йўқ. Мухлислар шунчалик ҳаяжондаки, еган тепкисининг оғриғини ҳам ҳис қилмайди. Шу пайт дарвозамизга гол урилди. Инсофсиз ҳакам бу голни ҳисобга олди. Энди бундай ноҳақликка қандай қилиб чидаш мумкин, айтинг?! Ўзимни ҳечам ушлаб туролмадим. Овозим борича бақирдим. Қўл-оёғим дир-дир титрарди. Ёнимда газ суви сотилаётганди. Шишасини шартта олиб, ҳакамга қаратиб отдим. Яхшиям қўлимга бомба тушмаган экан. Бўлмаса уни ҳам ҳакамга қараб ирғитардим. Бир пайт ғалағовур бошланди. Гол бўлди деганлар билан бўлмади деганлар бир-бирига ташланди. Ур-тўполон, ит эгасини танимайди. Мен ёнимдагини важоҳат билан бир чангаллаган эдим, ўн ёшли бола экан. Хайрият у: “Амаки, мен сизнинг жамоангизданман”, — деб қолди. Болани қўйвордим. Шу пайт кимдир мени дўппослаб кетди. Урганда ҳам шунақанги урардики, худди коптокдек учириб юборарди. Ёрдам кутиб, ўғлимни ахтараман, йўқ. Қарасам, майдонга тушиб, ҳакамни дўппослаяпти. “Полиция!”, — деб бақирсам, полициячилар ҳам бир-бирини уряпти. Улар оломон орасига кириб олган. Бири ўйинчиларни уради, бошқаси томошабинлардан таёқ ейди. Мени дўппос­лаётган одамга қараб: “Ўртоқ, сен қайси жамоадансан, яна иккаламиз бир жамоадан бўлмайлик. Бекордан-бекорга мени ураётган бўлма тағин”, — дедим. Яхшиям шу гапни айтибман. Иккимиз бир жамоанинг мухлиси бўлиб чиқдик. Лекин у одам ғирт инсофсиз экан. “Энди қарши жамоадан кимни топаман”, — деб яна мени муштлай бошлади. Жон ҳолатда унинг қўлидан отилиб чиқдим. Томошабинлардан бири жанжаллашишга одам қолмаганидан, бечора, трибуна ёғочларини тишлайди.

Бирдан ҳамма жимиб қолди. Ўйин янгидан бош­ланди. Жамоамизга руҳ бағишлаш учун: “Я-я-ш-ш-ша! Бизнинг жамоа кўп яша!” — деб бақира бошладик. Охири овозим чиқмай қолди. Ёнимда тунукани ноғора қилиб чалаётган бировга қўшилиб мен ҳам тунукани уришни бошладим. Асл қиёмат ана шундан кейин бошланди. Майдонда икки ўйин­чи бир-бири билан уришиб кетди. Биз, мухлислар ҳам бир-биримизга ташландик. Биттаси мени оёғимдан кўтариб отди. Учиб кетаётганимни биламан. Кейин нима бўлганини эслолмайман. Касалхонада кўзимни очдим.

Шарофиддин бей:

—      Демак, ўша ўйинда шу аҳволга тушибсиз-да, — деди.

— Буниси ҳали ҳолва. Эртаси куни жамоамизнинг ўйини бор экан. Қани энди, ўзимни тўхтата олсам… Биров мени боғлаб қўйса ҳам фойдаси йўқ. Воҳ-воҳ… Ҳамма жойим зирқирайди.

Салмон бейнинг бинтланган қўлидан бир нарса ерга тушди. Эгилиб уни олар экан:

— Бу ўша тунука, — деди у.­ — Бақиравериб овозим бўғилса, тунукани чаламан…

Автобус тўхтади. Бутун танаси бинтланган одам инқиллаб-синқиллаб ўрнидан турди:

— Саломат бўлинг, Шарофиддин бей.

— Энди йўл бўлсин, қаёққа? Шифохонагами?

— Қўйсангиз-чи, қанақа шифохона, футболга! Оҳ! Воҳ! Уҳ! Иҳ!

Турк тилидан Хайрулла ҲАМИДОВ таржимаси

 

 

Fikr bildirish