Кечир бизни, бахтсизлик

Рус адабиётини жаҳон саҳнасига олиб чиққан беназир ижодкорлар, шубҳасиз, Фёдор Достоевский ва Лев Толстойдир. Лев Николаевич ҳақиқатни ижтимоий пўртаналар оқимидаги одамнинг рангин ва зиддиятли виқорида кўрса, Фёдор Михайлович уни изтироб ичида инжалашган инсондан излайди. Ва ЯШАЙМАН деган ниятда кўз очган одамзодга дарднинг тийран ҳамда мунгли нигоҳи орқали боқади. Достоевскийнинг шикас­та қаҳрамонлари билан сирлашаркансиз, ўзингизни таранг тортилган ип устида юраётгандек сезасиз. Узилиб кетса-я, маржондек сочилиб кетган асабларни қандай қилиб яна ипга тизаман? Ўзим ҳам тўзғиб кетмасмиканман?

Настасья Филипповна — таҳқир этилган номус, князь Мышкин — беғуборликнинг баҳосиз бадали, Парфён Рогожин — ёнаётган ғурур, Аглая — қисмати қаро қадрсиз муҳаббат, донкихот Иволгин — кулгининг аянчли туси, дали-қув Лебедев — ўзига мубтало ёлғон, хастажон Ипполит — аламнинг ҳасад томон ўрлаётган қоп-қора тутуни. Ҳатто олижаноб князь Мышкин ҳам, бу ғамзада йигит: “Қандай ўлсам яхши бўлади? Иложи борича, эзгуроқ бўлиб кўринса”, — деб сўраганида, у: “Ёнимиздан ўтиб кетинг, бахтимизни кечиринг”, — деб айтади. Бахт — истеъдод ва муҳаббат каби кечириш қийин бўлган маъсум гуноҳ! Айбсиз айбдорликнинг ажри бу! Банда банданинг бахтини тан олиши, ўзга ўзганинг муҳаб­батини эътироф этиши, инсон инсон истеъдодига иқрор бўлиши жуда мушкул савдо. Одамзод ҳали бу кенгликка қодир эмас. Чунки булар Парвардигор ихтиёридаги ноёб омонат… Эй, воҳ! Қайғунинг қиёфаси бунча кўп бўлмаса! Бу қаҳрамонлар ким? Уларнинг ўтмиши қандай, бугуни-чи, не бўлишидан қатъи назар, сиз изтироб чекаётган инсонга таъзим қиласиз, унга ҳукм ўқишдан, ўзингизнинг даражангизга тушириб қўйишдан тийиласиз. Аслида мутолаадан мақсад ҳам шу эмасми?!

Настасьянинг ҳаётини кул қилган Афанасий Тоцкий — ўз ахлоқсизлигидан тонмайдиган ахлоқсиз. Дарддан мосуво бедаво кибрга хос худбинликнинг олий турқи. Ажабланарлиси, у Настасьяга — ўспирин қизалоққа қилган чексиз ёвузлигини мудҳиш ҳодиса деб билмайди. Аксинча, мен уни тарбияладим, унга мурувват қилдим, дейди ва ўз “марҳамати”га чиндан ишонади! Бу қоқигулбознинг тавба-тазарруси бачкана анфисалар хархашаси билан ўлчанади. Умридаги энг тубан иши деб тантиқ хоним ва ношуд ошиқнинг йиғи-сиғисидан иборат чойгул машмашасини билади. Моҳиятига нигоҳ ташласанг, бор-йўғи “гулдастачи”!

Настасья алам аччиғида айт­ган бўлса-да, ҳақ эди. “Чойгул таққан жаноб”нинг истаги ичи пўк хотин-халажни лол қолдирмоқ ва тўнкафаҳм мардаклардан ўз устунлигини исботламоқ! Тағин у кишим рогожинлардан ҳазар қилади, Мышкинларни одам сиёқида кўрмайди. Бунақа бенаволар билан бир столда ўтириш таъби нозик тўрамнинг тарбияларига тўғри келмайди. Бу расамади пўрим одам билан романнинг дастлабки саҳифаларида учрашасиз, кейин француз маркизасининг этагидан тутганча ғойиб бўлади-қолади.

Лекин мутолаа давомида, гарчи номи тилга олинмаса-да, унга уйғонган нафратингни жиловлаш борган сари қийин кечади. Хоҳ Настасьянинг фарёди бўлсин, хоҳ Рогожин ўкириги, хоҳ Мышкиннинг юракни ачитар маъюс ҳолати бўлсин, ҳатто гўзал Аглаянинг кўз ёшларида ҳам давру давронини суриб юрган ҳурматли афандим Афанасий Ивановичнинг тавозесини кўрасиз.

Парфён Рогожин — Тоцкийлар хор қилган гўзалликнинг фожеий асири, бахтсиз мардум қотилликка келгунча Аёл аталмиш дарду балонинг бор даҳшатини кўради, адо бўлади. Гўзаллик хўрланмасин экан, у хўрландими тамом, ҳўлу қуруқ баробар ёнади. Унинг уволи, хуни оғир келаркан. Жаннат ва жаҳаннам эшиги бирдек очилади, мезонлар йўқолади, каломлар унутилади. Алам алангасида ёнаётган шайтон Раҳмонга тик боқади.

Дарвоқе, Фёдор Михайлович “Ака-ука Карамазовлар” романида ёзган эди: “Гўзаллик нафақат даҳшатли, айни чоғда сирли ҳодисадир. Бу ерда Худо шайтон билан олишади, олишув майдонлари эса, одамларнинг қалби”. Шунинг учун ҳам Рогожин ҳар қанча ваҳшийлашмасин, китобхон худди Мышкин каби донишмандона қалб билан уни кечириб бораверади. Чунки Парфён икки дунёсини ҳам тиккан маҳбубаси Настасьяни эмас, бузуқ ҳирснинг исён бўлиб ёнаётган машъум оқибатини маҳв этади.

Князь Мышкиннинг Рогожинга айтган гапини  кўп эслайман. Суҳбат дин ва Худо мавзусида кечарди. “Эрталаб шаҳарни айлангани чиқдим. Ичиб маст бўлиб олган солдат олдимга келди, эгни афтодаҳол. У: “Барин, мана шу кумуш хочни ол, сотаман, бир танга; кумуш”, — деди. Хочни қўлида ушлаб турибди, лекин кумуш эмас, қалай, ўзи катта, хочни дарров бўйнимга тақдим. Солдат хурсанд: “Калласи йўқ баринни аҳмоқ қилдим”, деб хочнинг пулини ичгани қовоқхонага отланди. Ўзимга-ўзим: “Йўқ, Исони сотиб ичадиганни қораламай тураман. Ичкиликка муккасидан кетган бу шўрликларнинг юрагида нима бор, ёлғиз Худонинг ўзига аён”. Эҳтимол, меҳрибон фарзанд, интизомли ходим, фаол фуқаро, вафодор ёр, яхши ота ёки онадирсиз, бироқ эътиқод моҳиятини, ҲАҚИҚАТнинг қийматини баҳсбозликдан, ташвиқот руҳидаги ваъзлардан ёки басир кўз баҳосидан изласангиз, гўзаллик, етуклик ҳеч қачон сизга ўз рухсорини кўрсатмайди. Маънавий баркамоллик тушунчаси сиз учун кундалик салом-алигу хайр-хўшдан ўзга нарса эмас! Қадриятнинг улуғвор қадрини белгилайдиган мезон — дўппи ва хонатлас! Ҳақиқат эса, бақир-чақир танқидомуз таъкидлигича қолаверади.

Достоевский донишмандликнинг олий шартларини издиҳом телба деб кулаётган ва ачинаётган Мышкиннинг кўксида кўради. Князь ғолибга эмас, мағлубга эгилишни биларди. Оломон ҳукмига ташланган бахтсиз ожизага юксак эҳтиром билан қарашни, мазлумани ачина-ачина севишни, мазахга маҳкум қария Иволгиннинг донкихотча ҳангомаларига тоқат қилишни, жаҳолатни ҳамдардлик билан инкор этишни фақат мискин юракли Мышкинлар эплайди. Чунки у кабилар гўзаллик дунёни қутқаришига ишонарди. Бироқ гўзалликдан мосуво дунё ахийри унинг ўзини абгор қилди, пажмурда жон қилди. Ваҳоланки, гўзалликнинг ўзи ҳимояга муҳтож экан…

Иқбол ҚЎШШАЕВА

 

Fikr bildirish