Кимга машина, кимга эса, бир қучоқ китоб

Иттифоқнинг Конимех тумани кенгаши ҳокимни ёшлар билан учраштирди. Тадбирда қатнашган ўнлаб йигит-қизлар анчадан буён ичини тирнаб келаётган муаммою дардини раҳбарга тўкиб-сочди.

Туман ҳокими Муратхан Эгамқулов ҳар бир саволни диққат билан тинглаб, аксарият мурожаатларга жойида ечим топди.

Масалан, 11-умумтаълим мактаби ўқувчиси Мерей Ибоева дарсдан бўш вақтида бичиш-тикиш сирларини ўрганиш истагида эканини айтиб, атроф­да бу йўналишда биронта ҳам тўгарак йўқлигидан шикоят қилди. Раҳбар тез орада ушбу муаммони бартараф этишга сўз берди. Бундан ташқари, маҳаллий ҳокимлик ҳисобидан Мирейга янги тикув машинаси ҳам олиб берилади.

Болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг кикбоксинг бўйича мураббийи икки нафар шогирди Россияда ўтказиладиган нуфузли мусобақада иштирок этиш йўлланмасини қўлга киритгани, аммо бунинг учун 28 миллион сўм маблағ топилмаётгани ҳақида куйиниб гапирди. Ҳоким бу наврасталарни ҳам қўллаб-қувватлади. Қолаверса, ўқувчиларни тегиш­ли спорт кийимлари билан таъминлашга кўрсатма берди.

Умуман олганда, бу галги “Ҳоким ва ёшлар” учрашуви анча вақтгача ёдда қоладиган бўлди, дейишга асос бор. Сабаби кўпгина ёшларнинг талаб-истаклари қондирилиб, бир қанча таълим муассасалари компьютер жамланмаси, бадиий адабиётлар, спорт анжомлари, тикув машиналарига ҳам эга бўлди.

Тадбир якунида 15 нафар кам таъминланган оила фарзандига махсус совғалар улашилди. Олис ҳудудлардан келган ёшларга эса, Иттифоқ спорт анжомларини тақдим этди.

Малик СИНДОРОВ

 

Fikr bildirish