Кўча чиқиндихона эмас-ку!

Шаҳарда дарсим якунланиб, автобусда қишлоққа қайтаётгандим. Аксарият йўловчилар ўзим тенги болалар. Лекин ёши катталар ҳам бор.

Икки-уч соатлик йўл юришимиз керак. Қош қорайгани учун кўпчиликнинг қорни очган. Баъзилар бироз тамадди қилиб олиш ниятида сумкасидан бир нималар чиқариб ея бошлади. Кимдир писта чақишга тушди. Эҳ, ҳайдовчига ҳам қийин. Ахир, бир кунда автобусга қанчадан-қанча одам чиқиб-тушади. Уларнинг ақл-идроки, маънавий савияси ҳар хил. Фаҳмига борганлар майда-чуйда егуликлардан ҳосил бўлган чиқиндиларни эҳтиёткорлик билан пакетга солиб, бир чеккага олиб қўймоқда. Тушгандан кейин бекат ёки йўл четидаги махсус идишларга ташлаб кетади-да.

Лекин, афсуски, ҳамма бирдай фаросатли эмас. Ўша автобус йўловчилари орасида ҳам беандишалар учради. Масалан, ёнимда ўтирган йигит билан қиз ўзаро суҳбатлашган кўйи писта чақиб кетарди. Иккиси ҳам қўлидаги бир ҳовуч-бир ҳовуч писта пўчоқларини  сездирмайгина автобус ойнасидан улоқтириб юбориши ғашимни келтирди. Бошида гап билан бўлиб, эътиборсизлик қилгандир, деб ўйладим. Бироқ мазкур ҳолат такрорлангач, чидаб туролмай, танбеҳ беришга мажбур бўлдим:

— Бу нима қилганингиз, ҳаммаёқни ифлос қилиб келяпсиз, ахир, ортингиздан ким йиғиштиради?! Устига устак, шамол кўтарилган бўлса. Бунақада писта пўчоқларингиз ҳаммаёққа тарқаб, кўчалар, йўл-йўлак­лар, сув ҳавзаларини ифлослантиради-ку! Турли касалликларнинг келиб чиқиши ана шундан. Экологиямиз ҳам бундан зарар кўрмоқда.

Гапим оғзимда қолиб, йигит бирдан сапчиб кетди:

— Экология ўзи қачон тоза бўлган?! Ундан кейин, бир менми автобусдан нарса улоқтираётган? Боя кимдир сувдан бўшаган идишни отиб юборди-ку.

— Сиз ўзингиз учун жавоб беринг, дўстим, — дедим хунобим ошиб. — Маданиятли одамлар қанча кўпайса, шунча яхши. Виждон амри билан иш тутиш керак. Дуч келган жойга чиқинди ташлаб кетаверадиган инсофсизлар бор экан, тозаликни севувчи инсонларнинг меҳнати бир пул бўлиб қолаверади. Ахир, уйингиз олдига биров ахлат тўкиб кетса, аччиғингиз келмайдими…

Хуллас, нима десам ҳам гапим икки ёшга кор қилмади. Охири ўртага кексалар қўшилиб, уларнинг нотўғри иш қилаётганини тушунтиришга киришди. Сукунатга чўмиб кетаётган автобусда зумда ғала-ғовур кўтарилди. Атрофдагилар йигит-қизга ҳар қанча танбеҳ бермасин, барибир, фойдаси бўлмади. Улар билганидан қолмади. Мен эса, ота-онадан тўғри тарбия олмаган, на ўзи, на бошқаларни ҳурмат қилишни ўрганган ўша тенгқурларимдан уялдим. Эртага улар фарзандига қандай тарбия берар экан-а?! Сиз нима дейсиз?

ШОҲИДБЕК

 

Fikr bildirish