Меҳнат — ягона йўл шу!

Фарзанднинг дунёга келиши ҳар бир оила учун қувонч. Оқ ювиб, оқ тараганингиз жамиятга нафи тегиб, раҳмат келтирадиган инсон бўлиб етишса-ку, ҳаётда армоним йўқ деяверинг.

Қорақалпоғистоннинг Тахиатош шаҳрида туғилиб вояга етган Шаҳодат Жуллибоевага бугун жуда кўп тенгдошлари ҳавас билан қарайди. Нукус давлат педагогика институтининг 2-босқич талабаси жорий йилда Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлди. Ҳарқалай бу йигирма ёшли ўзбек қизи ҳаётидаги ягона ютуқ эмас.

Шаҳодат болаликдан спортга ҳавас қўйган. Эркин курашни танлади — тўққиз ёшида, ўзи, мус­тақил. Аввалига, ота-онаси бу қизиқиши кўпга бормай сўнса керак, деб ўйлади. Ҳар ҳолда, қиз бола бўлса… Бироқ қаҳрамонимиз танлаган йўлидан қайтмади. Охиригача борди, курашди ва енгди — ҳаётда ҳам, гиламда ҳам.

7-синфдан Шаҳодат Нукус олимпия захиралари коллежида таҳсил ола бошлади. Бўлғуси чемпионнинг суяги худди шу мас­канда қотган. Дили-нияти пок, мақсади аниқ одам ҳар қандай шароитда ҳам ишонч­ни оқлашга қодир. Бундайлар Ватаннинг юзини ерга қаратиб қўймайди. Шаҳодатнинг шаҳду шижоати, меҳнатсеварлиги, собитқадамлиги унга муваффақият пиллапоясидан илгарилашда ёрдам берди. Ниҳоят, 2014 йилда ёш спортчи Ўзбекистон чемпиони бўлди. Жорий йилда ҳам мазкур натижани так­рорлаб, Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси томонидан аёллар ўртасида “Йилнинг энг яхши спортчиси” дея эътироф этилди.

Шаҳодат Жуллибоева миллий терма жамоамиз сафида кўплаб халқаро мусобақаларда ҳам муносиб иштирок этмоқда.

— Ҳаракат бўлмаса, орзу ушалмайди, — дейди суҳбатдошимиз. — Бунга ўзимнинг ҳаётим мисол. Машҳур спортчиларга бир умр ҳавас қилиб юриш мумкин. Аммо улардек бўла олиш учун қаттиқ меҳнат қилишинг зарур. Ягона йўли шу! Ҳозир энг бахтли инсонлардан бириман. Чунки Ватаним байроғини жаҳон ареналари узра кўтара олдим. Ҳали мақсадларим бисёр. Асосийси, уларни рўёбга чиқариш учун куч-иродам етарли. Улкан орзуларим мени ортга чекинмасликка, ҳамиша илғор бўлишга ундамоқда. Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлгач, ғайратимга янада ғайрат қўшилди.

Орамизда ўзига ишонган, бор кучини юрт равнақи учун сафарбар этишга тайёр ёшларнинг борлиги кишини беҳад қувонтиради. Улар, сўзсиз, давлатнинг бойлиги. Ва бу авлод қандай улуғвор ишларга қодирлигини ҳали кўп бора исбот этажак.

Шоҳрух ИБОДУЛЛАЕВ

Fikr bildirish