Муттаҳам

Ниҳоят, оқшом соат ўнга яқин ўзим таклиф этилган манзилга илгаридан шунчаки таниш бўлган, бугун эса, кутилмаганда менга қўшилиб, икки соатдан бери кетимдан эргашиб юрган одам билан етиб келдим.

— Хўш! — дедим ва хайрлашишимиз зарурлигини англатиб, чапак чалдим. Олдин ҳам бир неча марта шама қилгандим. Йўқ, жуда чарчаб кетдим.

— Ҳозироқ юқорига чиқасизми? — сўради у мендан тишлари такиллаб.

— Ҳа.

Мен-ку таклиф қилинганман, буни унга аллақачон айтиб қўйгандим. Албатта, ҳозир шу ерда пастда, дарвоза олдида рўпарамдаги мана бу кишининг қулоқларига тикилиб ва оғзимизга толқон солиб, узоқ қолиб кетгандан кўра, жон деб юқорига чиққан бўлардим. Шу тахлит индамай туришимизга ён-атрофимиздаги уйлардан тортиб, то улар узра чўккан шом ва юлдузларгача ҳамдардлик билдираётгандек эди, гўё. Қаёққа бораётгани унчалик ҳам аҳамият касб этмаган кўзга кўринмас сайр қилувчиларнинг қадамлари, қарама-қарши томонда жойлашган кўчанинг пинжига суқилишга уринаётган шамолнинг увиллаши ҳамда аллақаёқдаги хонадон деразалари оша таралаётган граммофон овози жимжитлик қаъридан эшитилиб турарди.

Ҳамроҳим эса, бир илжайди-да, ҳам ўзининг, ҳам менинг қиёфамни бирлаштириб, битта одамга айланди — ўнг қўлини девор бўйлаб юқорига кўтарди ва кўзларини юмиб, деворга суянди. Унинг бу қилиғидан уялиб кетдим. Чунки шу орқали муттаҳам экани шундоққина фош бўлди-қолди. Бир неча ойдан буён шаҳарда бунақанги фирибгарларни кўравериб, уларнинг кечалари ён кўчалардан чиқиб келиб, худди ресторан, меҳмонхона ёки қовоқхона хўжайинига ўхшаб мулозамат қилишларига кўникиб қолгандим. Афишалар ёпиштирилган устунлар олдида турганимизда улар атрофда айланиб юриб, бизни кўз қири билан ўғринча пойларди. Чорраҳадан ўтишимиз билан йўлак четида бирданига пайдо бўлиб қолиши-чи!

Хуллас, мен уларни яхши билардим. Ахир, шаҳардаги мўъжазгина ресторан, майхона ва меҳмонхоналарда илк бор учратиб, таниганларим шулар эди-да. Кўринишдан шунақанги гапга кўнмас одамлар бўлардики, ҳозир буни ҳис қилиб, қаерда турганимни ҳам билмай қолдим. Ўзи улардан қочиб, тутқич бермай юрсанг-у, олдингдан лоп этиб чиқиб туришини қара! Бирпас тин олмайди, йиқилиб ҳам қолмайди, узоқдан бўлса-да, бир қарадими, измига солмай қўймайди! Битта усулни топиб олган: оёқларини кериб, олдингда “Манаман”, деб туриб олади; бирор ерга бормоқчи бўлсанг, йўлдан уради; эвазига эса, сен учун дилида уй тайёрлаб қўяди. Шуларни кўргач, одамда ҳиссиёт пайдо бўлади, буни қучоқ очиш деб ўйлаб, сенга ташланади.

Мана, ҳозир бунақа эски ҳазилларни сезиб қолдим. Сир бой бермай, бармоқларим учларини бир-бирига ишқалай бошладим. Бу одам эса, суянганича миқ этмай, ўзини ҳамон фирибгардек тутарди. Ниҳоят, тақдирга тан бердими, бети бирдан қизариб, бўзарди.

— Танидим! — дедим ўзимга-ўзим ва унинг елкасига енгил туртиб қўйдим. Сўнгра зинадан тез юқорига чиқдим, қабулхонада турган хизматкорларнинг юз-кўзидаги асоссиз садоқат ифодасидан севиниб кетдим. Улар пальтомни ечиб, этигимнинг чангини ҳам артиб қўйди. Сўнг енгил нафас олиб, залга кирдим.

Немис тилидан

Мирзаали АКБАРОВ таржимаси.

Fikr bildirish