Омад унга ёр

Мамлакатнинг бойлиги эл фаровонлиги, одамларнинг завқ ила тўкин ҳаёт кечиришидадир. Бу йўлда давлатимиз салмоқли қадамлар ташлаб бормоқда. Инчунин, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка эътибор катта. Шу боис иқтисодиёт тармоқларида хусусий секторнинг улуши анчайин ортган.

Бунда ўқиб, изланишдан тўхтамайдиган, шижоатли ёшларнинг ҳам муносиб ҳиссаси бор. Навоийлик Азиз Сувонов ана шундай ишбилармон йигит-қизларлардан бири.

Тенгдошимиз серқирра тадбиркор. Иссиқхонасида турли сабзавотлар баравж етилмоқда. Меҳмонхона ва уй-жой қурилиши хизматларини ҳам йўлга қўйган. Ҳозир қўл остида 200 нафардан ортиқ ишчи-ходим меҳнат қиляпти.

Йигирма гектар бўз ерни ўзлаштириб, узумзорга айлантирган бу йигит яқинда яна юз гектар майдонда боғ яратишни ният қилган. Бундан ташқари паррандачилик йўналишида ҳам яхшигина тажриба тўплади. Мини фермасида жўжалар 90 кунлик давригача боқилиб, шундан аҳолига тухум ва сифатли гўшт маҳсулотлари етказиб берилмоқда.

— Мен Президентимизнинг ҳар бир маърузасини диққат билан тинглаб, мағзини чақаман, — дейди Азизбек. — Юртимизда халқ манфаатлари устувор экани — фахримиз. Тадбиркорликка ҳам кенг йўл очилди. Бизга қулай имконият ва шароитлар яратиб бериляпти. Ҳалол меҳнат орқали бунга муносиб жавоб қайтара олсак, бас. Келгусида фаолиятимни кенгайтириб, қўшимча иш ўринларини яратмоқчиман. Маҳсулотларни хорижга экспорт қилишни ҳам мўлжаллаб қўйдим.

 Малик СИНДОРОВ

Fikr bildirish