Уч олим ва бир оми (“Панчатантра”*дан парча)

Урду тилидан Моҳира УМАРОВА таржимаси.

Қадим замонда тўрт иноқ дўст яшар эди. Улар бир-бирини жуда қадрлар ва асосий вақтини бирга ўтказарди.

Дўстларнинг уч нафари ўқимишли бўлиб, ўзларича шу қадар доно эдики, гўё дун­ёда улар билмайдиган нарса йўқдек. Шунга қарамай, уларга озгина зийраклик етишмасди. Тўртинчиси эса, саводсиз бўлса-да, жуда зийрак экан.

Бир куни дўстлар тўп­ланиб, ҳаётини қай тарзда яхшилаш мумкинлиги ҳақида бош қотира бошлабди. Суҳбат чоғида олимлардан бири деди: “Биз дунё кезиб, бой зодагонларга дўст тутинишимиз керак. Шунда осонликча бойиб кетамиз”. Бу гап ҳаммага “мойдек” ёқиб тушди. Лекин иккинчи олим ўйланиб деди: “Тўхтанглар, дунё илмларини эгаллаган фақат учовимиз! Омадимиз чопса, тўртинчи дўстимизнинг ҳоли не кечар экан? Ахир, у ғирт саводсиз-ку!”. Ўша оми дўстни уйга ташлаб кетишга қарор қилаётганларида бошқа бир олим дўстига нисбатан бундай муносабатда бўлиш адолатдан эмаслигини уқтирибди. Сўнгра улар саводсиз дўстига қараб: “Сен ҳам биз билан бирга юр, нимагаки эришсак, сенинг ҳам ҳиссанг қўшилади”, — дебди.

Шундай қилиб тўртовлон узоқ сафарга отланибди. Йўл юрибди, йўл юрса ҳам мўл юрибди. Охири қалин ўрмонга етиб келибди. Қарасалар, у ерда суяклар сочилиб ётибди. “Булар аллақандай жониворнинг суяклари бўлса керак. Ҳозир маҳоратимизни намойиш этиш учун жуда қулай фурсат. Келинг, махлуқни тирилтирамиз. Мен унинг суякларини йиғиб, қоматини тиклайман”, — дебди дўстлардан бири. Бошқаси эса: “Мен танасини гўшт ва қонга тўлдириб, эт билан қоплайман”, — деса, учинчи олим жониворга жон ато эта олишини айтибди.

Хуллас, ҳамма ўз кароматини кўрсатишга киришибди. Шу пайт саводсиз дўсти уларни тўхтатиб шундай дебди:

— Унга жон ато этмай туринглар! Ахир, кўрмаяпсизми, бу шер-ку! Нима, шерни тирилтирмоқчимисиз?

Олимлар ундан хафа бўлибди. “Эй аҳмоқ! Ҳали сен илмимизга шубҳа қиляпсанми?! Ҳайвонга жон киритишимиз биланоқ, уни қўйиб юборамиз”.

— Майли, билгани­нгизни қилинг. Лекин бир дақиқа шошмай турсангиз, — дея саводсиз йигит баланд дарахтга чиқиб олибди. Олимлар ҳайвонга жон киритибди. Баҳайбат махлуқ бор овозда ўкириб, ҳаммасини ямлаб ютиб юборибди. Шер кўздан ғойиб бўлгач, тўртинчи дўст дарахтдан тушиб, ғамга ботганча уйига равона бўлибди.

Қиссадан ҳисса шуки, фаросатсиз фалокатга йўлиқар. Кўп ўқиган олим бўлса, кўпни кўрган доно бўлур.

 

* Санскрит ёзма адабиёти ёдгорлиги.

 

Fikr bildirish