Фахрлансак арзийди

Юртимизнинг сайёҳлик имкониятлари беқиёс. Ҳозир уларнинг жуда оз қисмидан фойдалана оляпмиз, холос. Шунга қарамай, жаҳонга машҳур туристик марказларимиз билан бемалол фахрлансак арзийди. Улардан бири рўйи замин сайқали Самарқанддир.

Самарқанд инсон ўз умри давомида ҳеч бўлмаганда бир марта бориб кўриши шарт бўлган дунёнинг эллик шаҳридан бири саналади. Яқинда эса, Австралия­даги “Skyscanner” ахборот портали экспертлари бу кўҳна кентни сайёрамизнинг 15 та энг гўзал гўшалари қаторига киритди.

Бугунги кунда вилоятда 85 та турис­тик фирма, 107 та меҳмонхона фаолият кўрсатмоқда. Улар 4 минг 500 нафарга яқин сайёҳга хизмат кўрсатиш имкониятига эга.

Самарқанд Юрмала (Латвия), Кенжу (Корея), Флоренция (Италия), Красноярск ва Самара (Россия), Рио-де-Жанейро (Бразилия), Лахор (Покистон), Львов (Украина), Льеж (Бельгия), Пловдив (Болгария), Банда-Ачех (Индонезия), Лион (Франция), Бремен (Германия), Кайруан (Тунис), Мехико (Мексика) каби дунёнинг йигирмага яқин шаҳри билан биродарлашган. Жорий йилда улар сафига Испаниянинг Валенсия, Япониянинг Нара, Туркиянинг Истанбул шаҳарлари қўшилади.

Роҳатой Қодирова

 

Fikr bildirish